Бугунги Ўзбекистон – жадал суръатлар билан ривожланаётган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга мамлакатдир. Давлатимиз раҳбари томонидан танлаб олинган тараққиёт стратегияси рақобатдош, экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босувчи, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган бўлиб, у саноатнинг барқарор ва мутаносиб равишда ўсиши ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш асосида унинг етакчи тармоқларини ривожлантиришни кўзда тутади.
Инновация – бу иқтисодий ўсиш, ижтимоий фаровонлик ва жамият ривожининг гаровидир. Инновацион ривожланиш йўлини танлаган Ўзбекистон эса мана шундай катта йўлнинг бошида дадил қадамлар билан одимламоқда.
Республикамизда иқтисодиёт, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги каби таянч соҳаларга замонавий инновацион технологиялар татбиқ этилгани ҳолда сўнгги йиллар давомида инновацион экотизимни ривожлантиришда стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Стартап – бу илгари мавжуд бўлмаган бизнес лойиҳа. Ҳар қандай стартап ғояси янгиликка – янги маҳсулот, янги технологиялар ва илгари амалиётга татбиқ этилмаган фаолиятга асосланади. Илғор хориж тажрибаларига таяниб айтиш мумкинки, стартап экотизим ўзгаришларга тез мослашадиган, илғор технологияларга асосланган ишбилармонлик муҳитида ривожланади. Хусусан, экотизимнинг барқарор ривожланиш тенденцияларига кўра Европада Буюк Британия қулай инвестицион муҳит ва қатор солиқ имтиёзлари туфайли истеъдодлар ва инвесторлар учун мукаммал учрашув жойига айланди.
Буюк Британия Европанинг технология ва инновация маркази сифатида шаклланиши учун 2012 йилда амалдаги даромад солиғи ставкасини 50 фоизгача, 2014 йилда корпоратив солиқ ставкасини 22 фоизгача камайтирди. Бунинг натижасида Лондон технологик инвестицияларни Силикон водийсидан кейин энг кўп молиялаштирадиган инвестицион ҳудуд ва стартап экотизим ривожланган ТОП-5 шаҳарлар қаторидан жой олди. Стартап экотизими – ғоядан стартапгача бўлган жараённи ўз ичига оладиган инновацион тизим ҳисобланади. Булар бизнес-инкубатор, акселератор, венчур-фондлардан иборат экотизим фаолиятининг иштирокчилари сифатида ғоялар генерациясидан бизнесгача стартапни қўллаб-қувватлаб келади.
Учинчи ренессанс бўсағасидаги Ўзбекистон илм-фан ва инновацияларга асосланган иқтисодиётни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга оширмоқда. Солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш, иқтисодиётнинг реал секторларига илм-фан ютуқларини жорий этиш келажакда ишлаб чиқаришдаги муаммоларни инновацион ечимлар орқали бартараф этишга замин яратади.
Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги фармонига мувофиқ Республиканинг 13 та ҳудудини инновацион ҳудудга айлантириш белгиланган. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда аҳолининг иқтисодий-ижтимой даражасини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш мазкур қарор ижросининг узвий қисмидир.
Инновацион ҳудудлардаги муаммоларнинг ечимига қаратилган 13,1 млрд. сўмга тенг 22 та стартап лойиҳа давлат грантлари ҳисобидан молиялаштирилган. Натижада, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 196 та янги иш ўрни яратилади. Шу тарзда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 тадан ажратиб олинган туманларида инновацион ғояларга асосланган стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланади, ҳудудларнинг интеллектуал ва технологик салоҳияти босқичма-босқич оширилади.
Азизбек ИЛХАМОВ,
«Стартап экотизимини шакллантириш ва ривожлантириш» бошқармаси бошлиғи