Ilmiy yondashuv

Стратегик бошқарув ҳисобининг хўжалик юритувчи субъект молиявий оқимларини бошқаришдаги ўрни

4/2020

     Ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектни ташкил этишда мулкдорлари унинг фаолият йўналишларини қисқа муддатли эмас, балки стратегик, узоқ муддатли мақсадлардан келиб чиқиб белгилайди. Бундай ҳолларда энг оптимал қарор қабул қилиш ва хулоса чиқариш учун мулкдорлар ҳамда тадбиркорларга объектив маълумотларни тақдим этадиган восита стратегик бошқарув ҳисобидир. Шу боис ҳозирги пайтда асосий эътибор мамлакатимиз амалиётида нис­батан яқинда пайдо бўлган, айрим илғор давлатларда эса аллақачон кенг йўналишда шаклланган стратегик бошқарув ҳисобига қаратилади.
     Умуман олганда, ривожланган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда стратегик бошқарув ҳисоби – стратегик бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида ахборот таъминоти шаклланадиган бошқарув ҳисобининг бир йўналиши сифатида эътироф этилади. Унинг доирасида хўжалик юритувчи субъектнинг барча фаолият йўналишлари бўйича батафсил таҳлил амалга оширилади.
     Стратегик бошқарув ҳисоби тизими ўз моҳиятини фақатгина ҳисоб жараёни сифатида эмас, балки қу­йидаги учта элемент кетма-кетлигида тўлиқ намоён этади (расм):
     ● стратегик таҳлил;
     ● стратегик режалаштириш;
     ● стратегик назорат.
     Бу элементларнинг ҳар бири ало­ҳида мустақил жараён бўлса-да, амалиётда уларни бир-биридан аж­ратиш жуда қийин.
     Стратегик таҳлил хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг муайян вақтдаги ҳолатини баҳолайди. Шунингдек, ушбу таҳлилни амалга ошириш жараёнида хўжалик юритувчи субъект белгилаётган стратегик мақ­саднинг равшанлигига ва унинг талаб қилинаётган миқдордаги ресурслар билан таъминланганлик даражасига баҳо бериш имкониятига ҳам эга бўлади.
     Одатда, хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг стратегик ривожланиши ташқи шароитлар билан узвий боғлиқликда бўлади. Шунга кўра, стратегик таҳлил давомида фақатгина иқтисодий бошқарув таҳлилининг анъанавий вазифаларига алоҳида эътибор қаратмай, аввало, ташқи шароитлар хўжалик юритувчи субъектнинг узоқ муддатли (стратегик) мақсадларига таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида тадқиқ этилиши керак.
     Стратегик бошқарув ҳисобининг иккинчи муҳим элементи стратегик режалаштиришдир. Хўжалик юритувчи субъект уни амалга ошириш орқали ўзининг узоқ муддатли стратегик мақсадларига эришишини таъминлашга мўлжалланган режаларини ишлаб чиқади. Халқаро амалиётда ва талай илмий манбаларда «стратегик режалаштириш» корпоратив режалаштириш ёки узоқ муддатли режалаштириш сифатида ҳам талқин қилинади.
     Хўжалик юритувчи субъектларда стратегик режалаштиришнинг натижаси фаолият йўналишлари бўйича узоқ муддатли (5 йил ёки ундан ортиқ муддатга) стратегик ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳисоб­ланади. У қуйидаги таркибий қисм­лардан ташкил топади:
     ● суб-стратегиялар (ишлаб чиқа­риш, маркетинг, молиявий, ходимлар бўйича);
     ● алоҳида йўналишлар стратегияси (хўжалик юритувчи субъектнинг турли бозорларда рақобат қилиши ва хилма-хил маҳсулотлар ишлаб чиқариши мумкин бўлган ҳар бир бўлими учун).
     Стратегик бошқарув ҳисобининг учинчи муҳим элнменти стратегик назоратдир. Унинг вазифаси белгиланган стратегик мақсадларга эришишни кузатиш ва назорат қилишдан, четланишлар вужудга кела бошлаган тақдирда тезкор бошқарув қарорлари қабул қилиш орқали вазиятни дастлабки ҳолатига қайтаришни таъминлашдан иборат. Бу тегишли қа­рорларга ўзгартиришлар киритиш ва мақсадларга эришиш учун белгиланган йўлга қайтиш ёки зарурият ту­ғилганда, мақсадларни ўзгартириш учун керак.
     Стратегик бошқарув ҳисобининг юқорида тилга олинган элементлари бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимларини бошқа­ришда муҳим аҳамиятга эгадир.
