2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 3.1-бандига мувофиқ суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш, шунингдек, капитални жалб қилиш ҳамда корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида фонд бозорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу миллий иқтисодиётимизда суғурта ва қайта суғуртанинг ҳам аҳамияти беқиёслигини англатади.
Зеро, суғурта ва қайта суғурта ҳозирги замон иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Суғурта бозори қанчалик ривожланса, қайта суғуртага талаб ҳам шунчалик ортмоқда.
Қайта суғурта қилиш – суғурталашга рискни қабул қилиш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар тизими (рискларни бирламчи жойлаштириш) демакдир. Суғурталовчи мувозанатлашган суғурта портфелини яратиш ва суғурта операцияларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилиб олинган рискнинг маълум қисмини, ўзаро келишилган ҳолда, бошқа суғурталовчига бериши (рискни иккиламчи жойлаштириши) мумкин.
Ўзбекистондаги суғурта бозорининг бугунги аҳволи, инфратузилмасининг ривожланганлик даражаси мавжуд суғурта компаниялари фаолиятини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса суғурта ташкилотларининг капиталлашуви ва молиявий барқарорлигини ошириш, уларнинг ҳудудий тармоқларини кенгайтириш ва инвестицион жараёнлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, суғурта хизматларидан фойдаланувчилар ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишини таъминлашдан иборат бўлмоқда.
Қайта суғурталаш соҳасини суғурта соҳаси билан бир қаторда ривожлантириб ва такомиллаштириб бориш давр талабига айланмоқда. Бу борада бизнинг юртимизда ҳам диққатга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йил 29 сентябрда имзолаган «Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айримларини ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблаш тўғрисида»даги фармонига мувофиқ фаолият юритувчи суғуртачиларнинг устав капитали ҳозир умумий суғурталаш тармоғида 7,5 миллиард сўмни, ҳаётни суғурталаш тармоғида 10 миллиард сўмни, мажбурий суғурталаш бўйича 15 миллиард сўмни, қайта суғурталаш бўйича 30 миллиард сўмни ташкил этади.
Qayta sug‘urta qilishning sug‘urta amaliyotiga ta‛siri