Ҳозирда илмий ишланма ва технологик янгиликлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини боғловчи бош механизмга айланмоқда. Инновациялар ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар даражасидаги муҳокамалар мавзуси бўлгани ҳолда деярли барча соҳаларда қўлланилиб, иқтисодий ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиб улгурди.
Шу ўринда Ўзбекистон хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирар экан, инновацияларсиз жаҳон бозорларида рақобатбардошликка эришиб бўлмаслиги тобора ойдинлашмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Тадқиқотларни жаҳон даражасида ўтказиш, халқаро алоқаларни ривожлантириш ишлари тизимли йўлга қўйилди. Хусусан, вазирлик фаолияти самарадорлигини ошириш ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш мақсадида Германия, АҚШ, Қозоғистон, Австриядан юқори малакали хорижий мутахассислар маслаҳатчи сифатида вазирликка жалб қилинди.
Дунёнинг бир қатор давлатлари билан фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар имзоланди. Германия, Россия, Белоруссия, Ҳиндистон, Хитой, Корея Республикалари билан имзоланган битимлар шулар жумласидандир.
Битимлар доирасида Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигида 2018-2021 йиллар мобайнида вазирлик томонидан Беларусь Республикаси илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларида 180дан ортиқ олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаси амалга оширилиб, Беларусь Миллий фанлар академияси таркибидаги институтларга юборилган 8 нафар тадқиқотчи аспирантурада ўқиди.
Германия олимлари билан ўтказилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Германия томонидан 2 миллион евро ажратилди. Шунингдек, Ҳиндистон ва Хитой олимлари билан ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Илмий-тадқиқотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида мамлакатимизнинг Халқаро технопарклар уюшмаси (IASP)га аъзо бўлиши бўйича келишувга эришилди. Мазкур ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун халқаро инновациялар ва технопарклар платформасига интеграциялашувни таъминлайди.
Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш йўналишида 2020 йил июнь ойида «Орол денгизи минтақасининг шўрланган ерларида инновацион стартап танлови» эълон қилинди. Танлов Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) томонидан молиялаштирилмоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи бўйича Резолюцияси асосида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан биридир.
Таъкидлаш жоизки, 2018-2020 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жами 50 га яқин халқаро тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 ва 2020 йилларда «The Global Education and Leadership Foundation» жамғармаси (Ҳиндистон) билан ҳамкорликда «Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионати» (Entrepreneurship World Cup)нинг миллий саралаш босқичи ўтказилди. 2019 йилги натижага кўра «Agroport Jizzakh» корхонаси ғолибликни қўлга киритди.
Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатининг халқаро супер-финали саралаш босқичларида 187 мамлакатдан иштирок этган 102 938 нафар стартап жамоалари орасидан Ўзбекистон стартап жамоаси энг яхши 10 та жамоа қаторига кирди.
Шунингдек, инновациялар юқори даражада ривожланган Корея Республикаси, Япония, БАА, Германия ва бошқа шу каби давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда халқаро тренинглар, стартап лойиҳалар танловлари, маҳорат дарслари ташкиллаштирилди. Тадбирларда дунёнинг етакчи олимлари, хусусан, Нобель мукофоти совриндори Дан Шехтман, латвиялик инноватор Питер Вестербака, «Сколково» Инновация маркази раиси Аркадий Дворкович каби жаҳон миқёсида таниқли бўлган шахслар иштирок этди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан энергетика, хусусан, қайта тикланувчи энергия йўналишида илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилиб, ушбу йўналишда вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан Western Digital, UzAuto Motors PowerTrain, Yaran Consalting, Profi Training, Pak-Vartanyan & Partners, Siymo, VRonica ва бошқа кўплаб маҳаллий ва халқаро компаниялар мутахассислари иштирокида 40 дан зиёд веб-семинарлар ўтказилди.
Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов, Буюк Британия, Миср, Италия, Венгрия, Қозоғистон, Исроил каби давлатларнинг элчилари, юқори мартабали меҳмонлардан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши бош котиби Б.Амреев, Қозоғистон бош вазири ўринбосари Е.Тугжанов, Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири П.Сийярто, «Сколково» жамғармаси раиси А.Дворкович билан учрашув ва музокаралар давомида қатор келишувларга эришилди.
Феруза ХОДЖАЕВА,
«Илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш» бошқармаси бошлиғи