     Ҳар бир хўжалик юритувчи субъект доирасида унинг молиявий оқим­лари стратегик бошқарув ҳисобининг мустақил концепциясини ишлаб чи­қиш зарурияти (ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, ходимларни қайта ўқитиш ёки янги маҳсулот турини ишлаб чиқиш ва ҳоказолар) деярли ҳар қандай бошқарув қарори тегишли маблағлар билан таъминланган ҳолдагина амалга ошиши мумкинлиги билан белгиланади. Шу сабабли таклиф қилинаётган бош­қарув қарорларининг у ёки бу вариантини танлашда унинг молиявий жиҳати ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Бундан ташқари, молиявий менеж­ментнинг аҳамияти, унинг хўжалик юритувчи субъект бошқаруви жараёнининг қуйи тизими сифатидаги роли хўжалик фаолиятидаги молиявий жараёнларни мувофиқлашти­рувчи эканлиги билан белгиланади.
     Амалиётда эса хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий менежери охир-оқибатда унинг молиявий оқимлари бошқарувчиси сифатида эътироф этилади. Шундай қилиб, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари деганда, нафақат унинг пул оқимларини, балки хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа активлари, маблағлари (мажбуриятлари) манбалари оқимларини, шунингдек, фаолиятнинг молиявий натижалари ва уларнинг ўзгаришига таъсир кўрсатувчи омиллар (даромад, харажатлар, солиқ тўловлари)ни аниқлашни тушуниш лозим.
     Иқтисодий ривожланишнинг ҳо­зирги босқичида қатор давлатлардаги йирик компаниялар молиявий-иқтисодий инқирозга учраётгани замонавий шароитда ҳар қандай хў­жалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимларини оптимал бошқа­ришни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини исботламоқда. Мазкур вазифани эса самарали ташкил этилган молиявий оқимларнинг бош­қарув ҳисобини оператив-тактик, шу билан бирга, стратегик даражада ташкил қилмасдан амалга ошириб бўлмайди.
     Самарали ташкиллаштирилган молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий оқимла­рини бошқариш бўйича тўғри молиявий қарорлар қабул қилиш асосларини яратади – мулкдорлар белгилаган мақсадларига эришишлари учун энг оптимал бошқарув қа­рорлари қабул қилишларини таъминлайди.
     Агар хўжалик юритувчи субъект молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган бўлса, молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳи­соби уни молиявий жиҳатдан соғ­ломлаштириш мақсадида тузилаётган дастур кўрсаткичларини асослаб берувчи энг асосий ва муҳим воситага айланади. Бошқача айтганда, молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби – бу хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий стратегиясини асослаб берувчи воситадир.
     Молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби доирасида молиявий оқимларга, пировардида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатига таъсир кўрсатувчи нафақат ички, балки ташқи омилларнинг батафсил таҳлили амалга оширилиши даркор.
     Хўжалик юритувчи субъект молиявий оқимларининг стратегик бошқаруви ҳисоби моҳиятини унинг қуйидаги воситалари орқали баҳо­лаш мумкин:
     ● хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини баҳоловчи нисбий кўрсаткичлари (коэффициентлари) тизими;
     ● хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари классификацияси;
     ● хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари математик модели.
     Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини баҳоловчи нисбий кўрсаткичлар (коэффициентлар) тизими хўжалик юритувчи субъект молиявий стратегиясини унинг жорий молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлаб турувчи молиявий оқимлар стратегик бошқарув ҳисоби воситасидир. Яъни, бу тизим хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий стратегиясини муайян мақсад ва кўрсаткичларга айлантириш имконини беради. Мазкур кўрсаткичлар тизими орқали унинг барча йўналишларини – мулкий аҳволини, молиявий барқарорлиги даражасини, тўлов қобилияти ва ликвидлилик даражасини, иш фаоллиги ва шу каби кўрсаткичларни қамраб олиши лозим. Бундан кўзланган мақсад хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини объектив баҳолаш ва молиявий-хўжалик фаолияти самарадорлигини оширишни таъминлашдир.
     Хўжалик юритувчи субъектнинг мулкий аҳволини баҳолаш кўрсаткичлари унинг активлари таркиби, тузилиши ва динамикасини ифодалайди.
     Молиявий барқарорликни баҳо­лаш кўрсаткичлари хўжалик юритувчи субъект активлари ва пассивларининг таркиби, уларнинг таркибий тузилиши ва динамикасини акс эттиради ҳамда унинг қарз маблағлари орқали молиялаштириш манбаларидан мустақиллигини англатади.
