Тошкент вилояти экотуризм, спорт туризми, агротуризм, зиёрат туризми йўналишлари бўйича катта салоҳият ва имкониятга эга. Шу боис ўтган йили бу ерга 3,8 миллион, жумладан, 555 мингга яқин чет эллик туристлар ташриф буюришди. Уларнинг 1,4 миллион нафари Бўстонлиқ туманига, 576,4 минг нафари Зангиота туманига зиёрат учун келишди. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида эса маҳаллий аҳолидан 1,4 миллион нафари юртимиз бўйлаб сафарда бўлди. 178 та маданий ва кўнгилочар тадбирда ҳамюртларимиз қатори ўзга давлатлар фуқаролари ҳам қатнашдилар. Бу йил ҳудудга жами 4,7 миллион, чунончи, 898 минг нафар хорижлик туристни жалб қилиш мўлжалланмоқда.
Вилоятнинг ўрмон фонди ҳудудлари аҳоли дам олишини уюштириш ва экотуризмни ривожлантириш учун анча қулай. Масалан, 1990 йилда ташкил этилган Угом – Чотқол давлат миллий табиат боғини олайлик. Унинг умумий майдони 574,6 минг гектар. Шундан 445,8 минг гектари Бўстонлиқ, 42,1 минг гектари Паркент, 76,6 минг гектари Оҳангарон туманида.
Ҳудудда туризм индустриясини жадал тараққий эттиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги 3217-сонли қарори билан тасдиқланган 2018-2019 йилларда Туризм соҳасини ривожлантириш дастури асосида иш юритиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятда сайёҳлар учун энг қулай шарт-шароит, иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий муҳит яратиш, соҳада хусусий сектор иштироки устуворлигини таъминлаш, уларнинг рақобатбардошлигини, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва даромадлари базасини кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтириш, миллий туризм маҳсулотларини жаҳон бозорида фаол ва комплекс тарзда илгари суриш мақсадида сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, соҳадаги муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш борасида диққатга молик ишлар олиб борилмоқда. Натижада ҳозиргача ялпи қиймати 122,5 миллиард сўмлик 40 та туризм объекти фойдаланишга топширилиб, 784 та янги иш ўрни очилди, замонавий жойлаштириш воситаларининг меҳмон қабул қилиш қуввати 3148 тага ошди. Замонавий объектларнинг 6 таси меҳмонхона, 6 таси дам олиш, 7 таси спорт-соғломлаштириш маскани, 5 таси тематик парк, 10 таси тамаддихона, 14 таси бошқа корхоналардан иборат бўлди. Жумладан, ўтган йил ниҳоясида Бўстонлиқ туманида «Сурпа» спорт-соғломлаштириш мажмуаси, Паркент туманида «Ғалаба» фермер хўжалигига қарашли «Эргаш ота» меҳмонхонаси, Чиноз туманида «Фаворит» дам олиш уйи, Бекобод шаҳрида майдони 23 гектарлик истироҳат боғи, Қибрай туманида энергетиклар сиҳатгоҳи ишга туширилди.
Вилоятда махсус лицензияга эга 143 та жойлаштириш воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар таркибидаги меҳмонхона, санаторий, хостел, дам олиш маскани, спорт базаси, клиника, меҳмон уйлари кунига 4592 нафар туристни қабул қилиш қувватига эга. 34 та тадбиркорлик субъекти эса туроператорлик билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари эко, агро, зиёрат, спорт, экстремал, гастрономик ва бошқа туристик йўналишлар бўйича яратилган 114 та туристик маршрут, асосий йўллар бўйидаги туристик объектларга тааллуқли йўл кўрсаткичлари, биоҳожатхона ва туризм ахборот марказлари сайёҳлар учун ўзига хос қулайликлар туғдирмоқда.
2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» биносида бўлиб ўтган «Туризм индустриясига инвестициялар» I халқаро форумида 137 та ер участкаси сармоядорларга туризм объекти барпо этиш учун таклиф этилди.
Президентимиз ва ҳукуматимизнинг тегишли фармони ҳамда қарорига асосан Бўстонлиқ туманида майдони 96 минг гектарлик «Чорвоқ» эркин туристик зонаси (ЭТЗ) ташкил этилди. «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК томонидан унинг бош режасини ишлаб чиқишда шу ҳудудда фаолият юритаётган объектларга уйғунлашган, уларни ва бошқа иншоотларни бузмаган ҳолда янги туристик объектларни жойлаштириш устувор тамойил сифатида белгиланди. Албатта, янги объектларнинг меъморий қиёфаси замонавий, эко муҳитга мос, туристлар учун қулай ҳамда халқаро стандартлар даражасида бўлиши шарт.
Ҳукуматимиз бошқа давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, юртимизда туризмни ривожлантириш, халқаро талабларга мос замонавий туризм ҳудудларини яратиш борасида олиб борилаётган сиёсат натижасида Франциянинг «Orex-Loisirs», «SCP Geode» ва «Compagniedes Alpes» компаниялари «Чорвоқ» ЭТЗнинг Белдирсой, Чимган-Чорвоқ ҳудудлари бош режасини ишлаб чиқиш ва замонавий туристик объектлар қуриш учун инвестор жалб қилиш истагини билдиришди. Айни кезларда ЭТЗ ҳудудида 229 та туристик объект бўлиб, шундан 3327 ўринли 19 та меҳмонхона, 6 та сиҳатгоҳ, 4 та дам олиш маскани ва бошқа шохобчалар фаолият юритмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра бу ҳудудга ҳар йили ўртача 3 миллионга яқин маҳаллий ва хорижий туристлар келиб-кетади.
Ушбу мақола тўлик матнини журналнинг босма версиясида ўқинг.