Ilg‘or texnologiyalar

Инновaцион экотизимни ривожлaнтириш технологик плaтформaси

1/2022

 
     Инсоният тараққиётида илм-фаннинг етакчи роли унинг давлат устуворликлари тизимидаги ўрнини белгилаб беради. Бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатлари илм-фанни ривожлантиришни давлат аҳамия­тига молик энг муҳим стратегик вазифа, деб билади ва бундан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Бу масалада илм-фаннинг мамлакат тараққиёти­даги ролини ошириш, илғор технологиялар ўқув-тажриба маркази фаолиятини ривожлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини, янги билимларни шакллантириш ва қўллашни фаоллаштириш учун шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ Юқо­ри технологиялар ўқув-тажриба маркази ташкил этилди. Марказ Ўзбе­кистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 апрелдаги 3674-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига айлантирилди.
     Марказ таркибида 4 та лаборатория фаолият юритади. Биотехнология лабораториясининг асосий йўналиши генетик муҳандислик, унда фармацевтика, озиқ-овқат саноати ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун рекомбинант оқсил ва пептид препаратларини ишлаб чиқа­риш, ирсий ва бошқа касалликларнинг молекуляр генетик тадқиқотла­ри, фармакогеномика, микробиология, биомедицина, метаболомика, фудомикс ва кимёметрик тадқиқот­лар олиб борилади.
     Экспериментал биофизика лабораторияси биологик фаол бирикмаларнинг молекуляр таъсир механизмларини текшириш, патология ривожланишининг молекуляр ва мембранавий механизмлари, ҳужай­рали биотиббиёт технологиялари, ўсимликларнинг адаптив реакциясини шакллантириш механизмлари ва атроф-муҳит ҳолатини кузатиш усулларини ишлаб чиқишга қара­тилган.
     Физикавий ва кимёвий тадқи­қотлар лабораторияси ноорганик материалшунослик, нанотехнология, оптика бўйича тадқиқотлар олиб боради, шунингдек, у жиклёрлар, инжекторлар олиш технологияларини ишлаб чиқишга ҳамда кон, металлургия, автомобилсозлик, яримўтказгич, кимё ва озиқ-овқат саноати учун мураккаб ноорганик ва органик бирикмаларнинг элементар, фазали, молекуляр ва микроструктуравий таҳлилини тадқиқ этишнинг замонавий комплекс аналитик усулларини қўллашга йўналтирилган.
     Геофизика ва наноминералогия лабораторияси мутахассислари сейсмик қидирув, электр қидирув, маг­нит-қидирув, гравитациявий қиди­рув, қудуқларнинг геофизик тадқи­қотлари, радиометрия, ядро геофизикаси ва иссиқликни ўлчаш, шунингдек, ультрадисперс чўкмаларнинг мах­сус хоссалари ҳамда ўлчами камида битта ўлчовда наношкалага киритилган қимматбаҳо металлар табиий ва техноген бирикмаларининг физик-кимёвий хоссаларини ўрганиш билан шуғулланади.
     Марказда ёш олимлар ва талабалар билан бир қаторда таниқли олимлар, тадқиқотчилар, саноат вакиллари, жами 124 нафар ходим фаолият олиб бориб, уларнинг 82 нафари илмий ходим, 19 нафари фан доктори, 27 нафари фан номзоди ва PhD илмий унвонига эга мутахассилардир.
     Марказ фаолияти давомида 62 та миллий ва 4 та халқаро илмий ло­йиҳаларни амалга оширди. Aйни пайтда Ислом тараққиёт банкининг биотехнологияни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқ­да, тадқиқотчилар алмашинуви учун Копенгаген университети ва Шанхай MateriaMedica институти билан 2 та саёҳат гранти ажратилди. Марказ Nature, Nature Communications, Scientific Reports каби етакчи илмий журналларида чоп этилган нашрлар сони бўйича республикада етакчи ҳисобланади.
     COVID-19 пандемияси дунё ми­қёсида фан ва унинг имкониятларидан фойдаланиш ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирди. Инновацион ривожланиш вазирлигининг буюртмасига кўра 2020 йил февраль ойида олимлар маҳаллий тест тизимини ишлаб чиқишга киришиб, март ойи­нинг охирида марказ биотехнологлари гуруҳи ПЗР усулида COVID-19 вируси геномининг уч қисмини таҳ­лил қилишга асосланган, бошқа аналог­лардан ажралиб турадиган тест тизимини ишлаб чиқишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги 6198-сонли фармонидаги коронавирус инфекциясига қар­ши маҳаллий вакцинани ишлаб чи­қиш бўйича топшириқни бажариш мақсадида усуллардан фойдаланган ҳолда коронавирусга қарши рекомбинант оқсил вакцинасини олишнинг биокимёвий усуллари бўйича 8 та конструкция, коронавирусга қарши ДНК вакцинасини олиш учун 2 та вектор конструкция, электропорация мосламаси ва мақсадли компонентни тозалаш технологияси яратилди. Коронавирусга қарши ишлаб чиқил­ган рекомбинант оқсил вакцинаси ЖССТ вакцина номзодлари рўйхатига киритилди.
     Ўзбекистонда кенг тарқалган коронавирус геномининг генетик кетма-кетлиги 2020 йил апрель ойида илк бор ўрганилиб, эндиликда кетма-кетлик натижалари доимий асосда халқаро маълумотлар базасига киритиладиган бўлди.
Илғор технологиялар маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институти ва Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd (КНР) ўртасидаги келишуви асосида Марказ раҳбарлигида Хитой Фанлар академияси Микробиология институти, Sinopharm Group и Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компаниялари томонидан ишлаб чиқилган коронавирус вакцинасининг III бос­қич клиник синовлари ташкил этилди. Синовларда жами 7 минг нафар ўзбекистонлик кўнгилли иштирок этди. Клиник синовларга қўшган ҳис­саси ҳисобга олиниб, Ўзбекистон ко­ронавирусга қарши вакцинанинг ҳаммуаллифи сифатида тан олинди.
     Илғор Технологиялар Маркази ташаббуси билан илм-фан, бизнес ва инновациялар интеграцияси учун шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистонда биринчи марта табиий фанлар соҳасида стартап лойиҳалари учун CАТ Science Accelerator яратилди. У ёш олимларни тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш, стартаплар учун бизнес-моделлар ва лабораториялар яратиш, лойиҳаларни тижоратлаштиришга, дастлабки 2-3 йилда сармояларни жалб этиш ва қулай шароитлар яратишга кўмаклашади.
     2018 йилда АҚШ элчихонаси кўмагида ёш стартап-компаниялар учун GITS («Фан ва технология орқа­ли глобал инновациялар») минтақа­вий стартап тренинги ўтказилди ва 2019 йилдан бошлаб Илғор технологиялар маркази халқаро инновациялар тармоғининг бир қисми ҳи­собланади.
 
 
Юлия ЛЕВИЦКАЯ,
Илғор технологиялар маркази илмий котиби

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.