Минтақалар иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланишида инвестиция сиёсатини муваффақиятли амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда хорижий инвестициялар ҳажмига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва баҳолаш ҳам долзарб вазифалардан саналади. Унинг ижобий ечими эса минтақадаги инвестиция жараёнларини белгилаш ва бошқарув қарорларини қабул қилишда асқотади.
Мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди ўзининг табиий, молиявий, меҳнат ва бошқа ресурслари, шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари томонидан хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлари билан кескин фарқланади. Шу боис минтақалар ўртасидаги тафовутларни баҳолаш ва солиштириш учун илмий манбаларда кенг тарқалган ҳудудларнинг инвестицион потенциали кўрсаткичидан фойдаланилади.
Илмий манбаларда ҳудудларнинг инвестицион потенциалини баҳолашга оид ҳар хил услубий ёндашувлар ва илмий қарашлар мавжуд. Ўзбекистон иқтисодиёти турли минтақалардан таркиб топган яхлит тизимни ташкил этгани туфайли уларнинг ҳар бири изчил ривожланишини таъминлаш мамлакатнинг узлуксиз тараққиётига замин яратади. Шунга мувофиқ, мамлакат минтақалари ва ҳудудларини барқарор равишда ижтимоий-иқтисодий равнақ топтиришга хорижий ҳамда ички инвестицияларни жалб этиш учун уларнинг нисбий афзалликларини баҳолаш айни йўналишдаги тадқиқотнинг муҳим методологик жиҳати ҳисобланади.
Иқтисодчи олимлардан Е.Абрамов ўз илмий ишларида ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлиги даражасини аниқлашда иқтисодиёт ва инфратузилмалар нечоғли тараққий этганини, молиявий ресурслар билан таъминланганлик, демографик вазият, бозор муносабатларининг ривожланиши ҳамда инвестицион фаолиятнинг хавфсизлиги даражаларини қамраб олувчи кўрсаткичлардан фойдаланишни маслаҳат берган. С.Зенченко ва М.Шемёткин ҳудудларнинг инвестицион потенциалини хомашё захиралари, ишлаб чиқариш салоҳияти, истеъмол салоҳияти, инфратузилма салоҳияти, интеллектуал салоҳият, институционал салоҳият, инновацион салоҳият каби 7 та, С.Березнов, О.Шевелева, М.Начевалар табиий ресурслар, ишлаб чиқариш, молиявий, инфраструктура, инновацион, ижтимоий салоҳият сингари 6 та гуруҳдан иборат омиллар асосида баҳолашни тавсия этишган. Г. Харламова эса Украина минтақаларининг инвестициявий жозибадорлигини инвестиция потенциали, инвестиция хатар (риск)лари ва аввалги инвестицион фаолият тажрибаси омилларининг бир қатор кўрсаткичлари орқали таҳлил қилган.
Ш.Мустафоқулов фикрича, ҳудудларнинг инвестицион потенциалини 9 та гуруҳга мансуб омиллар (табиий ресурслар, ишлаб чиқариш, инновация, меҳнат, молиявий, институционал, инфратузилма, истеъмол ва туристик салоҳиятлар)га тақсимлаган ҳолда талқин қилиш мумкин. Бошқа бир олим Б.Валиев бу масалани 10 та гуруҳга (ишлаб чиқариш, инвестицион фаоллик, меҳнат, истеъмол, табиий ресурслар, инфратузилма, институционал, экспорт, инновацион ҳамда илмий-таълим салоҳиятларига) бўлиб ўрганган ва шу асосда Ўзбекистон ҳудудларининг 2014 йилги инвестицион салоҳиятини баҳолаган. Бу тадқиқот натижаларига кўра республика ҳудудлари инвестицион салоҳият даражасига мос равишда юқори, ўрта ва қуйи даражадаги гуруҳларга ажратилган. Қашқадарё вилояти ўрта даражадаги гуруҳдан ўрин олган.
Ж.Брунеккиене ва ҳаммуаллифлари тадқиқотларида мамлакатларнинг инвестицион жозибадорлигини баҳолашга мутлақо янгича ёндашув таклиф қилинган. Хусусан, Европа мамлакатларининг инвестицион жозибадорлиги сунъий интеллект (нейрон тармоқлар) томонидан 58 та кўрсаткич ва 2000-2001 йиллардаги 31958 та кузатув асосида белгиланган. И.Пугач мавзуга рейтинг баҳолари нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг методологияси бўйича минтақаларнинг инвестицион жозибадорлиги рейтинги 4 та гуруҳга бўлинган хусусий рейтинглар йиғиндисидан ташкил топади. Ўз навбатида, улар 25 та кўрсаткичга мувофиқ ҳисобланади. Гуруҳларга кирган инвестицион жозибадорликни тавсифловчи кўрсаткичлар нисбатининг қиймати хусусий рейтинг баллари сонини кўрсатади. Агар ҳудуд бирор-бир кўрсаткич бўйича энг катта – 14 баллга (масалан, Ўзбекистоннинг 14 ҳудуди бўйича) эга бўлса, унга 1-ўрин, 13 балл олса, 2-ўрин берилади. Умумий ҳолда баллар сони 14-(n-1) формуласи ёрдамида аниқланади. Бу ерда n – аниқ битта кўрсаткич бўйича ҳудуднинг эгаллаган ўрнидир.
Б.Беркинов ва К.Ҳасановлар И. Пугач илгари сурган методология бўйича 2001-2012 йиллар учун республика ҳудудларининг инвестицион жозибадорлигини 4 та мезон –ишлаб чиқариш унумдорлиги, тадбиркорликнинг ривожланиши, аҳоли даромадлари ва харажатлари, ташқи иқтисодий фаоллик бўйича рейтинг усулида баҳолашган. Инвестицион жозибадорлик рейтинги натижаларига қараганда 2001 йили Қашқадарё вилояти мамлакатимизда 9-ўринни, 2012 йилда Фарғона вилояти билан 7-8-ўринларни эгаллаган. Ҳудудларнинг асосий кўрсаткичлари, уларнинг рақобатбардошлигини баҳолаш ва ошириш муаммолари Ш.Назаров томонидан тадқиқ қилинган.
Бироқ ҳудудларнинг инвестицион салоҳиятини аниқлаш юзасидан ўтказилган тадқиқотлар, чиқарилган хулосалар ва берилган таклифлар кўпинча вилоятлар доирасида чекланиб қолган. Ҳолбуки, амалда уларнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари туман (шаҳар)ларда эришилган пировард натижалар эвазига шаклланади. Хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудларнинг инвестицион салоҳиятидан оқилона фойдаланиш эса ҳар бир туман-шаҳарнинг инвестицион салоҳиятини баҳолашни тақозо этади.
Мавзуга доир илмий тадқиқотлар синтези асосида жойларда юритилаётган статистик кўрсаткичлар хусусиятларидан келиб чиқиб, Қашқадарё вилояти туман (шаҳар)ларининг инвестицион потенциалини аниқлаш 8 та гуруҳдан иборат омиллар ва 29 та кўрсаткични баҳолаш воситасида ташкил этилди. Танланган кўрсаткичларнинг статистик усуллар ёрдамида баҳолангани хулосаларнинг объективлигини таъминлади.
Қашқадарё вилояти ҳудудларининг иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик салоҳияти 5 та кўрсаткич бўйича ўрганилди. Унинг натижаларига кўра Муборак ва Қарши шаҳарлари, Миришкор, Нишон, Ғузор туманлари юқори потенциалли, Қамаши, Яккабоғ, Чироқчи, Деҳқонобод туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри қуйи потенциалли ҳудудлар, дея эътироф этилди.
Инвестицион фаоллик потенциали таркибидаги 4 та кўрсаткич бўйича Нишон ва Қарши шаҳарлари, Касби, Китоб, Муборак туманлари юқори потенциалга, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Чироқчи туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри қуйи потенциалга эга эканлиги кузатилди.
Муборак, Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари, Деҳқонобод, Ғузор туманлари йирик ва кўплаб солиқ тўловчи субъектларга эгалиги билан моливий потенциал бўйича вилоят ҳудудлари орасида етакчилик қилди. Касби, Китоб, Чироқчи, Қамаши, Қарши туманлари эса ушбу омил бўйича паст кўрсаткичларга эришди.
Ташқи иқтисодий фаоллик омилига асосан таҳлил қилинган 4 та кўрсаткич натижаларига мувофиқ Қарши шаҳри, Қарши, Муборак, Касби, Ғузор туманлари юқори потенциалга эга ҳисобланган бўлса, Косон, Яккабоғ, Нишон, Шаҳрисабз, Қамаши туманлари қуйи потенциалли ҳудудлар қаторига кирди.
