Islohotlar samarasi

ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг Ўзбекистондаги тадқиқотлари илм-фанимизнинг катта ютуғи

1/2022

 
     Мазкур ҳамкорлик доирасида коронавирус пандемияси бошланиши ҳамон Инновацион ривожланиш вазирлиги COVID-19 га қарши курашда катта ҳамкорлик дастурини амалга оширишга киришди. Хусусан, дори воситалари, тест тизимларини ўрганиш бўйича тадқи­қотлар олиб борилди. Шу билан бирга, вакцина яратиш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти юзага келди. Бу даврда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технология­лар марказининг Хитой Фанлар академияси Микробио­логия институти билан ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, “Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd” фармацевтика компанияси билан саноат ҳамкорлиги бошланди. Ушбу ҳамкорлик мамлакатимизда олиб борилган коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи клиник синовлари доирасида амалга оширилди.
     Таъкидлаш керакки, айни пайтда бизнинг ҳеч бир тиббиёт муассасамиз янги дори воситаларининг бундай кўп марказли тадқиқотларида қатнашиш тажрибасига эга эмас эди. Мамлакатимиз олимлари, етук шифокорлари иштирокида ўтказилган қатор муҳокамалар тиббиётимиз бундай мураккаб вазифани уддалай оладими, деган шубҳалар борлигини кўрсатди. Шу билан бирга бундай тажриба биз учун жуда самарали эди, бундан ташқари келажакда биз биринчи бўлиб ушбу вакцинага эга бўлардик.
     Ўша пайтда вакцина ишлаб чи­қувчилар томонидан синовларнинг учинчи босқичи бўйича бошқа таклифлар ҳам берилди. Аммо бизнинг генетик муҳандислик соҳа­сидаги билим ва тажрибамиз, шунингдек ZF-2001 рекомбинант оқсил табиатига эга эканлиги ва бу технология сўнгги йилларда ўз исботини топгани ҳал қилувчи роль ўйнади. Бу турдаги вакцина гепатитга қарши қўл­ланилади, маълумки, у билан болалар 2 ойликдан эмланади. Янги вакцина олиш технологиясини ҳар томонлама ўрганиш, синовларнинг 1- ва 2-босқич­лари учун хавфсизлик ва иммуногенлик тўғрисидаги ҳисоботлар бизга тўғри қарор қабул қилиш имконини берди.
     2020 йил октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақ­лаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология институти ва Хитойнинг фармацевтика компанияси ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди. Шундай қилиб, Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина синовларининг учинчи босқичини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистонда клиник синовлар бошланишидан аввал препаратнинг лаборатория синовлари ўтказилди, ҳайвон­ларда антитаналар ишлаб чиқа­риш самарадорлиги ба­ҳоланди.
     Ноябрь ойида хитойлик тадқи­қотчилар ва мутахассисларнинг бир гуруҳи Тошкентга етиб келди ва улар ҳозиргача шу ерда. Синовлар ҳали якунига етмаган ва жорий йилнинг охиригача давом этади. Вирусология институтида мазкур лойиҳада фаолият юритиши керак бўлган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар тайёрланди. Илғор технологиялар марказининг 30 нафардан ортиқ ходимлари бош­қарув ва мониторинг гуруҳига бириктирилди. Жараёнга жами 100 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари жалб этилди, кейинчалик биз кўнгиллиларнинг соғлигини ҳар куни кузатиб бориш мақсадида Call-марказ учун яна 36 кишилик жамоа туздик. Бу рақамлар қанчалар кенг кўламли тадқиқотлар олиб бораётганимизни яна бир бор исботлайди.
