Мамлакатимизда Истиқлолнинг илк йиллариданоқ бошқа соҳалар қатори замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ҳар томонлама равнақ топтиришга, унинг ҳуқуқий-ташкилий ҳамда моддий-техник базасини изчил такомиллаштириб боришга жиддий эътибор қаратила бошланди. 2015 йил 4 февралда бу борада яна бир хайрли ишга қўл урилди. Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, «электрон ҳукумат» тизими ҳамда ахборот тизимларини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмасини ва маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинди. 2018 йил 19 февралда эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Бу ҳужжат айни соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш, электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ қабул қилинди.
Табиийки, юртимизда ягона иқтисодий ахборот тизимини яратиш ҳозир мавжуд вазирликлар, идоралар ва банк тизимининг бир-бири билан ўзаро алоқаларини давр талабларига мувофиқ йўлга қўйиб, уларни ишончли ахборот билан таъминлашда, шу тариқа иқтисодий ўсишга эришишда қўл келади. Бунинг учун эса ахборотни излаш, тўплаш, сақлаш ва таҳлил қилиш жараёнларини шакллантириш зарур бўлади.
Сўнгги йигирма йил мобайнида ривожланган мамлакатлар ахборот фаолиятининг салмоқли қисми бозор инфратузилмасининг асосий элементларидан бўлиб келди ва бозор муносабатлари таркибига сингиб кетди. Ахборот-коммуникациялар бозорининг бозор инфратузилмаси сифатида шаклланиши ўтган асрнинг 50-йиллари иккинчи ярмидан бошланди. Эндиликда бу тармоқ ҳар бир мамлакат миллий иқтисодининг асосий негизи ҳисобланмоқда. Чунки глобал иқтисодиётни таркиб топтириш учун замонавий ахборот-коммуникациялар инфратузилмасига эҳтиёж туғилмоқда. Ишбилармонлик фаолиятининг мақбул муҳитини шакллантиришга эса бунинг учун зарур бўлган турли-туман ахборотлар, таҳлилий материаллар ва уларни тезкор усулда олишда асқотадиган ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиб бораётгани эвазига эришилмоқда.
Барча мамлакатларда телекоммуникация ахборот тармоқлари кенг тарқалаяпти. Айниқса, интернет ахборот тармоғининг аҳамияти кун сайин кучайиб, дунё миқёсида глобал ахборот инфратузилмаси, унинг негизида эса ахборотлашган жамият шаклланаяпти. Хусусан:
а) халқаро ахборот тармоқларига уланган шахсий компьютерлар мавжуд хонадонлар тобора кўпаймоқда;
б) ахборот тармоқларида янги фаолият турлари вужудга келмоқда. Жумладан, тармоқда ишлаш, тармоқ муҳитида дам олиш, ижод қилиш ва кўнгил очиш, тармоқда маориф ва тарбия;
в) жамиятнинг ҳар бир аъзоси, қаерда бўлишидан қатьи назар ахборот тармоқлари ёрдамида ўзи хоҳлаган мамлакатдан турли мавзу ва йўналишдаги ахборотни қисқа фурсатда тўлиқ олиш имкониятига эга бўлмоқда;
г) ахборот тармоқлари доирасида мамлакатлараро географик ва геосиёсий чегаралар йўқолиб бораяпти.
Мутахассислар фикрича ахборотлашган жамиятда компьютерлаштириш жараёни кишиларга ишончли ахборот манбаларига киришлари учун кенг имконият яратади. Шунингдек, ишлаб чиқаришда ва ижтимоий соҳаларда ахборот маҳсулотларини юқори даражада қайта ишлашни таъминлаши боис уларни кўп вақт ва меҳнат сарфланадиган юмушлардан озод этади.
Ахборотлашган жамиятда нафақат ишлаб чиқариш жараёни, балки ҳаёт мазмуни ҳам тубдан ўзгаради, жумладан, моддий бойликдан кўра маданий ҳордиқ чиқаришнинг аҳамияти ортади. Товар ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишга йўналтирилган индустриал жамиятга нисбатан ахборотлашган жамиятда ақлий меҳнат улушини орттирувчи билим, интеллект, ахборот кўпроқ ишлаб чиқарилади ва истеъмол қилинади. Хилма-хил компьютер техникаларига асосланган тизим ва тармоқлар, ахборот технологиялари ҳамда алоқа телекоммуникациялари ахборотлашган жамиятнинг моддий-технологик базаси вазифасини ўтайди. Бошқача қилиб айтганда, ахборот-коммуникациялар бозори товарлари ушбу жамият шаклланишининг негизи саналади. Бу бозордаги асосий товар ахборот маҳсулотлари ва хизматларидир. Яъни ахборот-коммуникациялар технологиялари ёрдамида фойдаланувчиларга кўпроқ ахборот хизматлари кўрсатилиши лозим.