Ижтимоий тараққиётни таъминлашда инновацион фаолиятнинг роли

1/2022

 
   Дунё миқёсида турмуш сифати ва ижтимоий тарақ­қиёт аҳоли жон бошига ЯИМнинг ўсиш суръатларидан кўра илгарилаб ўс­моқда. Бунинг сабабларидан бири шундаки, билимлар, инновациялар ва ғояларнинг оммалашуви турмуш сифатининг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Инновациялар кундалик турмуш тарзимизга жадаллик билан кириб келиб, у қамраб олмаган соҳа йўқ ҳисоби. Мисол учун, соғ­лиқни сақлаш соҳасидаги иннова­циялар ҳаётнинг давомийлигини ошириши, турли касалликлардан сақла­ниш даражасини ошириши мумкин. Ахборот технологиялари ёки гаджетлар со­ҳасидаги илмий ютуқ­лар ҳаё­тимиз­ни енгиллаштириши барчага аён ҳа­қиқат.
   Давлат ва хусусий сектор томонидан Илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик (ИТТКИ)га инвестицияларнинг киритилиши инновацион рақобат­бардошликни кучайтириш имконини беради. Масалан, олимлар Ray ва Linden (2020) 1995-2014 йиллар даври учун 195 та мамлакат бўйича маълумотлардан фойдаланган ҳолда, ҳа­ётнинг кутилаётган давомийлиги детерминантларини тадқиқ қи­лишди. Тадқиқот жараёни бошқа омиллар билан бир қаторда ИТТКИ харажатлари инсон умрининг ошишига ижобий таъсирини кўрсатди. Лихтенберг (2005) 1982 йилдан 2001 йилгача бўлган даврда 52 та мамлакатда янги дори воситасини муомалага киритишнинг ҳаёт давомийлигига таъсирини баҳолади. Эконометрик маълумотлар янги дорининг муомалага киритилиши ҳаёт­нинг да­вомийлигини тахминан 7 кунга оширишини тасдиқлади.
   Шунингдек, инновациялар (ИТТКИ харажатлари билан ифодаланган) иқтисодий ўсишга ҳам бевосита ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, Wang et al. (2013) 1991-2006 йиллар даврида ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва та­раққиёт ташкилоти) ва Тайванда инновацион тармоқ­лардаги ИТТКИ харажатлари билан ЯИМнинг ўсиши ўртасидаги ўзаро боғлиқликни тадқиқ этди. Тадқиқотда айтилишича, энг катта самара ўртача даражали даромадга эга бўлган мамлакатларда ку­затил­моқда. Гумус ва Челикай (2015) 1996-2010 йиллар даврида 52 та мамлакатда ИТТКИ харажатлари билан иқтисодий ўсиш ўртасидаги ўзаро боғ­лиқликни тад­қиқ этишди. Эконометрик таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, инновациялар узоқ муддатли истиқболда иқтисодий ривожланишга сезиларли даражада ижобий таъсир қилади. Szarowská (2017) 1995-2013 йилларда Европа Иттифо­қига аъзо 20 та мамлакатнинг иқтисодий ўсиши учун тадқиқотларга давлат харажатларининг аҳамиятини баҳолади. Тадқи­қотда таъкидланишича, инновацияларга давлат харажатлари Европада иқтисодий ўсишнинг ҳал қилув­чи омили ҳисобланади. Бундан таш­қари ички инвестициялар ва инсон капитали ҳам ЯИМнинг ўсиши билан ижобий боғлиқ. Бошқа бир тадқиқот ИТТКИ харажатларини бар­қарор ­ривожланиш билан боғ­лайди. Fernándezetal (2018) 1990-2013 йиллар даврида Европа Иттифоқи, АҚШ ва Хитойда ИТТКИ харажатлари билан карбонат ангидрид гази (CО2) ташланмалари ўртасидаги ўзаро боғ­лиқликни тадқиқ этди. OLSнинг регрессион баҳосидан фойдаланган ҳол­да тадқиқот шуни кўрсат­моқдаки, инновацияларга харажатлар CО2 таш­ланмалари камайишига олиб кел­моқда ва бу билан экологик барқа­рорликка ҳисса қў­шади.
   Ушбу илмий мақоладан мақсад инновациялар бўйича ўзаро боғлан­ган тадқиқотларни бир неча йўллар билан кенгайтириш. Биринчидан, имкон қадар дунёнинг кўплаб мамлакатларида ИТТКИ харажатлари би­лан ижтимоий тараққиёт ўртасидаги боғлиқликка эътибор қаратамиз. Бу инновацияларнинг ижтимоий фаровонликка таъсир қилиш-қилмасли­гини текшириш имконини беради. Иккинчидан, инновацияларнинг тўғ­ридан тўғри таъсири таълим ёки иқтисодий ривожланиш билан аралаш кетмаганини текшириш учун ин­сон капиталининг сифати, урбанизация ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳ­сулот каби омилларнинг таъсирини ҳисобга оламиз. Бизнинг натижаларимиз шуни кўрсатмоқда­ки, инновациялар (ИТТКИ харажатлари) ижтимоий тараққиёт индекси (SPI) билан катта ижобий боғлиқлик­ка эга. Хусусан, Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини ўртача даражадан юқори даромадга эга бўлган мамлакатлар даражасигача оширсагина, ижтимоий индекс қарийб 20 бандга ўсиши мумкин.