     Тўлов қобилияти ва ликвидлилик даражаси кўрсаткичлари хўжалик юритувчи субъектнинг барча мажбуриятлари учун тўлаш қобилиятини ҳамда қисқа муддатли мажбуриятларни бажариш имкониятларини, шунингдек, кўзда тутилмаган харажатлар вужудга келган тақдирда, уларни қоплаш имкониятини билдиради.
     Ишбилармонлик фаолиятини ба­ҳолаш кўрсаткичлари хўжалик юритувчи субъект ресурсларидан фойдаланиш интенсивлиги (капиталнинг айланиш коэффициенти), фаолият самарадорлиги ва хўжалик юритувчи субъект ресурсларидан фойдаланиш (рентабеллик коэффициенти) ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг қимматли қоғозлар бозоридаги (бозор фаолияти коэффициенти) ҳолатини акс эттиради.
     Бунда ҳар бир ажратиб кўрсатил­ган хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини барча йўналишлари бўйича комплекс баҳолаш, шунингдек, ҳар бир йўналишни унинг ташкилий қисми элементлари кесимида, мақсад ва вазифалари, айрим кўрсаткич ва ҳаракатларини кўриб чиқиш лозим.
     Одатда, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий аҳволининг барча йўналишлари ўзаро алоқада бўлади. Шунга мувофиқ, унинг бир йўналишини баҳолаш учун шакллантирилган кўрсаткичлардан бошқа йўналиши ҳолатини баҳолашда ҳам фойдаланиш мумкин. Ўз навбатида, эслатиш жоизки, бундай кўрсаткичлардан бирига эътиборни ҳаддан зиёд кучайтириб юбормаслик керак. Негаки, у бошқа йўналишлар орасидаги муносабатлар бузилишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
     Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини баҳолаш жараёни кенг кўламли бўлиши зарур. Аниқроғи, молиявий ҳолатни баҳо­лаш нисбий кўрсаткичлари (коэффициентлари)ни унинг комплекс баҳо­лашга қаратилган моделлари, масалан, рентабелликнинг энг муҳим кўрсаткичлари омилли моделлари ёки банкротлик хавфини олдиндан прогноз қилишнинг иқтисодий-ста­тистик омиллари билан боғлаш мақ­садга мувофиқдир.
     Молиявий оқимлар стратегик бошқарув ҳисобининг иккинчи воситаси хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари ва унинг математик моделини шакллантириш асосида ётган классификациясидир. Учинчи воситаси эса, хўжалик юритувчи субъектнинг қиймат ифодасидаги молиявий ва моддий ресурслар ҳаракатини акс эттирувчи молиявий оқимларнинг математик моделидир.
Ушбу модел хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари ва уларнинг ўзаро боғлиқлигини тас­вирлайдиган тенгламалар тизимини ўзида мужассамлаштириб, молиявий ва хўжалик фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда унинг молиявий оқимларини оптималлаштириш имкониятларини белгилайди.
     Молиявий оқимларни мақсадли прогнозлаштириш асноси молиявий оқимлар стратегиясининг бир неча варианти ишлаб чиқилади. Сўнгра энг мақбули ҳар томонлама асослантирилган ҳолда хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига тақдим эти­лади.
     Молиявий оқимлар стратегик режалаштирилишини амалга ошириш учун танлаб олинган молиявий коэффициентлар хўжалик юритувчи субъект молиявий оқимларининг стратегик назоратини таъминлайдиган асосий восита саналади. Бу бос­қичда молиявий коэффициентларнинг ҳақиқий миқдори уларнинг режалаштирилган (прогноз) даражаси билан таққосланиши, ҳар бир кўрсаткич бўйича четланишларни аниқ­лаш, четланишларни келтириб чи­қарган сабабларни ўрганиш, молиявий оқимларнинг узоқ муддатли режасини таҳлил қилиш орқали келиб чиққан четланишларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва мос равишда хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий стратегиясига тегишли ўзгартиришлар киритиш каби муҳим жараёнларни амалга ошириш керак бўлади.
     Хулоса қилиб айтганда, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимларини бошқаришда стратегик бошқарув ҳисобининг муҳим қисми бўлган молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби бозор иқти­содиётининг замонавий шароитларига адекват ва энг оптимал бош­қарув қарорларни қабул қилишга хизмат қилувчи самарали ва тезкор ахборот базасини шакллантириш им­конини яратади.
 
 
Умиджон КОСТАЕВ,
иқтисод фанлари номзоди, доцент,
«Навоий КМК» ДК Режа-иқтисод бўлими бошлиғи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.