OAV

Сифатли ахборот манбаси

5-6/2023

 
     Телевидение соҳаси нафақат йиллар давомида, балки соатма-соат ўзгаришлар ичида та­раққий этадиган соҳа. Қайд этиш жоизки, Янги Ўзбекистон ислоҳот­лари очиқлик ва ошкоралик, энг му­ҳими, инсон манфаатларини таъминлаш тамойили устига қурилган бўлиб, бу борада ҳурматли Юртбошимиз томонидан ҳар доим жамият ҳаёт тар­зида ахборот ва медиа макон со­ҳа­сидаги эркин сўз қадр-қим­матини англаш ва муносиб муносабатда бўлиш ташаббуси билдириб келинади. Энг муҳи­ми, ўз иқлим ва жўғрофий имкониятларига кўра ало­ҳида хусусиятли ҳудуд­лар ҳаёти ва ўша ҳудуд­ларда ҳаёт кечираётган аҳо­ли ташаббуслари ҳа­қида маҳалий оммавий ахборот воситаларида фаол ёритилиши бугунги ислоҳотлар­нинг маз­мун-мо­ҳияти билан тўла мос келади.
     Мазкур жараёнда маҳаллий оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш нафақат давлатимиздаги ижтимоий сиёсатни фаол тарғиб этиш­даги муаммоларни ҳал этиш, балки ўта тезкор ахборот алмашинув замонида аҳолининг сифатли ва тезкор, асосийси, тўғри маълумотлардан бохабарлик эҳтиёжини қон­ди­ришда муҳим аҳамиятга эга.
     Шу маънода, Жиззах вилоят телерадиокомпанияси, гарчи 90-йилларнинг иккинчи ярмида ташкил этилган бўлса-да, замонавий технологиялар ёрдамида фаолият кўрсатишидаги жузъий камчиликлар бугунги замон ахборот аудиторияси эҳ­тиёжини қоплаш учун етарли бўлмагани ҳам бор гап.
     Яқин 5 йил ичида Жиззах вилоят ТРК телевидение ва радио муҳарри­риятларида эфир соатларининг кес­кин оширилгани ҳамда шунга яраша теле- ва радиодастурлар эфир мундарижасида аҳоли мурожаатлари ва жамоатчилик назорати нуқтаи назари акс этаётгани – бу энди чин маънода янги ислоҳотлар тўлқинида кечаётган ўзгаришларнинг таъсир кучидан дарак беради.
     Юртбошимизнинг Жиззах вилоя­тига ташрифлари ҳар доим ҳам вилоятимиз аҳли учун орзиқиб кутил­ган воқеа бўлиб тарихда қолган. Сабаби, ҳар бир ташриф доирасида Давлатимиз раҳбари муайян манзилларни кўздан кечирса ҳам, вилоят фаоллари, кенг жамоатчилик ва ай­ниқса, ёшлар билан учрашиб, фикр алмашадилар. Энг му­ҳими, бирор бир соҳа у кишининг назаридан четда қолмайди.
     Ишчи ташрифлардан бирида, аниқ­роғи 2018 йилда Жиззахга кел­ганларида иқтисодиётнинг кўплаб соҳа ва тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш асносида Юртбошимиз Жиззах вилоят телерадиокомпанияси фаолия­тини техник-технологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ташаббусини билдирдилар. Ва айни мана шу ташаббус ҳосиласи сифатида 2021 йилда Жиззах вилоят телерадиокомпанияси учун янги телестудия биноси қуриб, фойдаланишга топши­рилди.
     Бугунги кунга келиб эса, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги «2023 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қа­рорига мувофиқ Жиззах вилоят теле­радиокомпаниясини замонавий студия тасвир – монтаж техникаси ва кўчма телевизион станция билан жиҳозлаш тадбирлари ниҳоясига етяпти. Рақамлар тили билан айтганда, жами қиймати 68 миллиард сўм­лик студия тасвир ва монтаж техникаси теле- ва радиодастурлар ишлаб чиқариш жараёнига кириб келишни бошлади.
     Яқин икки ой ичида теле- ва радиодастурларнинг эфир сифати борасида туб ўзгаришлар кутилаётган шароитда айтмоқчиманки, агар бугун кириб келиши бошланган янги техникалар тўлақонли татбиқ этилса, телеэфир соатимиз ҳозирги 18 соатдан 24 соатга етказилади. Радиода ҳам кун-тун ахборот алмашинуви ва мулоқот йўлга қўйилади. Айни мана шу тезкорликни, тан олиш керакки, яқин 3 йилда маҳаллий телеканаллар фаолиятида тасаввур қилиш, муҳи­ми, юқори сифатни таъминлашни ўйлашнинг ўзи эҳтмолдан йироқ нарса эди.
     Энди эса жойлардан жонли репортажларни кун давомида бериб бориш, долзарб мавзулардаги студия очиқ мулоқотларини ҳар куни ташкил этиш имконияти яратиб берил­моқда. Бу эса, шубҳасиз, Жиззах вилоят телерадиокомпанияси фаолияти учун ўта муҳим мезон бўлади. Биз 2024 йилдаги ижодий режамизни тузишда мана шу жиҳатни эътиборга олган ҳолда жамоатчилик назорати сифатини оширишга, бугунги Янги Ўзбекистон ислоҳотлари моҳия­тини халқимиз эътиборига етказишга хизмат қиладиган янги лойиҳа­ларни тақдим этишга катта ўрин бер­ганмиз. Мазкур жараёнда иқти­дорли ёшларнинг ижодий ташаббус­ларини қўллаб-қувватлаш, устоз-шогирд анъ­аналарига таянган ҳолда истеъдоларни кашф этишга доим тайёрмиз.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.