Замонавий дунёда телекоммуникациялар ривожисиз тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Бинобарин, мамлакатимизда ушбу соҳанинг равнақ топиши, табиийки, барча мавжуд алоқа тармоқларини рақамли тизимга ўтказиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш билан узвий боғлиқдир.
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ўз тармоғи билан бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган Ўзбекистондаги энг йирик телекоммуникация оператори саналади.
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Бош директори Назиржон ХАСАНОВ билан соҳани ривожлантириш тенденциялари, рақамли форматда барча телекоммуникация хизматларини кўрсатиш ва компаниянинг истиқболлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Назиржон Набижонович, ёшимиз ва ихтисослигимиздан қатъи назар, ҳар биримиз учун телекоммуникация хизматлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди – биз ўз ҳаётимизни мобил алоқа ва Интернетсиз тасаввур қила олмаймиз, шундай эмасми?
– Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт ҳаётимизнинг барча жабҳасига жадал жорий этилмоқда. Компаниямиз миллий оператор сифатида барча телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришда ўз масъулиятини тўлиқ англайди.
COVID-19 пандемияси бизнинг давримизда барча компаниялар, тиббиёт муассасалари, давлат бошқарув органи ва ҳаттоки, ҳар бир фуқаро мунтазам юқори тезликдаги Интернетга муҳтож эканлигини кўрсатди. Барча учун алоқа ҳаётий заруратга айланди. Бутун мамлакатимиз бўйлаб бугунги кунда кенг полосали ва мобил Интернет хизматлари зарур экани намоён бўлди.
– Шу ўринда «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг «ЎзМобайл» филиали 7 миллион абонентга эга бўлгани билан муборакбод этамиз. Айниқса, бу COVID-19 пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазиятда телекоммуникация хизматларига уланиш қулайлик эмас, ўта муҳим зарурат ҳисобланади. Компания ўз олдига қўйган мақсадларига қандай эришаётгани, истеъмолчиларнинг ишончини қозонишда қандай кучларни ишга солаётгани ҳақида гапириб берсангиз.
– Компаниямиз мамлакатнинг оммавий ва юқори рақобатбардош GSM стандарти мобил алоқа бозорига 2015 йил апрель ойида энг сўнггилардан бўлиб кириб келди. Жуда қисқа вақт ичида биз ўз абонентларимизга қулай, тушунарли ва ҳамёнбоп тариф режаларини, шунингдек, мобил овозли ва энг муҳими, 4G LTE технологияси бўйича мобил Интернетнинг ишончли хизматларини таклиф эта олдик. Албатта, бунга биз 2G/3G ва 4G стандартидаги тармоқли, кучли, замонавий мобил алоқа тармоғини қуриш орқали эришдик.
Биз имкон қадар халқни қўллаб-қувватлаган ҳолда энг оғир вақтларда ҳам ўз фаоллигимизни кўрсата олдик. 2020 йил давомида бир қатор ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди ва бу лойиҳалар сабаб халқимиз, хусусан, энг чекка аҳоли пунктлари фуқаролари учун мобил алоқа хизматларидан фойдаланишнинг янада кенг имкониятлари яратилди.
Мобил алоқа хизмати абонентлар базасини 5 миллиондан 7 миллионгача етказиш шунчаки сонлар эмас, балки бу янада катта масъулиятдир!
– Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони 22,1 миллион кишига, мобил Интернетдан фойдаланувчилар сони 19 миллион кишига етган. Апрель ойи якунида Республика Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилгача барча аҳоли пунктлари юқори тезликдаги Интернетга эга бўлиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Мазкур йўналишда «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясида ишлар қай даражада кетмоқда?
– 2020 йил шубҳасиз, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш учун жуда самарали йил бўлди. Ўтган йили бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди, бир қатор йирик лойиҳалар йўлга қўйилди.
Республика бўйлаб компаниямиз томонидан оптик толали тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2018 йилда оптик толали алоқа тармоқларининг умумий узунлиги 25,8 минг километрни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 72,1 минг километргача етди. Жорий йил охирига қадар ушбу рақамни 122,1 минг километрга етказиш кўзда тутилган.
