Миллатнинг саломатлиги ва генафондини яхшилашга замон талаблари даражасида ёндашадиган, инсон соғлиғини асрашни муқаддас бурч сифатида қабул қиладиган юксак савияли ва салоҳиятли кадрлар тайёрлаш энг муҳим устувор вазифалардан ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу масалага жиддий эътибор берилиши билан бирга давлат бюджети маблағларининг салмоқли улуши соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилиши бежиз эмас.
Шу ўринда айтиш жоизки, соҳада амалга оширилаётган устувор ислоҳотлар, ғамхўрликлар ўз натижаларини бермоқда. Сўнгги йилларда соҳага доир дастурлар тайёрланиши, вазифалар белгиланиши, ижроси таъминланиши ва тизимли чора-тадбирлар қўлланишидан ягона мақсад – инсонлар соғлиғини асраш, жисмонан ва маънан баркамол, мустақил фикрга ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёш авлодни тарбиялашдан иборат. Айни пайтда соҳадаги комплекс чора-тадбирларга асосан юртимиздаги барча тиббиёт муассасалари юқори малакали кадрлар билан бойитилиб, замонавий ва илғор тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Бу жиҳат вилоятда кечаётган ижобий ўзгаришлар, барча соҳаларда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга, вилоят аҳлининг кўтаринки кайфиятига ижобий таъсир этмоқда.
Мустақиллик йиллари мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос миллий модели яратилди. Барча ҳудудларда жаҳон андозасига мос хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари ишга туширилиши ва ривожланиши натижасида турли касалликларнинг олди олиниб, баъзи бир касалликлар умуман қайд этилмади. Жумладан, оналар ва болалар соғлиғини сақлашга йўналтирилган алоҳида дастур амалга оширилиши сабабли ҳудудлардаги аҳоли энди пойтахтга келиб вақтини ҳам, маблағини ҳам йўқотмайди. Бугун олис қишлоқларда ҳам юксак савиядаги малакали шифокорлар мураккаб операцияларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Соҳада қўлланаётган илғор тиббий анжомлар муваффақиятлар гарови бўлиб, модернизация ишлари барча тиббиёт муассасасига татбиқ этилмоқда. Жумладан, «Саломатлик-2» лойиҳаси доирасида вилоятдаги 174 та ҚВПнинг 124 таси ОТБ, 50 таси Япониянинг «Жайка» халқаро ташкилотининг 4,7 млрд. сўмлик, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, туғруқ муассасаларига 1,1 млрд. сўмлик ЭКГ, УТТ, дистилятор, лаборатория ҳамда дори-дармон жиҳозлари, йўргаклаш столи, биокимёвий анализатор, автоклав, стоматологик ҳамда бошқа тиббиёт ускуналари етказиб берилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати оширилди.
Айни пайтда қарийб 1,3 млн. нафар аҳолига 4246 ўринга мўлжалланган 37 та шифохона, 16000 қабул қувватига эга 125 та амбулатор-поликлиника, шу жумладан, 174 та ҚВП тиббий хизмат кўрсатмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган 1892 нафар шифокор, 8000 нафар ўрта тиббиёт ходимларидан икки нафари тиббиёт фанлари доктори, 14 нафари тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга. Жиззах вилоятининг шифокорлар билан таъминланиш кўрсаткичи ҳар 10 минг нафар аҳолига 14,5 ва ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланиш кўрсаткичи 94,2 тани ташкил этмоқда.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизими муассасалари таркибига 44 та шифохона, олтита шифо ўринларига эга диспансер ва бешта марказ киритилган. Бундан ташқари, мустақил қон қуйиш маркази ҳамда 13 та бошқа муассасалар таркибига кирувчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари, Саломатлик ва тиббий статистика институтининг вилоят филиали, суд-тиббий экспертиза бюроси, иккита санатория муассасаси аҳоли саломатлигини тиклаш ва соғлиғини янада яхшилаш йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Бугун аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори. Болалар стоматология поликлиникаси, вилоят юқумли касалликлари, сил касалликлари шифохонаси, кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, Перинатал ва репродуктив саломатлик марказлари, шунингдек, кўплаб хусусий тиббиёт масканлари фаолият юритмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан ҳисобот даврида ҳудудда яшовчи 841285 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши режалаштирилгани ҳолда, 817026 нафари кўрикдан ўтказилди (97 %), шундан 346 минг нафарида турли касалликлар аниқланиб, 320 мингга яқини амбулатор ва стационар шароитларда даволанди. Вилоятдаги 77 та нодавлат тиббиёт муассасаларидан бештаси санатория, 21 таси кўп тармоқли стационар, 56 та амбулатор шароитда ишловчи тиббиёт муассасасидан 21 таси стоматология хизматларини кўрсатади. Ушбу муассасаларнинг 52 таси Жиззах шаҳрида, саккизтаси Ш.Рашидов, еттитаси Зомин, тўрттаси Ғаллаорол, учтаси Пахтакор, биттаси Зарбдор, биттаси Мирзачўл, биттаси Янгиобод туманларида фаолият кўрсатмоқда.
