Сифатли маҳсулот орқали жаҳон бозорига йўл

4/2022

     Қўнғирот сода заводи бугунги кунда Марказий Осиёда кальцинацияланган сода ишлаб чи­қарувчи ягона корхона ҳисобланади. Кальцинацияланган сода қимматбаҳо кимёвий маҳсулот бўлиб, шиша ва шиша идишлари, ювиш ва тозалаш воситалари, силикагель ишлаб чиқаришда, рангли металлургияда, енгил саноатда, пул ва қоғоз саноатида, сувни тозалаш ва бошқа соҳаларда кенг қўл­ланилади.
     Маълумки, ушбу улкан салоҳиятга эга корхонанинг биринчи босқичи 2006 йилда, иккинчи босқичи эса 2016 йилда ишга туширилган бўлиб, уни қуришдан асосий мақсад маҳаллий хомашёни комплекс қайта ишлашга жалб қилиш, импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, халқ хўжалиги тармоқларининг кальцинацияланган содага бўлган талабини қондириш ва маҳаллий аҳо­лининг бандлигини таъминлашдан иборатдир. Ишлаб чиқариш жараёнида фақат маҳаллий хом­ашёлар – оҳактош, техник туз ва аммиакдан фойдаланилаётир.
     Корхонанинг дунё талабларига жавоб берадиган кальцинацияланган содаси республикамизда юқори қўшилган қийматга эга бўлган ойна, шиша, фармацевтика идишлари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи «Кварц», «Асл ойна», «Зарафшон ойна», «Surdaryo glass», «Хоразм шиша идишлари», «Тўрткўл шиша идишлари», «Mingyuan Silu Industry» сингари маҳаллий ва қўшма корхоналар ривожига ҳамда тармоқ корхоналари ўртасида иқтисодий занжир яратилишига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Шу билан бирга кальцинацияланган сода Қозоғистон, Қирғи­зистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Афғонис­тон, Туркманистон, Ҳиндистон, Хитой, Эрон каби мамлакатларга экспорт қилинади.
     Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йили 3 апрелда қабул қилинган қарор завод фаолиятида янги саҳифа очди – корхонанинг келгуси ривожини «NCV International DMCC» (БАА) компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйишга бел боғланди. Ҳозирда инвестор ўзига олган мажбуриятдан келиб чиқиб, заводнинг 3-босқичини қуриш ишларини бошлаб юборган. Бунинг учун 190 млн. АҚШ долларидан ошиқ инвестиция киритади. Ушбу инвестицион лойиҳа амалга ошиши натижасида 2025 йилга келиб заводнинг тўлиқ ишлаб чи­қариш қуввати йиллик 200 минг тоннадан 450 минг тоннага етказилади. Лойиҳа натижасида яна қўшимча 300 дан ошиқ киши иш билан таъминланади, заводнинг мамлакатимиз ривожига қўшадиган ҳиссаси бундан-да ортади.
     Лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши билан завод ишчи-ходимларига янги турар жойлар қурилишига ҳам старт берилди. Шундай қилиб, завод ёнида жойлаш­ган «Элобод» шаҳарчаси ҳудудида 2022 йилда 10 та ва 2023 йилда яна 10 та кўп қаватли уйлардан иборат «Янги Ўзбекистон» массивининг қурилиши бошланди. Массивда мактаб, боғча, спорт майдончаси, савдо шохобчалари, аҳоли ҳордиқ чиқариши учун яшил йўлаклар ва бошқа объектлар барпо этилади.
Хорижий ҳамкор келиши ортидан заводнинг 2 мингга яқин ишчи-ходимларига ва маҳаллий аҳолига қатор ижтимоий қулайликлар яратилиши сезиларли даражада ортди. Жумладан, барча ходимлар иш вақтларида 24 соат давомида завод ошхонасида иссиқ овқат билан; куз-қиш мавсумида озиқ-овқат маҳсулотлари билан; тиббий дори-дармонлар билан; ходимлар ва уларнинг фарзандлари даволаниш ва дам олиш масканларига бепул йўлланмалар билан таъминланмоқда. Аксарият корхона ишчиларининг оила аъзолари истиқомат қилувчи «Элобод» ша­ҳарчасининг 3 ярим минг аҳолисига бепул тоза ичимлик суви етказилишининг узлуксизлиги таъминланди. Ходимларнинг ойлик иш ҳақлари йил давомида бир неча маротаба ошиб, мунтазам равишда моддий рағбатлантирилмоқда.
     Инвесторнинг ёрдами билан ходимлар билим ва кўникмаларини, малакасини ошириб боришлари учун ўқув курслари ташкил этилиши, завод ёшларидан бир гуруҳи Россиянинг Д.И. Менделеев номидаги кимё-технология университетининг Тошкент филиалида ўқиши учун шартнома пулларининг тўлаб берилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
     Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Қўнғирот туман аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш ва янада қўпроқ иш ўринлари яратиш учун жорий йилнинг 10 октябрида қабул қилинган қарор асосида мазкур ҳудудда «Қорақалпоғистон кимё технопарки» технологик кластерлари яратиладиган бўлди. Унда жами қиймати 4 703 млн. АҚШ долларига тенг яна 7 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Уларнинг энг йириклари сифатида қиймати 3 200 млн. АҚШ доллари бўлган «Полибутилен адипат терефталат (PBAT) ишлаб чиқаришни ташкил этиш», қиймати 800 млн. АҚШ долларига тенг «МТО технологияси асосида МЭГ, ПЭТ ва полипропилен ишлаб чиқаришни ташкил этиш», 500 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши кутилаётган «Устюрт минтақасида поливинилхлорид ва каустик сода ишлаб чиқаришни ташкил этиш (III босқич)» лойиҳаларини санаб ўтиш мумкин, кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш кўламини йиллик 450 минг тоннага ошириш лойиҳаси ҳам шулар жумласи­дандир.
     Шу билан бирга «Қорақалпоғистон кимё технопарки» технологик кластерлари доирасида қурилиши бошлаб юборилган «Қўнғирот туманида кимёвий логистика марказини ташкил этиш» лойиҳаси ишга тушиши билан юздан ортиқ иш ўринлари яратилади. Ҳажми 285 минг тонна, қиймати 48 млн. АҚШ долларига тенг кимёвий маҳсулотлар Украина, Туркия, Қора денгиз ва Болтиқбўйи мамлакатларига етказиб берилади.
     Албатта, фаолиятини бошлаганига 16 йил тўлган Қўнғирот сода заводининг энг асосий бойлиги – бу фидойи ишчи-мутахассисларидир. Бугун завод ишчи-ходимларига, фахрийларига ҳар қанча миннатдорлик сўзларини айтсак, оз. Уларга Ватанимиз кимё-саноати, Қўнғирот сода заводи ривожига қўшаётган улкан ҳиссангиз, ғайрат-шижоатингиз, заҳматли меҳ­натингиз учун ташаккур дейман!
     Умид қиламанки, корхона эришаётган ютуқлар бардавом бўлиб, келгусида унинг нуфузи, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг дунё бозоридаги юқори маркаси сақлаб қолинади!
     Заводнинг бутун жамоасига улкан ютуқлар, моддий фаровонлик, сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат тилайман!
 
 
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг
ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини
ривожлантириш бўйича ўринбосари –
энергетика вазири
Жўрабек МИРЗАМАҲМУДОВ

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.