Сўнгги етти йилда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳасида кенг қамровли ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқдаки, булар алалоқибат оддий одамлар турмуш тарзи, онгу-шуури ва ҳатто мақсад-муддаоларида ҳам ўз инъикосини топмоқда. Бугун юртимизнинг қай манзилига борманг, улкан бунёдкорлик ишларининг устидан чиқасиз. Ҳамюртларимиз эса шунчаки кун ўтказиш кайфиятида эмас, балки салоҳияти ва лаёқатидан келиб чиқиб яхши яшашга интилиш, фарзандлари камолоти учун ғамхўрлик кўрсатиш, эл-юрт равнақига ҳисса қўшиш орзулари билан яшаётганидан қалбингиз завққа тўлади. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, одамларни рози қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар амалда ўз натижасини бермоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йил сайин таниб бўлмас даражада ўзгариб бораётгани бунинг ёрқин мисолидир.
Халқаро ҳамжамият ва иқтисодчи мутахассислар Ўзбекистон қурилиш секторида сезиларли фаоллик кузатилаётганини эътироф этмоқдалар. Статистик маълумотларга кўра 2023 йилнинг январь-май ойларида умумий қиймати 52,1 трлн. сўм бўлган қурилиш лойиҳалари якунланди ва бу соҳада истиқболли ўсиш траекториясидан далолат беради. Агар 2017 йилда қурилиш сектори учун 34,7 трлн. сўм сармоя киритилган бўлса, мазкур рақам 2022 йилда 130,8 трлн. сўмни ташкил этди. Кўриниб турибдики, мамлакатимизда қурилиш ишларида изчил ўсиш тенденцияси кузатиляпти. Бу эса ўз навбатида, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш имкониятларини оширмоқда.
Ҳудудлар кесимида кўрганимизда, Жиззах вилоятида ҳам бунёдкорлик ва яратувчанликка монанд тадбирлар кўлами йил сайин кенгайиб бораётганига амин бўламиз.
Яна рақамларга эътибор қаратамиз. 2023 йилда Жиззах вилоятида жами қурилиш ҳажми 3917,3 млрд. сўм бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 107,2 фоизга ошди. Қурилиш ишларининг ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ)даги улуши 5,2 фоизни ташкил этди. Соҳада меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 3,3 млн. сўм этиб белгиланди.
Қурилиш соҳасида амалга оширилган ишларнинг 74 фоизи кичик ва микрокорхоналар томонидан, 6 фоизи йирик корхоналар ва 20 фоизи норасмий сектор томонидан амалга оширилган. Бажарилган жами қурилиш ишларининг 42,1 фоизи Жиззах шаҳрига тўғри келса, бу борадаги кўрсаткич Шароф Рашидов туманида 16,3, Зомин туманида 10,4 фоизга етган.
Қолган туманларда ҳам янги турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини бунёд этиш, аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келган абгор йўлларни яхшилаш, сув, табиий газ, электр энергияси таъминотини барқарорлаштиришга қаратилган қурилиш ва таъмирлаш, ободонлаштириш юмушлари бир қадар жонланган.
Маълум бўлишича, Жиззах вилоятида бир ярим мингдан зиёд катта-кичик қурилиш корхоналари фаолият юритиб, уларнинг салмоқли қисми бино ва иншоотлар қурилишида иштирок этаётир.
Чиндан ҳам бугун Жиззах воҳасини ҳақиқий бунёдкорлик майдонига қиёслаш мумкин. Бу янгиланиш замирида, албатта, вилоят иқтисодиётининг изчил ривожланаётгани, саноатнинг турли йўналишлари, туризм, хизмат кўрсатиш каби ҳудуд ҳаёти учун мутлақо янги бўлган тармоқларнинг йўлга қўйилиши билан боғлиқ омиллар турибди. Бинобарин, вилоят саноати 2023 йилда 2017 йилга нисбатан 6 баробар ўсиб, 21,5 трлн. сўмдан ошди. Саноат тармоқларининг ўзида 2 млрд. долларлик 2 ярим мингдан зиёд лойиҳалар фойдаланишга топширилди. Энг асосийси, вилоятнинг барча туманларига саноат кириб бориб, тайёр, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажми, янги иш ўринлари ва аҳоли даромади сезиларли ўсмоқда. Ўтган олти йилдан ошиқ вақт ичида 400 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилгани вилоятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тизимли олиб борилаётганидан далолат беради.
