Дунёда ҳеч бир мамлакат йўқки, туризм соҳасига эътибор қаратмаса, уни ривожлантириш учун ҳаракат қилмаса. Сабаби айни шу тизим исталган давлат иқтисодиётининг таянч устунларидан бири.
Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш, чет эллик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 2017 йилдан буёғига назар ташлайдиган бўлсак, соҳага бир қатор яхши янгиликлар киритилди. Хусусан, виза режими соддалаштирилди. Натижада сайёҳлар сони ва улардан келадиган даромад бир неча баробарга ошди. Қолаверса, янги туризм йўналишлари ташкил этилди, инфратузилма яхшиланди, мамлакатнинг туристик имижи яратилди. Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда ўз имкониятларидан келиб чиқиб, туристик лойиҳалар амалга оширилди ва оширилмоқда. Мисол учун, Жиззах вилояти ҳақида сўз кетганда, донаси косадек келадиган сомсалари, ҳавоси Швейцарияники билан «беллаша оладиган» тоғлари, меҳмондўстликда ажралиб турадиган одамлари кўз олдингизга келиши табиий. Бироқ вилоятнинг туристик имкониятлари шу билангина чегараланиб қолмаган.
Бу қадимий юртда зиёрат туризмини ривожлантириш учун Саъд ибн Ваққос, Ўсмат ота, Новқа ота, Хўжамушкент ота, Парпи ота, Сайфин ота, Саврук ота, Қулфисар ота каби зиёратгоҳлар, йилига ўртача 16-20 млн. куб метр сув олиш мумкин бўлган табиий булоқлар, ёғингарчилик нисбатан мўл бўладиган Бахмал, Зомин, Ғаллаорол, Шароф Рашидов ва Фориш каби тоғли ҳудудлар, таркибида темир, олтингугурт, водород, кремний кислотаси, карбон гази, ишқорли термо-минераллар бўлган бир қатор шифобахш сув манбалари ҳар қандай инсонни ўзига чорлайди. Бу борадаги рақамлар ҳам йилдан-йилга яхшиланмоқда.
Вилоятга 2022 йил давомида 13 минг нафар хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, 2023 йил давомида 144,2 минг нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюришди. Шунингдек, 2023 йил давомида 1,176 млн. нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюришди. Туризм хизматлари экспорти 31 млн. долларни ташкил этди.
Бу кўрсаткич йил якуни билан 1,176 млн. нафарга етказилди. Бу эса йиллик 806 минглик режага нисбатан 1,5 баробар кўп дегани. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоятнинг туризм хизматлари экспорти 31 млн. долларни ташкил этмоқда. Албатта, келаётган меҳмонларни кўпроқ ушлаб туришда ҳар томонлама қулай ва замонавий меҳмонхоналарнинг ўрни катта. Айни шу мақсадда сўнгги 2023 йил давомида жами 36 та, 386 ўринли жойлаштириш воситалари ишга тушди, шундан, 6 та меҳмонхона, 2 та хостел, 2 та кемпинг, 24 та оилавий меҳмон уйи ҳамда 2 та дам олиш маскани фаолияти ташкил этилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, вилоятда 2021 йилда меҳмонхона, оилавий меҳмон уйлари каби 170 та, жами 4 959 ўринли жойлаштириш воситалари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 256 тага, ўринлари сони 6 566 тага етказилди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятга келаётган ҳар бир сайёҳни сифатли тураржой билан таъминлаш имкони яратилди.
Маълумот учун, 255 та жойлаштириш воситалари, шундан:
● 30 та меҳмонхона (1 105 ўринли);
● 20 та кемпинг (717 ўринли);
● 167 та оилавий меҳмон уйи (1 461 ўринли);
● 18 та хостел (369 ўринли);
● 11 та оромгоҳ (1 372 ўринли) ҳамда 9 та санатория (1 532 ўринли) жойлаштириш воситаларида жами ўринлар сони 6 566 тага етказилди.
Сайёҳлар оқимини кўпайтириш зарурати ҳақида гап кетаркан, туристик компаниялар ва маршрутлар жозибадорлигини ҳам унутмаслик керак. Жиззах вилоятида бу борада ҳам ҳавас қиларли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, 2023 йил давомида 11 та туркомпаниялар фаолияти йўлга қўйилиб, 20 та янги турмаршрутлар ишлаб чиқилди. Туркомпаниялар сони 2022 йилда ташкил қилинган даврга нисбатан 11 тага кўпайиб, уларнинг сони 28 тага етказилди.
Вилоятда туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда хорижий ва маҳаллий ташриф буюрувчиларни олиб қолиш бўйича 5 кунлик маршрут – 7 юлдуз туризм ҳалқаси («туристик учбурчак») ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, вилоятдаги барча зиёратгоҳлар имкониятлари тўлиқ ишга солиниб, 2023 йилда 20 минг нафар зиёратчини жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури яратилди. Сайёҳларни кўпроқ олиб қолиш мақсадида солиқ режими жорий этилган Арнасой, Зомин ва Фориш туманларида Ўзбекистон Миллий университетининг масъул ходимлари билан ҳамкорликда «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, қуйидаги ишларни амалга ошириш белгилаб олинди:
● 3 та туманда 7 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва туристик объектлари контентини яратиш;
● улар асосида камида 12 тил (рус, инглиз, француз, немис, араб, япон, хитой, ҳинд, испан, португал, корейс, малай)да туристик пакетлар ишлаб чиқиш;
● туризм, иқтисодиёт, тарих, география, сервис, хорижий тиллар йўналишларида ўқиётган талабаларнинг камида 2 ойлик амалиётини ушбу туманларда ташкил қилиш.
Малакали кадрлар сонини кўпайтириш учун жорий йилнинг 1-20 май кунлари Зомин туризм ва сервис коллежида вилоятда туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари ходимларидан 30 нафарини 3 гуруҳга бўлиб, 36 соатлик ўқув дастури асосида қисқа муддатли ўқув курси ташкил этилди.
Вилоятга маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида 2023 йил давомида ўтказиладиган фестивал, концерт ва туризм тадбирлари ўтказиш графиги тасдиқланди ва ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, сайёҳларга вилоятдаги 28 та туроператорлар, 13 та гид-таржимонлар, 4 та туристик синфга мансуб автобуслар ва 30 та микроавтобуслар туризм хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Шу билан бирга, сайёҳлар учун 7 та туризм ахборот маркази ва 172 та санитария-гигиена шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди.
Туристик объектларга олиб борувчи 32 та йўл кўрсаткич белгилари ўрнатилди ва 170 та туризм объектларида Wi-Fi зона ташкил қилинди.
Вилоятдаги туроператорлик субъектлари томонидан «Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар саёҳати», «Кексалар туризм ойлиги», «Ёшлар» ва «Меҳнат» жамоаларидан иборат 500 минг нафар маҳаллий аҳолининг Республика бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди.
Кўриб турганингиздек, вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш йўлидаги дадил қадамлари давом этмоқда.
Ҳеч шубҳа йўқки, бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 459-сонли қарори муҳим аҳамият касб этди. Қарорга асосан 2023 йилда умумий қиймати 1 трлн. 172 млрд. сўмлик 52 та лойиҳалар ишга туширилди.
Синдор РАҲМОНҚУЛОВ, Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари