Kadrlar masalasi

Комбинатда кадрлар сиёсати долзарб масала

2/2022

 
     Меҳнат бозорида ҳар қандай одамни барқарор ойлик маош тўлайдиган, қулай меҳнат шароитлари бор ҳамда ижтимоий имтиёзлар пакетини тақдим эта оладиган корхона-ташкилот қизиқтириши бор гап.
     Йирик саноат корхонаси бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ҳам юқоридаги омиллар мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу корхонада меҳнат қилиш истагида бўлган талабгорлар ҳар доим кўпчиликни ташкил этган.
     Олмалиқ кон-металлургия комбинатида кадрлар сиёсати, ишга кириш тартиб-қоидалари бўйича қуйида батафсил танишасиз.
     Барчамизга маълумки, Олма­лиқ кон-металлургия комбинати юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этувчи йирик саноат корхонаси ҳисобланади. 70 йилдан ортиқ фаолият юритиб келаётган комбинат бугунги кунгача жаҳон бозорида ўзининг ўрнини тўлиқ сақлаб келмоқда.
Барча корхона ва ташкилотларда бўлганидек, комбинатда ҳам ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш, узлуксиз ва бир маромда ишлаши, иқтисодий кўрсатгичларини юқори чўққиларга олиб чиқишда малакали, билимли ва ўз ишининг устаси бўлган кадрлар асосий омил бўлиб хисобланади.
     Комбинатдаги бўш иш ўринлари бўйича маълумотлар онлайн равишда комбинатнинг расмий веб-сайтида, интернет тармоқларида, Facebook, Telegram каналлари ор­қали эълон қилиб борилади. Кадрларни ишга қабул қилишда ҳужжат­ларни танлаш жараёни тўлиқ интернет орқали онлайн тартибда инсон омили иштирок этмаган холда амалга оширилади. Шунингдек комбинатнинг ходимлар масалалари бўйича фахрийлар кенгаши аъзолари ва етак­чи мутахассислардан иборат доимий комиссия томонидан якуний хулоса берилади.
     Шу ўринда таъкидлаш лозимки, комбинатда кадрларни танлаш, раҳ­барлик, муҳандис-техник лавозимларга тайинлаш, ишга қабул жараёнларининг барчаси комиссиявий ташкил этилиб, талабчанлик, синчковлик, ошкоралик ва шаффофлик та­мо­йиллари асосида ўтказилади. Си­нов­лардан мувафаққиятли ўтган кадрларнинг барчаси мутахассисликлари бўйича «Устоз-шогирд» анъаналарига мувофиқ комбинатда узоқ йиллардан буён самарали меҳ­нат қилиб келаётган малакали ишчи-ходимларга бириктирилади. Устоз­лар ўзларининг билим ва кўникмаларини, ҳаё­тий тажрибаларини ёш ходимларга босқичма-босқич ўргатиб боришади.
     2022 йил 1 апрель ҳолатига ишчи-ходимларнинг умумий сони 38 295 нафарни ташкил этиб, уларнинг 5 303 нафари муҳандис-техник ходимлар, 32 992 нафари ишчи-ходим, 30 ёшгача бўлган ходимлар сони 13 398 нафарни ташкил этади. Кадрларнинг сифат кўрсаткичларига тўхталадиган бўлсак, олий маълумотга эга бўлган ходимлар 6 327 нафарни, ўрта-махсус маълумотга эга бўл­ган 23 338 нафарни ташкил этади. Комбинат ходимларининг ўртача ёши 37 ёшни ташкил этиб, 36 миллат ва элат вакиллари фаолият олиб боришади. Охирги 5 йил давомида комбинат ишчи-ходимларининг сони 7 264 нафарга ортган.
     Комбинат кўп тармоқли саноат корхонаси бўлганлиги сабабли барча касблар ва йўналишларда мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини доимий равишда ошириб бориш муҳим омил саналади. Шу боис комбинатнинг ишчи кучи, малакали мутахассисга бўлган эҳтиёжи асосан юртимиздаги барча олий таълим муассасалари, жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Россия Фе­дерациясининг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси «­МИСиС» Миллий технологик тадқи­қот­лар университети, Тошкент Архитектура ва қурилиш институти ҳамда Олмалиқ кон-металлургия коллежлари «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга бириктирилган ва яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
     Мазкур таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга қабул қилиш жараёнида комбинат эҳтиё­жидан келиб чиққан ҳолда уларнинг эгаллаган билим ва кўникмалари, ўзлаштириш кўрсаткичлари тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб суҳбат, имтиҳон синовлари ташкил этилади ва энг муносиблари саралаб олинади.
     Олий таълим муассасаларининг 2021 йил битирувчиларининг 133 нафарининг бандлиги таъминланди. Умумий ҳисобда 2020-2021 йилларда жами 2 456 нафар фуқаролар ишга қабул қилинди.
     Республикамизнинг 17 та ва чет элдаги 8 та олий таълим муассасаларининг 1400 нафар талабалари ҳам­да комбинат билан ҳамкорлик қила­диган касб-ҳунар коллежларининг 1200 нафардан ортиқ ўқувчи­и ўзининг амалий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида имзоланган шартномаларга мувофиқ йил давомида комбинат ишлаб чиқариш объектларида диплом олди ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташади.
     Бугунги кунда комбинат талабномасига асосан «МИСиС» МТТУнинг кундузги ва сиртқи бўлимларида 8 та мутахассислик бўйича 43 нафар талаба ҳамда комбинат маблағлари ҳисобидан республикамизнинг олий таълим муассасаларида 23 та мутахассислик бўйича 314 нафар комбинат ишчи-ходии таҳсил олмоқда.
     Бундан ташқари «Олмалиқ КМК» АЖ Россия ­Федерациясининг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси «­МИСиС» Миллий технологик тад­қиқот­лар университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ ва Термиз шаҳарларидаги филиалларининг Васийлик кенгаши аъзоси ҳисобла­нади. Мазкур олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ишлари мунтазам равишда олиб борилиши билан биргаликда ҳар томонлама молиявий, моддий кўмак бериб ке­линмоқда.
 
 
Саъди ШЕРМАТОВ,
«Олмалиқ КМК» АЖ Бошқарув раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари
 
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.