Тиббиётга илғор технологияларни жалб этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилиб, бугунги кунда вилоятнинг барча туман тиббиёт бирлашмалари, марказий шифохоналари, кўп тармоқли марказий поликлиникалари замонавий тиббий асбоб-ускунлар билан жиҳозланди. Жумладан, 1- ва 2-типдаги рентген аппаратлари, дигитайзер, автоклав, УТТ, ЭКГ, стерилизатор, гастрофиброскоп, отоскоп, офтальмоскоп, совуткич, музлаткич ва бошқалар тиббиёт ходимлари фаолиятида турли даражадаги қулайликлар яратишга хизмат қилмоқда. Жиззах шаҳрида юқори технологияли диагностик магнит резонансли компьютер томография аппарати ўрнатилган. Тиббиёт ходимлари малакасини оширишда, уларни касбий қайта тайёрлашга эътибор беришда жиддий ҳисобланган тўққизта мутахассислик бўйича туман тиббиёт бирлашмалари ва оилавий поликлиника шифокорлари ва ўрта тиббиёт ходимлари мунтазам ўқув семинарларида иштирок этиши йўлга қўйилган. Сўнгги ўқув семинарида 72 нафар шифокор ҚВП, оилавий поликлиника УАШларига «Саломатлик-2» лойиҳаси бўйича каскад услубидаги семинарда иштирок этмоқда. Семинарлар педиатрия, репродуктив саломатлик, эндокринология ва жарроҳлик йўналишидаги мутахассисликларнинг долзарб мавзуларига қаратилган бўлиб, тиббиёт ходимлари ўзлари учун зарур кўникма ва билим олишларида ижобий натижа бермоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, Жиззах шаҳридаги бешта оилавий поликлиника уч йилдан буён аҳолига юқори савиядаги тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шошилинч тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йил ҳисобот даврида тез тиббий ёрдам бўлимларига 45 та автомашина ажратилди. Тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун инвестиция дастури асосида саккизта шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, тўртта вилоят даволаш муассасасида қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Юртимизда инсон саломатлигига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, аҳоли саломатлиги йўлида зарур шароитлар яратилаётган экан, айни пайтда, тиббиёт ходимларидан ҳам юқори билим ва малака талаб этилмоқда. Бу ўз навбатида, соҳада салмоқли ишлар амалга оширилишига, шифокорлар мунтазам равишда ўз устида ишлаб билимини ошириши соҳанинг ўзига хос муваффақиятларига сабаб бўлмоқда. Малакали шифокорлар юрак қон-томири, кўз микрохирургияси, эшитиш билан боғлиқ муаммолари мавжуд гўдакларда кохлеар мураккаб жарроҳлик операцияларини муваффақиятли амалга оширмоқда. Бу билан шифокорлар кўплаб беморларнинг умри узайишига, кўз нурлари тикланишига, эшитиш бахтидан мосуво бўлган гўдакларга эшитиш имконини беришмоқда.
Шу жумладан, аёл ва ўсмирлар, гўдаклардаги мавжуд бўлган баъзи бир нуқсон ва муаммолар ўз вақтида аниқланиб, уларнинг даволаниш босқичига ўтган касалликларининг олди олинишига эришилмоқда.
Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг таснифига кўра, инсоннинг соғлом бўлиши, рисоладагидек яшаши 55 фоиз унинг ҳаёт тарзига боғлиқ экан. Ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзига риоя этиши учун кунлик тартибни тўғри ташкил этиши, тиббий кўрикдан вақтида ўтиши, овқатланиш қоидасига амал қилиши, бадантарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, вақтида дам олиши, ҳаётда учрайдиган муаммо ва қийинчиликни хотиржамлик билан ҳал этишига узвий боғлиқ. Оилада катталарнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши кичикларга ибрат. Шу боис, миллатимиз генофондини тоза сақлаш ҳар биримизга боғлиқлиги ва наслимиз соғлом бўлиши бугунги амалларимиз натижаси эканлигини унутмаслигимиз даркор.
Хулоса шуки, вилоятда фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходими ва соғлом турмуш тарафдори бўлган вилоят аҳли ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ҳаёт кечириши, ёш авлод – ўғил-қизларига ижобий фазилатларини намоён этиши, жўшқин ва мазмунли ҳаёт тарзи билан ибрат кўрсатиши лозим. Зеро, соғлом миллатгина буюк келажакни қура олади!
Олимжон САТТОРОВ,
«O‘zIA» мухбиримиз