Тараққиётни таъминловчи, эртамизнинг фаровон бўлишида етакчи омиллар кўп. Ана шулардан энг асосийси ва Президентимиз белгилаб берган Ривожланиш стратегиясининг бешта ташаббусларидан бири ҳам айнан ижтимоий ҳимояни ўз ичига олади. Дарҳақиқат, инсон омилига эътибор, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳар недан-да муҳим. Шу нуқтаи-назардан соҳага бугун етарлича эътибор берилмоқдами, инсон ижтимоий ҳимоядан тўлиқ ва етарли даражада фойдаланмоқдами ва кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор манзиллими? Қуйида буни Жиззах вилояти мисолида кўриб чиқамиз.
Жиззах вилоятининг барча туманларидаги аҳолини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш, хусусан, болаларни МТТлари, ёшларни мактаб ва касб-ҳунар коллежлари, ёшларни олий ўқув юртлари ва иш жойлари билан таъминлаш, шунингдек, кекса ва ногиронлар учун муносиб кексалик, соғлиғини ҳимоя қилишга яратилган шарт-шароитлар ҳақида вилоятга ташрифимиз давомида аниқлик киритдик.
Жумладан, Президентимиз вилоятга ташрифлари чоғида берган кўрсатмалари ва ижтимоий ҳимояни ошириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини амалга ошириш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Юртбошимизнинг «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-82-сонли фармонига асосан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун «Мурувват» интернат уйлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилмасига ўтказилди, Жиззах вилоятида 2 та «Мурувват» уйи фаолият юритмоқда.
Ногиронлиги бўлган аёллар учун «Мурувват» интернат уйи 2022 йилдан иш фаолиятини бошлаган.
Муассасада 322 нафар васийликка олинган аёллар истиқомат қилиб, улар ихтиёрида 200 ўринли фаоллар ва спорт зали, меҳнат ва арт терапия хоналари, сартарошхона, кутубхона, маданият ва маърифат, жисмоний тарбия, тикув хоналари, сунъий қопламали стадион, физиотерапия, стоматология, ошхона, врачлар хонаси, муолажа хоналари бор. Худди шундай қулайликларга эга интернат уйи вилоятнинг Зомин туманида ҳам мавжуд бўлиб, бугунги кунда 197 нафар васийликка олинган аёллар истиқомат қилиб келишмоқда. Уларга малакали ишчи ходимлар, ўрта тиббий ходимлар, кичик тиббий ходимлар, ошхона ва техник ходимлар хизмат кўрсатишмоқда. Мурувват уйидагиларга жаҳон стандартларига мос шарт-шароитлар яратилиб, тиббий, маънавий ва психологик хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, ҳар йили икки марта вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан Ҳамкорликда тиббий кўрик ташкил этилиб, аниқланган касалликлар юзасидан беморлар амбулатор ва стационар даволанишади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 августдаги ПҚ-365-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан 32 млрд. сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди. Жумладан, Мурувват уйининг бино-иншоотлари тўлиқ капитал реконструкция қилинди, оқова тизими тўлиқ таъмирланиб, Мурувват уйи ҳудуди тўлиқ ободонлаштирилди.
«Яхши дам – меҳнатга ҳамдам» деган ибора ҳақиқатан топиб айтилган. Зеро, меҳнаткаш Жиззах халқининг муносиб дам олиши, соғлиғини тиклаши учун вилоятда яратилган шарт-шароитлар ҳам кўнгилдагидек. Жиззах, деганда энг биринчи киши кўз олдига «Зомин» санаторийси келиши ҳам бор гап. Бу каби кўнгилочар масканлар вилоятда кўплаб топилади ва уларнинг ҳар бирининг ўзига хос афзалликлари мавжуд. Жумладан, «Жиззах» санаторийси 1980 йили Шароф Рашидов тумани «Совунгарлик» МФЙ да ташкил топган бўлиб, 2013 йилга келиб унинг янги биноси қурилди, 2022 йилда эса жорий таъмирланган.
Муассасанинг умумий ер майдони 4,25 гектар, шундан, қурилиш ер ости майдони 2,25 гектардан иборат бўлиб, 3 та умумий бинодан ташкил топган. Дам олиш маскани 112 ўринга мўлжалланиб, республиканинг барча ҳудудларидан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташриф буюрадилар.
Санаторийда асаб тизими, юрак ва қон айланиш тизими, таянч ҳаракат тизими бўйича даво муолажалари кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 2036 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлганлар соғлиқларини мустаҳкамлаб, миннатдор ҳолда ўз уйларига қайтдилар. Дам олувчиларни даволашда ЭКГ аппарати, физиотерапевтик аппаратлар, 4 хилдаги умуртқаларни чўзиш аппаратлари, кислород кўпиги ва электромассаждан фойдаланилади, ошхонада қон айланиш тизими ҳамда қандли диабет касаллиги учун алоҳида парҳез столлари ташкил қилинган. Ҳозирда дам олиш масканига келувчи фуқароларнинг сони йилдан-йилга ошаётганлиги боис қўшимча бино қурилишига эҳтиёж мавжуд. Қўшимча бино қурилиши натижасида бир вақтнинг ўзида 300 нафардан зиёд дам олувчиларга хизмат кўрсатилади, муолажа турларини кенгайтириш ва қулай шароит яратишда сув ва балчиқ билан даволаш ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Жиззахни машҳур қилган яна бир даволаниш маскани бу – «Маржон суви» санаторийси. Ушбу дам олиш маскани Ғаллаорол тумани «Лалмикор» МФЙ да жойлашган, 2005 йил 9 май санасидан ўз фаолиятини бошлаган.
Наргиза МАВЛАНОВА, ижтимоий ҳимоя миллий агентликнинг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи