Islohotlar samarasi

Yurt taraqqiyotining muhim omillari

5-6/2017

     Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олға сурил­ган, аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, жорий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият бар­қарорлигига эришиш, оилалар фаро­вонлиги ва эл-юрт тинчлигини асраб-авайлашдек эзгу ниятлар мужассамлашган. Яъни, бунда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ҳар қачонгидан ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик­ни мустаҳкамлаш, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритиш бўйича муҳим вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган.
     Шубҳасиз, 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиниши ва Ҳа­ракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг узвий да­воми бўлди. Энг муҳими, бунга юртимизда диққатга молик чора-тадбирлар татбиқ этилаётганлиги ва Қора­қалпоғистон Республикасида эришилаётган салмоқли ютуқлар мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.
     Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўла­ми, муддатлари, молиявий манбалари ва масъуллари аниқлаб олинди. Сўнг­ра, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» ҳудудий дастури тас­диқланди, шунингдек, унинг ижро­сини таъминлаш бўйича ташкил этилган ҳукумат ишчи гуруҳи йил давомида самарали фаолият олиб борди.
     Аҳоли бандлигини таъминлаш ва реал даромадларини изчил равишда ошириб бориш энг устувор вазифалардан бири сифатида қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қора­қалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг «2017 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлиги­ни таъминлаш дастури тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, январь-октябрь ойларида 36083 та иш ўрни очиш мўлжалланган эди. Амалда бу кўрсаткич 36828 тага етказилиб, режа 102,1 фоиз қилиб бажарилди. Янги иш ўринларининг 28,2 фоизи ёшлар ва 41,9 фоизи аёллар учун яратилди.
     Тўрткўл, Мўйноқ, Шуманай туманларида ишсизлик даражаси нис­батан юқори бўлишига таъсир этувчи сабаблар атрофлича таҳлил қили­ниб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилди. Яъни «Ўзпахтасаноат» ва «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик жамиятлари ташаббуси билан олис Мўйноқ туманига 250 та тикув машинаси келтирилиб, 120 нафар хотин-қиз ишлайдиган «Gold Muynak Мasters» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Қолган 150 та тикув машинаси уйида тикувчилик билан шуғулланувчи аёлларга тарқа­тилди. Масалага янада кенгроқ ёндашадиган бўлсак, ўн бир ой мобайнида туман миқёсида жами қиймати 20 миллиард сўмлик 52 та лойиҳа молиялаштирилди.
     Олдинги ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган 866 нафар йигит-қизга ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун 15,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар берилди. Шундай иш билан шуғулла­ниш истагида бўлганлар орасида тижорат банклари филиаллари ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, амалий ёрдамлар кўрсатила бошланди.
     Қорақалпоғистонда арзон уй-жойлар барпо этиш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, бозорларни, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуника­ция ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизациялаш бўйича ҳам кўплаб ибратли ишларга қўл урилди. Айтайлик, 2017–2019 йилларда жами 16 та деҳқон бозорини реконструкция қилиш ва улар ҳудудида замонавий савдо маж­муалари қуриш кўзда тутилган. 2017 йилда тўртта бозорни замон талаб­ларига мослаштириб, Нукус шаҳрида икки қаватли, Қонликўл, Шуманай ва Элликқалъа туманларида бир қаватли супермаркетлар қу­риш дастурга киритилган эди. Самараси кутгандек бўлди, декабрь ойигача Элликқалъа ва Шуманай деҳқон бозорларида 1,5 млрд сўмдан зиёд, Қонликўл деҳқон бозорида 1,1 млрд, Нукус шаҳри деҳ­қон бозорида эса уч млрд сўмлик қу­рилиш-монтаж ишлари бажа­рилди.
     Туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ҳамда мувозанатли ривожлантириш, улар салоҳиятидан унумли ҳамда оптимал фойдаланиш, янги-янги кичик саноат зоналарини ташкил қилиш, фаолият кўрсатаётганлари самарадорлигини ошириш доимий равишда эътиборда бўлди. Эзгу мақсадда 20,5 гектар майдонда «Мўйноқ кичик саноат зонаси» барпо этилди. Бугунга келиб, 20 нафар тадбиркорга талабномалари бўйича кичик саноат зонасидан ер ажратиб берилди.
     Таркибий ўзгаришларни чуқур­лаштириш, етакчи тармоқларни замонавийлаштириш ва фаол диверси­фикация қилиш эвазига миллий иқ­тисодиётимиз рақобатбардошли­гини ошириш мақсадида Қорақалпоғис­тон­даги кам қувватли, паст рентабелли корхоналарни молиявий соғлом­лаштириш, бўш турган объектларда янги ишлаб чиқаришларни йўлга қў­йиш бўйича 2017–2018 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастур ишлаб чи­қилди. Унга кўра, ўтган даврда 88,7 млрд сўмлик инвестициялар (47,9 млрд сўми банк кредитлари) жалб этилиб, 308 та лойиҳани ишга тушириш ҳамда 114 млрд сўмлик маҳсулот тайёрлаб, 2,2 млн долларлик қисмини экспортга йўналтириш ва 1975 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган эди. Ҳисобот даврида корхоналарни модернизациялаш ва ишлаб чиқа­ришни ташкил этишга 76,2 млрд сўм миқдорида инвестициялар (уларнинг 55 фоиздан зиёдроғи банк кредитлари) сарфланди. Пировардида дас­турда тилга олинган корхоналар томонидан 42 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шунинг баробарида 1452 та иш ўрни очилди ва қайта тикланди.
     Дастурдан Қорақалпоғистон Рес­публикасида ҳам янги туристик маршрутлар очиш, сайёҳликнинг янги за­монавий турларини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини ку­чайтириш масалалари алоҳида ўрин эгаллаган эди. Ҳозир бу жабҳа­даги ишлар тизимли равишда олиб борилаяпти. Яъни, унда мижозларга сай­ёҳлик хизматлари кўрсатадиган ташкилотлар ҳам фаол қатнашаяпти. Масалан, «Ayim-tur» МЧЖ томонидан «Тошкент – Нукус – Судоче кўли – Урга қишлоғи – Устюрт пасттекисликлари – Oрoлқум – Oрoл денгизи», «Muinok tur» МЧЖ томонидан «Нукус (Савицкий музейи) – Мўйноқ (Кемалар қабристони) – Устюрт платоси – Орол денгизи – Судоче кўли», «Qaldir­g‘och – Mavlyuda» МЧЖ томонидан «Қўнғирот (Довуд ота) – Мўйноқ (Ҳаким ота)» янги йўналишлари ишлаб чиқилди. Ҳозир уларга маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар кенг жалб этилаяпти.
     Ҳудудда туризмни янада ривож­лантириш учун 2017 йил 24–25 октябрь кунлари Мўйноқ туманида «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестиваллари, Ажи­ниёз ҳамда Бердақ ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро мусиқий-шеърий анжуман ва «Орол балиқ­ларидан 99 тур таомлар» гастро­номик беллашуви ўтказилди. Шунинг­дек, «Кемалар музейи» яқинида Мўй­ноқ маёғи барпо этилди. Эллик­қалъа туманидаги Ақчакўл бўйида туристларни жалб этувчи ўтовлар, спорт майдончаси ва ошхоналардан иборат, катерлар, қайиқлар ва катама­ранларга эга сайёҳлик базаси ­очилди.
     Юртимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, биринчи навбатда, фуқароларимиз манфаатлари, эл-улус бахт-саодати ва Ватан равна­қи учун хизмат қилиши табиий. Модомики, шундай экан, зуваласи эзгулик ғоялари билан йўғрилган бундай хайрли ишлар келгусида ҳам узлуксиз давом эттирилади. Бунда 2017–2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.
 
 
Баҳромжон ГУЛИМОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бош мутахассиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.