Дунёда ҳеч бир соҳа миллатни спортчалик бутун оламга тез фурсатда маълуму-машҳур қилиб, унингдек танита олмайди. Тарихда буни исботловчи далиллар бисёр. Бу жиҳат бизнинг бугунги бокс, футбол, шахмат каби спорт турларида ҳам кўринаётгани қувонарлидир. Хўш, Жиззах вилоятида спорт соҳасидаги янгиликлар нималардан иборат, ёшлар спортига, умуман соғломлаштириш ишларига яратилган шароит билан қуйида танишамиз. Жиззах вилоятида жами 1 434 964 нафар аҳоли истиқомат қилиб, ҳозирда оммавий спорт билан шуғулланувчилар (425 996 нафар) аҳолининг 30,2 фоизини ташкил қилмоқда.
Жиззах вилоятида республикамизнинг қолган вилоятларида бўлгани каби спортга, айниқса, ёшларни соғломлаштириш, уларни спортнинг икки ва уч хил турлари билан қамраб олишга бош вазифа сифатида қараб келинмоқда. Натижалар ҳам шунга мос равишда мақтанса арзигулик. Бугунги кунда Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси тасарруфида жами 20 та, шундан 14 та туман (шаҳар) спорт мактаби, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 1 та Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ва 1 та академия фаолият кўрсатмоқда. Жиззах вилоятида 2023 йилда спорт соҳасида самарали ишлар ташкил қилинди, шунингдек, вилоятимиз спортчилари томонидан Ўзбекистон чемпионати (кубоглари)да 1219 та (304 та олтин, 323 та кумуш, 592 та бронза), Жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида спорт мактаби шуғулланувчилари 115 та (67 та олтин, 90 та кумуш, 71 та бронза) медални қўлга киритди.
Вилоятда мавжуд спорт иншоотлари сони 2964 тани ташкил этиб, шундан: 19 та стадион, 493 та спорт зал,12 та сузиш бассейн (5 та ёпиқ, 7 та очиқ), 1 та спорт манежи, 238 та воркаут майдончалари, 4 та теннис корти, 1590 та турли спорт майдончалари, 162 та сунъий қопламали футбол майдонлари мавжуд.
«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган спорт мусобақаларида вилоят ёшлари совринли ўринларни қўлга киритиб, улар истиқомат қилаётган маҳаллаларига 45 та спорт майдончалари қуриб берилди.
2023 йил соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида 2781 та спорт мусобақалари ўтказилди, мазкур мусобақаларга 412 518 нафар аҳоли вакиллари қамраб олинди.
Шунингдек, 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Ханчжоу шаҳрида ХIХ ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтди, унда 45 та мамлакат спорт жамоаларидан 12 000 нафарга яқин спортчилар иштирок этди. Ўзбекистондан 32 та олимпия ва 6 та ноолимпия спорт тури бўйича жами 390 нафар, шулардан 5 та спорт тури бўйича вилоятимиздан 8 нафар спортчи иштирок этди. Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5- ўринни эгаллади. Ушбу халқаро спорт мусобақасида вилоят спортчилари томонидан жами 5 та медал (1 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза) қўлга киритилди.
2023 йил 22-28 октябрь кунлари Ханчжоу шаҳрида IV ёзги Параосиё ўйинлари бўлиб ўтди ва унда 6 та спорт тури бўйича вилоятимиздан 6 нафар спортчи иштирок этди. Ушбу халқаро спорт мусобақасида вилоят спортчилари жами 5 та медал (1 та кумуш, 4 та бронза)ни қўлга киритди.
Вилоятда спортни янада ривожлантириш мақсадида 2022 йили жами қиймати 15 млрд. сўм инвестиция йўналтирилиши ҳисобига Франция давлати мутахассислари ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида Марказий Осиёда ягона бўлган 3400 ўринли спорт Вело ВМХ йўналиши бўйича Велотрасса фойдаланишга топширилиб. Барча қулайликларга эга мажмуада Осиё ва халқаро мусобақалар ўтказилмоқда.
Жалолиддин ЎКТАМОВ, Жиззах вилояти спорт бошқармаси бошлиғи