Qishloq xo‘jaligi

Самарадорлик – ҳудуд тараққиёти ва аҳоли фаровонлигининг муҳим омили

5-6/2023

 
     Бугунги кунда бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб бўлиб бормоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъмин­лашда эса қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, инсониятнинг барча озиқ-овқат маҳсулотлари она заминда етиштириладиган табиат маҳ­сул­ларидир. Шундай экан, аграр соҳа ривожи инсониятни озиқ-овқат билан таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
     Юртимизда иқтисодиётнинг му­ҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, иқлим ўзгариш­ларини ҳисобга олган ҳолда тармоқ­нинг жадал ривожланишига зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Қиш­лоқ хўжалигини янада самарали ва ресурс тежайдиган соҳага айлантириш, халқимизни арзон ва барқа­рор нархлардаги витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорларимиз, дастурхонларимиз тўкинлигига замин яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
     Биргина Жиззах вилоятида аграр соҳада олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар нафақат вилоят, бал­ки республикамиз аҳолисини турли қишлоқ хўжалиги маҳсулот­лари билан таъминлашга хизмат қил­моқда.
     Таъкидлаш жоизки, Жиззах вилоятининг қишлоқ хўжалиги соҳаси­даги салоҳияти юқори. Вилоятнинг жами ер майдони 504,1 минг гектарни, шундан сувли ерлар 259,9 минг гектарни, лалми ерлар 244,1 минг гектарни ташкил қилади. Ушбу ерлардан самарали фойдаланиш ҳисо­бига вилоятнинг 1,4 миллион аҳолиси йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотлари билан кафолатли таъминланиб келинмоқда. Бу борадаги ишларни янада кучайтириш натижасида 302 353 тонна картошка етиш­тирилади, бу эса вилоят аҳолиси эҳтиёжидан бир неча баробар кўпдир.
     Умуман 2023 йилда миришкор деҳқон ва фермерларнинг машақ­қатли меҳнати самараси ўлароқ, жами 2,8 млн. тонна ёки 11,2 трлн. сўм­лик қишлоқ хўжалиги маҳсулот­лари етиштирилди. Шундан 658,3 минг тонна сабзавот, 1,1 миллион тонна полиз, 302,3 минг тонна картошка, 159 минг тонна дуккакли, 79 минг тонна мойли экинлар ҳосили, 481,3 минг тонна мева йиғиштириб олинди. Бундан ташқари, 1,8 млн. тонна чорва озуқаси, 2 тонна доривор ўсимликлар етиштирилди.
     Қишлоқ хўжалиги маҳсулотла­рини етиштиришда тупроқ ва ер унумдорлигини таъминлаш, янги ерларни ўзлаштириш муҳим масалалардандир. Чунки бу орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш, аҳоли даромадларини ошириш имконияти янада кенгаяди. Бу борада сўнгги беш йилда ўзлаштирилган майдонлар 68,5 минг гектарга етказилиб, жами 4 717 дона тик қу­дуқлар қазилди. Бугунги кунда ўзлаштирил­ган майдонларда йилига 350 минг тоннадан ошиқ ёки 1 трлн. сўм атрофида қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотлари етиштирилмоқда. Энг асосийси, 10 мингдан ортиқ аҳоли­нинг бандлиги таъминланди.
     Биргина 2023 йилда жами 10 662 гектар ер ўзлаштирилди. Шундан 2 042 гектари сувли ерлардан қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 8 620 гектар лалми ерлар ўзлаштирилди. Бунинг учун 95,1 ­млрд. сўмлик ишлар бажарилиб, 184 дона тик қудуқлар қазилди. Ушбу ўзлашти­рилган ерларда жами 52 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулот­лари етиштирилди. 1,2 минг гектарда янги боғлар ҳамда 1,4 минг гектарда янги узумзорлар барпо қи­линди, 12,5 минг та янги иш ўринлари яратилди.
     Шу ўринда қайд этиш жоизки, экин майдонларининг кўпайиши, ҳосилдорликнинг оширилиши ҳисо­бига ўтган йилга нисбатан 357,6 минг тонна сабзавот, 399,5 минг тонна полиз, 28,5 минг тонна картошка, 33,7 минг тонна мойли, 56,1 минг тонна дуккакли, 96,3 минг тонна мева ва узум ҳосили кўп етиштирилди. Ўз навбатида, олинган даромад ҳам 5,4 трлн. сўмга ошишига эришилди. Шу боис ерларни ўзлаштириш борасидаги ишлар 2024 йилда ҳам давом эттирилиб, 10 517 гектар ерларни ўзлаштириш ҳамда 160 дона тик қудуқларни қазиш режалаштирил­ган.
     Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан узумзор ва мева­зор боғларни кўпайтириш, шу орқа­ли аҳоли даромадларини ошириш борасида қатор амалий саъй-ҳара­катлар йўлга қўйилган. Бу борада Республикамиз Президенти томонидан 2021 йил 23 ноябрда қабул қи­линган «Мева-сабзавотчилик ва узум­чиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қаро­ри муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжа­ликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғал­ладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини 2022-2025 йилларда захирага қай­тариш ва мазкур ер майдонларини деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳа­ларни амалга ошириш учун фуқаро­ларга 10 йилга ижарага бериш назарда ту­тилган.
     Жиззах вилоятида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижасида кенг майдонларда мевали боғ ва узумзорлар барпо қилинмоқда. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, боғ майдонлари 2018 йилдаги 5 минг гектардан 28 минг гектарга, узумзорлар 2 минг гектардан 19 минг гектарга етказилди. Биргина 2023 йилнинг ўзида 3 141 гектар боғ ва 5 160 гектар узумзорлар барпо қилинди. 2024 йилда эса яна 520 гектар боғ ва 15 371 гектар узумзорлар барпо қилиниши кўзда тутилган.
     Вилоятда 2030 йилгача яна 32 минг гектарда интенсив боғ­лар, 15 минг гектарда янги узумзорлар барпо этилади. Натижада 2030 йилга бориб, интенсив боғ майдонлари 60 минг гектарга, узумзорлар 35 минг гектарга етказилади. Бу эса, ўз нав­батида, вилоят аҳолиси­нинг узум ва мевага бўлган эҳтиёжи­ни таъмин­лашга, эҳтиёждан ортиғи­ни экспорт қилишга, энг муҳими, янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли вакилларининг даромади ҳам­да ма­ҳаллий бюджет даромадларини оширишга хизмат қилади.
     Жиззах вилояти пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида ҳам катта салоҳиятга эга ҳисобланади. Ушбу тармоқларда ҳам йилдан-йилга ўсишга эришилмоқда. Биргина 2023 йилда 82 100 гектар майдонда пахта етиштирилиб, 304,2 минг тонна ёки шартномавий режага нисбатан 104,9 фоизга бажарилди. Турли экологик муаммолар, сув танқислиги, тупроқ шўрланиши каби ҳолатларга қара­май, ҳосилдорлик даражаси йил сайин кўтарилаётгани қувонарли ҳол. Жумладан, 2018 йилда пахтада ўртача ҳосилдорлик 25 центнер бўл­ган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 35 центнерни, 2022 йилда 36,2 центнерни, 2023 йилда эса 37 центнерни ташкил қилди.
 
 
Ойбек АШУРМАТОВ, Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.