     Шундай қилиб, 2020 йил 10 декабрда ўтказилган Этика қўмита­си­нинг йиғилишида Илғор технологиялар маркази томонидан хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, шарҳ­ловчиларнинг хулосасига кўра халқаро тасодифий, икки томонлама номаълум, плацебо назоратли клиник синови GPC халқаро стандарти талабларига мувофиқ амалга оширилиши маъқулланди. ЖССТ талабларига мувофиқ Этика қўмитаси томонидан 7000 нафар кўнгиллилар вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсиридан суғурта қилинди.
     Биз 5 та эмлаш пунктини ташкил қилдик, дастлаб ҳарбийлар, давлат хизматчилари, шифокорлар каби аҳолининг уюшган гуруҳларини кўнгиллилар сифатида жалб этишга қа­рор қилинди. Бу ҳолатда албатта, асосий шарт кўнгиллининг ихтиёрий розилиги бўлиб, уларнинг ҳар бири бундай розиликни имзолади. Шунингдек, кўнгиллиларнинг шахсий харажатларини қоплаш учун пул мукофоти берилди.
     7 минг кишини эмлаш учун учун жами 14 минг кўнгилли тиббий кў­рикдан ўтиши керак эди, кўрик давоми­да кўнгиллилар саломатлигининг асосий кўрсаткичлари аниқ­ланди, антитаначалар учун қон ва коронавирус учун ПЗР таҳлили олинди, кимлардир тиббий сабабларга кўра синовлардан четлаштирилди, яна кўпчилик COVID-19 билан касаллангани сабаб антитаначалари мавжуд эди, шунингдек, иккинчи куни ўз ихтиёри билан эмлашга қайтиб келмаганлар ҳам бўлди.
     Илғор технологиялар маркази ҳамда Вирусология институти олимларининг ил­мий-тадқиқот ва ташкилий ишлари хитойлик мутахассислар, шунингдек, мус­тақил экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Хитой Ўзбекистонни ҳамму­аллиф сифатида қабул қилганини эълон қилди ва унга ZF-UZ-VAC2001 номини бериш тўғрисида қўшма қарор қабул қи­линди. Бу ютуқ мамлакатимизни ўз вакцинасига эга давлатлар қаторига кириш имконини берди.
     Умуман олганда III босқич клиник синовлар 5 та давлатда (Хитой, Ўзбекистон, Индонезия, Покистон, Эквадор) жами 28 500 нафар кўнгилли иштирокида ўтказилди. ZF-UZ-VAC2001 коронавирусга қарши вакцинасининг 3-босқич клиник синовлари натижалари ўтган йилнинг 27-28 август кунлари эълон қилинди.
     Ушбу тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, 3-до­задан кейин вакцина самарадорлиги барча штамм­лар учун 81,76% ва «британча» штаммга нисбатан 92,93% ни ташкил этaди. Ўлим ва оғир ҳолатларга қарши 100% самарали эканлиги исботланган. ЖССТ талабларига кўра вакцина камида 50% самарадорликни кўрсатиши керак.
     28 500 нафар кўнгилли 14 249 вакцина ҳамда 14 251 плацебо билан эмланди. Уларнинг 647 нафарида коронавирус ташхиси қўйилган. 221 нафар кўнгиллида 3-доза вакцинани олганидан 7 кун ўтгач вирус аниқ­ланган. Маълум бўлишича, беморларнинг 35 нафари вакцина, 186 нафари эса плацебо олган. Бу рақамлар вакцинанинг самарадорлигини 81,76 фоизга ҳисоблаш имконини ­берди.
     Таққослаш учун Pfizer вакцинаси 85%, AstraZeneca 68%, Moderna вакцинаси эса «асосий» (Ухан) штамми (94%) учун юқори самарадорликни кўрсатди ва ушбу кўрсаткич «дельта» штамми учун 76% гача пасайди.
     Хулоса қилиб айтишим мумкин­ки, 30 сентябрь куни «Jurabek Laboratories» фармацевтика корхонасида ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг биринчи партияси хитойлик ҳамкорлар билан ҳамкорликни бошлаганимиздан деярли бир йил ўтиб ишлаб чиқарила бошланди. Ҳозирда ойига 10 миллион доза вакцина ишлаб чиқа­рилмоқда.
 
 
Шаҳло ТУРДИҚУЛОВА,
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.