Самарқандда вилоят меҳнаткашларининг жорий йил қишлоқ хўжалик мавсуми якунларига бағишланган “Ҳосил байрами” тадбирлари ўтказилди. Байрамда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан деҳқон ва фермерлар, чорвадор ва боғбонлар, қишлоқ хўжалик корхоналари вакиллари, дала заҳматкашларига камарбаста бўлган ҳашарчилар, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этди. Жорий йилда вилоят меҳнаткашлари 218 минг 900 тоннадан зиёд пахта, 318 минг 734 тонна ғалла, 2 минг 829 тонна пилла тайёрлаб, йиллик шартнома режаларини ортиғи билан уддалади. Шунингдек, бу йил вилоятда 625 минг тонна картошка, 1685 тонна сабзавот, 135 минг тонна полиз, 438 минг тонна мева, 585 минг тонна узум, 265 минг тонна гўшт, 1232 минг тонна сут, 1 миллиард 362 миллион дона тухум, 1045 тонна асал, 2239 тонна балиқ ишлаб чиқаришга эришилди. Жорий йилги мавсумда юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда вилоят пахта хирмонига салмоқли ҳисса қўшган Иштихон, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари ҳокимликларига “Дамас” автомашиналари топширилди.
Манба: «ЎзА»