Буларнинг амалий натижаси эса юқорида урғу берилганидек, бунёдкорлик ишларининг тобора жадаллашувида кўринмоқда.
Биргина йўлсозлик соҳасини олиб кўрайлик. 2017-2022 йиллар мобайнида вилоятда 5 146 кмдан ортиқ автомобиль йўллари, жумладан, умумий фойдаланишдаги 1 396,9 км йўллар таъмирланиб, йўловчилар ва автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун тегишли чоралар кўрилди. Шу билан бирга, 126 та маҳаллада қарийб 2 663 км масофада ички йўлларга асфальт-бетон, цемент-бетон ва шағал қопламалар ётқизилиб, соз ҳолатга келтирилди. Яъни кўпроқ қишлоқ жойларда, узоқ йиллар назардан четда қолиб кетган олис аҳоли яшаш пунктларида қишда лой, ёзда чанг бўлиб, одамларга доимий қийинчилик туғдириб келган ўнқир-чўнқир йўллар равонлашди.
Бундан ташқари, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида ҳам яхши натижалар қайд этилмоқда. Ўтган 2023 йилнинг ўзида шаҳар ва туманларда яна 230 та янги трансформатор ўрнатилган, 320 км электр тармоқлари янгидан қурилган. 1 393,6 км паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда 430 та трансформатор пункти мукаммал, 3 297,2 км паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда 723 та трансформатор пункти жорий таъмирланди.
Яширишнинг ҳожати йўқ, қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли учун электр энергияси қаторида сув таъминоти ҳам ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланади. Зотан, бугун Ер юзида тақчил бўлиб бораётган ва муқобили йўқ ресурс – сув тириклик манбаидир. Айниқса, турмуш тарзи томорқа деҳқончилигига боғлиқ бўлган қишлоқ одамлари учун ичимлик ҳамда оқова суви ҳамма нарсадан муҳим ва қадрли.
Жиззах вилоятида 2017 йилда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 46,8, оқова сув масаласида эса 6,7 фоиз эди, холос. Шу ўтган даврда (2023 йилга қадар) бу кўрсаткични мақбуллаштириш мақсадида 1 трлн. 218 млрд. сўм бюджет маблағлари ажратилиб, 2 354 км ичимлик суви тармоқлари, 329 та сув иншооти қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари уддаланди. Аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси қарийб 20 фоиз ошиб, 65,3 фоизга етказилди. 381 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июлдаги қарорига асосан «Жиззах шаҳри канализация тизимини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Осиё тараққиёт банкининг 79,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари ҳисобига қуввати 30 минг м3/сутка бўлган янги оқова сув тозалаш иншооти, 126,5 км оқова сув тармоқлари ва 7 та оқова сув насос станцияси қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Бунинг шарофати билан Жиззах шаҳрида (140 минг нафар аҳоли) оқова сув тармоқлари қамров даражаси 70 фоизга, Шароф Рашидов тумани маъмурий маркази Учтепа шаҳарчасида (6 минг нафар аҳоли) 40 фоизга етди, ҳудудлар санитар-эпидемиологик ҳолати ижобий томонга ўзгарди.
– Бу борада 2023 йилда ҳам мақтагулик натижаларга эришдик, деб бемалол айта оламиз, – дейди Жиззах вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Ҳасанов. – Вилоят аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 295 млрд. сўм бюджет маблағлари ажратилиб, 767 км ичимлик суви тармоқлари ҳамда 172 та сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Йил якуни билан аҳолимизнинг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 70,4 фоизга етди. 75,5 минг нафар аҳоли хонадонларига илк бора тоза ичимлик суви келди.
Юртимизда, жумладан, Жиззах вилоятида давом этаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз борганда, аҳолини янги уй-жойлар билан таъминлаш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилаётганини қайд этиш зарур. Аҳолининг демографик кўрсаткичлари ошиб бораётган, турар жойга эҳтиёжманд оилалар сони муттасил ортаётган бир пайтда бу масала ғоятда долзарб экани кундай равшан.
Бахтиёр АЗАМОВ, «O‘zIA» журнали мухбири