   Тадқиқот маълумотлари 2019-2020 йиллар учун 13 та мамлакатларни қамраб олади. Тадқиқотда Social Progress Imperative нинг ижтимоий тараққиёт индекси (SPI) мустақил ўзгарувчи бирлик бўлиб хизмат қилади. Индекс учта ўлчов бўйича ўлчанади: инсоннинг асосий эҳтиёжлари, фаровонлик асоси ва имкониятлар. У 0 дан 100 гача ора­лиқда ўзгариб туради, бунда юқори баллар энг яхши ижтимоий тарақ­қиётни акс эттиради. Асосий муста­қил ўзгарувчи – бу ялпи ички маҳ­сулотдан фоиз ҳисобида ИТТКИ харажатлари (танлов миқдо­рини максимал даражада ошириш мақсадида 1996-2019 йиллар учун ўртача ҳисоб­ланган кўрсаткичлар).
   ИТТКИ харажатларидан эса миллий инновация­лар кўрсаткичи сифатида фойдаланамиз. Маълумотлар Жаҳон банкидан олинган. Шунингдек, ижтимоий тарақ­қиётни ҳара­кат­ланти­рувчи кучлари ҳисоблана­диган ва тушириб қол­дирилган ўзгарувчиларнинг систематик хатосини камайтиришимизга ёрдам берадиган бир қатор ўзгарувчиларни ҳам киритамиз. Жаҳон банкидан аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни (иқтисодий ривожланиш кўрсаткичи), Жаҳон банкидан урбанизация даражасини (демографик ўзгариш­лар кўрсаткичи), БМТдан таълим индексини (инсон капитали кўрсаткичи) ва Heritage Foundation­дан иқтисодий эркинлик индексини (EFI) (институтлар сифати кўрсаткичи) ҳисобга оламиз.
   Ўзбекистон агар ИТТКИга харажатлари, аҳоли жон бошига ЯИМ, урбанизация, таълим индекси ва EFIни ўртача даражадан юқори даромадга эга бўлган мамлакатлар даражасигача ошира олган тақдирдаги, ижтимоий тараққиёт индексининг эталон прогнозини қил­дик. 2-жад­валдаги коэффициентлар SPI 65 дан 84,3 гача ошади, деб тахмин қили­нади (Мальтa даражасига қадар).
   «Саноатлаштириш 4.0» феномени шароитида мамлакатларнинг уг­лерод изини қисқартириш ва аҳоли турмушининг сифати ошишига интилиши – барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда инновацион иқтисодий ривожланиш устувор постулатга айланади. Ҳозирги ўн йилликнинг асосий муаммолари табиий-иқлимий ўзгаришлар оқибат­ларини қисқартирган ҳолда барқарор ривожланишни таъминлаш имконини берадиган иқтисодий ўсиш суръ­атларини рағбатлантиришдан иборат. Жорий йилда инновацион иқтисодий ривожланиш узоқ муддатли иқтисодий ривожланишнинг зарурий шартига айланади. Технология ва инсон капиталига инвестициялар саноат, инфратузилма, транспорт ва соғ­лиқни сақлаш тизимини ўзгартиришнинг асосий омили бўлиши керак. Ўз навбатида, бу бизга атроф-муҳитга энг кам зарар етказадиган, энергия жиҳатидан самарадор иқтисодий ўсиш моделига ўтиш имконини беради. Жумладан, дунёдаги карбонат ангидрид гази ташланмаларининг 87 фоизи анъанавий энергия манбаларидан фойдаланишга тўғри келади.
   Ўзбекистон раҳбарияти узоқ муддатли барқарор ўсишнинг омили сифатида инновация ва илм-фаннинг му­ҳимлигини алоҳида таъкидламоқ­да. Президентимизнинг ПҚ-3365-сонли қарори билан 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳ­кам­лаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқлан­ди. Дас­турга кўра 2018-2021 йилларда илмий ташкилотларни илмий-лаборатория ускуналари билан жи­ҳозлаш учун 32,3 млн. АҚШ доллари, илмий ташкилотларнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун 116 млрд. сўмни йўналтириш режалаш­тирил­ган. Илмий инфратузилманинг мус­таҳкамланиши илмий ташкилотлар ва олий ўқув юртлари, тадқиқот марказларининг илмий-тадқиқот са­ло­ҳиятини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Инновацион фаолият натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, 2018-2020 йилларда фан ва илмий фаолият соҳасини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан 1,423 миллиард сўм ажратилган, битта илмий лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган маблағ миқдори 3,5 баробар ошди, шунинг 40 фоизи илмий лаборатория асбоб-ускуналари, асбоблари ва сарфланадиган материалларини сотиб олиш учун мўлжалланган ва 2021 йилга келиб фанга сарфланадиган харажатлар улушини ЯИМнинг 0,8 фоизигача режали ошириш кўзда тутилмоқ­да. Илғор жаҳон тажрибаси асосида илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун давлат буюртмасини шакллантиришнинг янги механизми жорий этилгани бу борада дастуриламал бўлмоқда.
 
 
Рауфхон САЛОҲЎЖАЕВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти, ERGO директори

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.