Тадбиркорлик фаоллиги бўйича Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Муборак, Миришкор, Нишон туманларининг имкониятлари юқори, Касби, Ғузор, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи туманлариники анча паст эканлиги кузатилди.
Меҳнат ресурслари потенциали борасида Миришкор, Муборак, Қарши шаҳарлари, Яккабоғ, Деҳқонобод туманлари юқори потенциалли, Косон, Чироқчи, Касби туманлари, Шаҳрисабз тумани ва шаҳри эса қуйи потенциалли, деб баҳоланди.
Ҳудудларнинг инфраструктура потенциали 4 та кўрсаткичга биноан таҳлил қилинганида Қарши шаҳри ва туманидаги, Касби, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги инфратузилма объектларининг даражаси вилоятнинг бошқа ҳудудларидагига нисбатан яхшилиги, Косон, Чироқчи, Китоб, Ғузор, Деҳқонобод туманларида пастлиги ойдинлашди.
Табиий-географик омиллар бўйича таҳлиллар Деҳқонобод, Муборак, Миришкор, Ғузор, Косон туманлари юқори, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз туманлари, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари паст потенциалга эгалигини кўрсатди.
Танланган омилларнинг вилоят ҳудудлари инвестицион потенциалидаги вазн қиймати эксперт баҳолаш усулида аниқланди. Пировардида инвестицион фаоллик потенциалига 20 фоизлик, табиий-географик ва инфраструктура потенциалларига 15 фоизлик, меҳнат ресурслари, тадбиркорлик фаоллиги, ташқи иқтисодий фаоллик потенциалларига 9 фоизлик, молиявий потенциалга 8 фоизлик коэффициентлар қўлланилди.
Баҳолаш якунларига кўра юқори инвестицон фаолликка эгалиги, бой табиий ресурслари мавжудлиги, географик жойлашуви қулайлиги, иқтисодий ривожланиши ва самарадорлиги юқорилиги ҳамда инфраструктура объектлари ҳолатидан келиб чиқиб, Қарши шаҳри, Муборак, Нишон, Миришкор ва Касби туманлари юқори инвестицион потенциалга эга ҳудудлар сирасига киритилди. Деҳқонобод, Қарши, Ғузор, Китоб, Яккабоғ туманлари ўрта, Косон ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Қамаши, Шаҳрисабз, Чироқчи туманлари вилоятнинг энг паст инвестицон потенциалга эга ҳудудлари қаторидан жой олди.
Вилоятнинг энг кўп аҳоли (401 минг 200 киши) яшайдиган Чироқчи тумани 9 та иқтисодий кўрсаткич (жами 29 та кўрсаткич) бўйича энг қуйи поғонада қайд этилгани маҳаллий давлат ҳокимияти вакилларидан унинг инвестицион потенциалини кўтаришни, иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш юзасидан кескин чоралар кўришни талаб қилади. Саноат, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида катта имкониятлари борлигига қарамай, қуйи потенциалга эга, деб топилган Шаҳрисабзнинг бу борадаги мавқейини янада юксалтириш ҳам айни муддао бўлади.
Қашқадарё вилояти иқтисодиётига жалб қилинаётган хорижий инвестицияларни кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланиш учун бизнингча, хорижий сармоядорлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда туман ёки шаҳарнинг инвестицион салоҳиятини ўзида тўлиқ акс эттирган кўп тилли инвестиция паспортларини ишлаб чиқиш, уларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг махсус порталлари ва веб-сайтларига жойлаштириб, маълумотларни ҳар чоракда ёки ҳар йили мунтазам янгилаб бориш керак. Қолаверса, бошқа вилоятларда ҳам долзарб ва истиқболли инвестицион лойиҳаларни тезкор молиялаштириш учун уларнинг ҳар бирида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан устав капитали 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган махсус инвестицион фонд ташкил қилиш зарур. Муқобил вариант сифатида тижорат банклари лойиҳаларда ҳамкор (шерик) сифатида қатнашишларини таъминлаш мумкин.
Анвар ҚОБИЛОВ,
Қарши давлат университети «Иқтисодиёт ва сервис» кафедраси докторанти
Ойбек ҚУРБОНОВ,
Қарши давлат университети «Иқтисодиёт ва сервис» кафедраси мустақил тадқиқотчиси