Рақамли технологияларнинг ривожланиши билан жаҳон, хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам таркибий ўзгаришларга юз тутмоқда. Бунда кўплаб хизмат турларининг «рақамлаштирилиши», яъни Интернет технологиялари ва турли ахборот воситалари орқали инсонлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг йўлга қўйилиши муҳим роль ўйнайди.
Жаҳоннинг ривожланган давлатларида рақамли технологиялар ҳаётнинг деярли барча жабҳасига кенг кириб борган. Хусусан, Европа Комиссияси рақамлаштириш ва автоматлаштиришнинг кундалик ҳаётга таъсири бўйича фуқароларнинг фикрлари акс этган сўров натижаларини нашр этди. Унга асосан респондентларнинг аксарияти сўнгги рақамли технологиялар – иқтисодиётга (75%), ҳаёт сифатига (67%) ва жамиятга (64%) ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблаганлар.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда инсонларнинг кундалик ҳаёти рақамли технологиялар орқали юқори суръатда ўзгармоқда. Арзон ва сифатли технологиялар бутун дунёни қамраб олмоқда, ҳозирги кунда Интернетга 8 миллиарддан зиёд қурилмалар уланган, 2030 йилга бориб бу рақам 1 триллионгача ошиши прогноз қилинмоқда.
Тармоқларнинг тури ва корхоналарнинг ҳажмидан қатъий назар кўплаб компаниялар ўзларининг иш жойларини рақамли иш жойларига айлантирмоқдалар. Бироқ рақамлаштириш иш жойини йўқ қилувчи ва бир вақтнинг ўзида яратувчиси сифатида қабул қилиниб, иш жойларига қўйиладиган талабларнинг тубдан ўзгаришига олиб келади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2,2% фоиздир. Маълумот учун масалан, жаҳоннинг етакчи давлатларида бу кўрсаткич ўртача 7-8%, жумладан, Буюк Британияда – 12,4%, Жанубий Кореяда – 8%, Хитойда – 6,9%, Ҳиндистонда – 5,6%, Россияда – 2,8% ва Қозоғистонда – 3,9%ни ташкил этади.
Демак, хорижий давлатларнинг тажрибаларини инобатга олган ҳолда республикамизда хизматлар соҳасини рақамли технологиялар асосида ривожлантириш ҳаётий заруратга айланмоқда.
Айниқса, бутун дунёда ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари жадал суръатлар билан ўсиб, ушбу тармоқлар тобора ривожланиб бормоқда. Ҳозирги кунда юртимизда Facebook, YouTube, Pinterest ва Twitter платформалари энг оммабоп ҳисобланади. 2019 йил октябрь ойидан бошлаб Instagram ҳам оммалашиб бораяпти.
Умуман, ижтимоий тармоқлар бозорининг ривожланиши глобализация жараёнларининг тезлашишига ва ривожланишига олиб келмоқда. Айнан, рақамли иқтисодиёт тушунчасининг кенг тарқалиб, оммалашиб, бугунги кунда долзарб масалага айланишида ижтимоий тармоқлар алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизда нафақат ижтимоий тармоқлар, балки бошқа АКТ йўналишлари ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, соҳада кўрсатилган хизматлар ҳажми 2016 йилдан 2019 йилгача барқарор ўсиб борган, айниқса, компьютер ва дастурлаш хизматлари ҳажми 2019 йилда 2016 йилга нисбатан 3 марта ортган.
Бундан ташқари АКТ соҳасида ўртача иш ҳақининг ўсиши хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг кўпайиши билан кечмоқда. Иш ҳақининг ўсиши соҳада малакали кадрлар тақчиллиги юқори экани ҳамда хизмат кўрсатувчи корхоналар иш ҳажми ортиб бораётгани билан боғлиқ.
Хизматлар экспортининг 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 30% га ортиши, шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилган 9 та лойиҳада хорижий инвестициялар улушининг кўпайиши, юртимизда бўлаётган ўзгаришлар натижасида ушбу соҳада бизнес муҳитининг яхшиланиши ва инфратузилманинг такомиллашишига олиб келади.
Рақамли технологиялар асосида хизмат кўрсатиш давлат хизматлари кесимида ҳам жадаллик касб этмоқда. Тадбиркорлар, шу жумладан, чет эл инвесторлари мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларини ҳал этиш мақсадида Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси – “business.gov.uz” портали ишга туширилди.
Маълумотларга кўра 2019 йилда Ўзбекистонда Интернет тармоғи ва мобил хизматлари ҳажми жами алоқа хизматларининг 69%ини ташкил этган. Маълумот узатиш тармоғи, шаҳарлараро ва халқаро телефон хизматлари эса 22,7%ни кўрсатган. Бундан кўринадики, АКТ соҳасида Интернет тармоғи ва мобил алоқа жуда тез ривожланмоқда. 20 йиллик давр ичида пасайиш тенденцияси, айниқса, шаҳарлараро ва халқаро телефон тармоқлари хизматларида кузатилди.
Почта, телеграф, радиоэшиттириш, махсус алоқа ва бошқаларда ҳам пасайиш ёки турғунлик динамикасини кўришимиз мумкин. Албатта, бу ҳолат юқорида таъкидлаб ўтилган алоқа воситаларининг маънавий эскиргани ва уларнинг ўрнини мобил ҳамда Интернет тармоғи эгаллаб бораётгани туфайли кузатилмоқда. Фақатгина Интернет хизматлари 2009 йилдан бошлаб ўсиб, 2019 йилда жами алоқа хизматларининг 20%дан кўпроғини қайд этди.
Президентимизнинг 2020 йил 28 апрелда «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши эса соҳа ривожини яна бир босқичга кўтарди, десак айни ҳақиқатдир. Хусусан, қарорга кўра рақамли иқтисодиётни жадал шакллантириб, 2023 йилда унинг мамлакат ЯИМдаги улушини 2 бараварга кўпайтириш; рақамли инфратузилмани тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий IT хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш; электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш ва 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60%гача етказиш; дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали «рақамли тадбиркорлик»ни ривожлантириш каби муҳим вазифалар белгиланган. Буларнинг барчаси пировардида рақамли иқтисодиётни равнақ топтириб, хизматлар унумдорлигининг ортишига, аҳоли учун қулай ва янги динамик ўзгарувчан хизмат турларининг яратилишига олиб келади.
Шуҳрат САТТАРОВ,
Тошкент давлат аграр университети «Агрологистика» кафедраси доценти