Маҳаллий Интернетга келадиган бўлсак, биз 2020 йил давомида бутун Ўзбекистон бўйлаб 1 миллионга яқин кенг полосали Интернетга уланиш портларини ўрнатдик ва шу билан уларнинг умумий сонини 2,3 миллионга етказдик. 2021 йилнинг якунига келиб бу кўрсаткични 3,3 миллионга етказишни режалаштирганмиз.
Хусусан, 2019 йилда бутун Ўзбекистон бўйлаб жами 10 мингдан ортиқ таянч станциялари (2G/3G/4G) ўрнатилган ва тармоқнинг қамров даражаси 82 % ни ташкил этган бўлса, 2020 йилда таянч станциялар сони 18 мингдан оширилди ва тармоқ қамрови 91% га етказилди.
2021 йилда тармоқни ривожлантириш ишларини давом эттирамиз ва таянч станциялари сонини 20 мингтага ҳамда ҳар бир аҳоли яшаш пунктларида мобил алоқа тармоқ қамровини 93-95% гача етказишни мўлжаллаяпмиз.
– Алоқа ва ахборотлаштиришнинг замонавий технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш жаҳон миқёсида татбиқ этилмасдан амалга оширилмайди. «Ўзбектелеком» АК айнан қайси халқаро алоқа ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади ва қайси халқаро лойиҳаларда иштирок этмоқда?
– «Ўзбектелеком» АК доимий равишда халқаро алоқа ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради ва халқаро телекоммуникация лойиҳаларида иштирок этади, шунингдек, хорижий операторлар ва телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқарувчилари билан икки томонлама ҳамкорликни амалга оширади.
«Ўзбектелеком» компанияси Халқаро электралоқа иттифоқи (ХЭИ), Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик (АҲҲ), «Интелсат» сунъий йўлдош алоқа ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилади ҳамда Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик операторлар кенгашининг аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон фойдаланувчиларига барча ижтимоий тармоқлар ва Интернет-ресурсларидан камроқ пинглар ва кўпроқ ишонч билан фойдаланиш имкониятини яратиш учун биз бутун дунёдаги энг йирик телекоммуникацион компаниялар серверларини бизнинг маълумотларни қайта ишлаш булутли марказимизга жойлаштириш бўйича фаол иш олиб бормоқдамиз.
– «Ўзбектелеком» ўз телекоммуникация инфратузилмасини Ўзбекистоннинг барча операторлари ва провайдерлари учун тақдим этади. Ташқи канал ва мамлакат ичидаги каналлар ижараси учун тарифлар арзонлаштириладими?
– Компаниямиз Ўзбекистондаги «операторлар учун оператор» ҳисобланади. Биз Халқаро пакетли коммутация марказимиз (ХПКМ) орқали нафақат Ўзбекистон операторлари ва провайдерларини халқаро алоқа каналлари билан таъминлаймиз, балки бутун мамлакат бўйлаб алоқа каналларини ҳам ижарага берамиз. Сўнгги икки йил ичида бу йўналишда кўплаб ишлар бажарилди. Магистрал телекоммуникацияларнинг узатиш қуввати вилоятларда икки баравар, туманларда эса тўрт бараварга оширилди.
Мазкур лойиҳалар бўйича ишларнинг асосий қисми тугалланиши натижасида 2021 йил 1 январдан бошлаб алоқа каналларини ижарага бериш нархлари икки бараварга пасайтирилган эди. Жорий йил 1 майдан эса мазкур нарх яна 30 % арзонлаштирилди.
Бугун биз барча операторлар ва провайдерларнинг буюртмаларини таъминлай оламиз. Жорий йилда биз ХПКМнинг умумий ўтказувчанлигини бир ярим бараварга –1800 Гбит/с гача оширишни режалаштирмоқдамиз.
– Нархлар мавзуси ҳақида сўз кетганда шуни таъкидлаш лозимки, ўтган йили «Ўзбектелеком» АК хизматлари тарифлари сезиларли равишда пасайтирилди. Эҳтимол, бу амалга оширилган тармоқни модернизация қилиш лойиҳалари билан боғлиқдир. Яна қандай омиллар истеъмолчилар учун хизматлар нархини пасайтиришга ёрдам беради?
– Яқинда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги эълон қилган компаниямиз томонидан амалга оширилган қатор ишларга оид маълумотларда буни яққол кўришингиз мумкин, яъни: