Сурхондарё вилояти ўзининг қулай географик ўрни ва табиий шароити билан қадимдан дунё сайёҳларини ўзига жалб қилиб келган макон бўлиб, бу ўлка тарихи фақатгина бир мамлакат ёки халқнинг тарихи бўлиб қолмай, балки дунё халқлари тарихининг ажралмас бир қисмидир. Бу ўлкадан Буюк Ипак йўли ўтган бўлиб, бу йўл турли даврларда турли маданиятлар шаклланишига асос бўлди ва воҳанинг маданиятлар чорраҳасидаги замин сифатида тараққий этишига хизмат қилди.
2001 йилда Бойсун ўзининг маданий кенгликлари, ноёб урф-одатлари, миллий кийимлари, халқ оғзаки ижоди намуналари, чанқовуз оҳанглари билан ЮНЕСКО томонидан «Оғзаки ва номоддий маданий мерос дурдоналари» сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Шундан сўнг ҳар йили «Бойсун баҳори» очиқ фольклор фестивалининг анъанавий тарзда ўтказилиши Сурхондарё вилоятининг жаҳон туризм бозорига дадил кириб бориши учун мустаҳкам замин яратди.
Воҳа узоқ ва бой тарихга эга. Сурхондарё вилоятида палеолит давридан то XX асргача бўлган даврни қамраб олган 504 тадан ортиқ маданий мерос ёдгорликлари мавжуд. Улардан 396 таси археология, 34 таси меъморчилик ва муқаддас қадамжолар, 39 таси ҳайкалтарошлик ёдгорликлари, 35 таси диққатга сазовор жойлардир. Бу ноёб туристик ресурслар асосан, Эски Термиз ва Шеробод ҳудудларида жойлашган бўлиб, бундай ёдгорликлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам кўплаб учрайди.
Вилоятдаги умумий майдони 24 минг 554 гектарга тенг бўлган «Сурхон давлат қўриқхонаси» табиатига бўлган қизиқиш нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки хорижий мамлакатларда ҳам ортиб бормоқда. Қўриқхона ўсимлик турларига бой бўлиб, ушбу ҳудудда 600 турдан ортиқ ўсимлик учрайди. Улардан 20 дан ортиқ ўсимлик тури камёб ва муҳофазага олинган бўлиб, «Қизил китоб»га киритилган.
Вилоятнинг ички ва ташқи транспорт алоқаларида автомобиль йўлларининг роли беқиёс. Шу боис, вилоят аҳолиси ва сайёҳларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Термиз, Денов, Шерободдан бир қанча хорижий мамлакатлар ва юртимизнинг турли бурчакларига узлуксиз автомобиль транспорти қатнови йўлга қўйилган. Бундан ташқари Термиз–Тошкент, Термиз–Андижон темир йўллари, Тошғузор–Бойсун–Қумқўрғон темир йўли ва Амударё устидан ўтган Ҳайратон темир йўл кўприклари нафақат вилоят, балки бутун республика ва қўшни давлатлар ўртасида хомашё ҳамда товар айирбошлаш, йўловчи ташиш ҳажмининг кескин кўпайишига замин яратмоқда.
Термиз халқаро аэропортидан мамлакатимиз пойтахти Тошкентга, шунингдек, хорижий йўналишда Москвага замонавий ҳаво лайнерлари қатнови йўлга қўйилган. Вилоятда республикада ягона бўлган Термиз дарё порти жойлашган.
Бугун вилоятга келаётган хорижлик сайёҳлар воҳамизнинг қадимий ёдгорликлари ва муқаддас қадамжолари билан бирга ўзбекона яшаш тарзимиз, миллий урф-одат ва анъаналаримиз билан ҳам яқиндан танишишга қизиқиш билдирмоқдалар. Жумладан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Бойсун баҳори» очиқ фольклор фестивали катта қизиқиш ва эътирофга сазовор бўлмоқда. 2017 йилдаги фестивалга 10 га яқин хорижий давлатлардан 50 га яқин сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, 2018 йилги фестивалда 14 та хориж ва қўшни давлатлардан 170 дан ортиқ сайёҳлар иштирок этди. Уларда миллий урф-одат ва анъналаримиз билан бирга ўзбекона яшаш тарзимиз илиқ таассурот қолдирганини таъкидладилар.
Вилоятда сайёҳлар ташриф буюриши кўзда тутилган 69 та объект мавжуд бўлиб, уларнинг асосан 25 таси сайёҳлар билан гавжум. 14 та зиёрат туризми объектлари, 7 та буддизм туризми объектлари, 25 та тарихий-меъморий объектлар, 12 та экологик туризм объектлари, 7 та маданий кўнгилочар жойлар ва 4 та тиббиёт туризми объектлари шулар жумласидандир.