Kommunal xo‘jalik

Сув, газ, электр – ҳаёт учун зарурий воситалар

5-6/2023

 
     Сув, газ, электр энергияси каби табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларнинг захираларини асраб-авайлаш ўта долзарб масалалардан бирига айлан­моқда. Зеро, табиат инсониятга инъом этган ушбу бойликлар йилдан-йилга камайиб кетмоқда, уларнинг келажак авлодларга ҳам етиб бориши учун бугунги давр вакиллари масъул ҳисобланади.
     Ушбу манбаларни асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида мамлакатимизда кенг кў­ламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Жиззах вилоятида ҳам соҳа масъуллари ҳамда мутахассислари томонидан сув захиралари, газ ва электр энергиясидан самарали фойдаланиш бўйича зарур чоралар кў­рилмоқда.
     Мазкур соҳаларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари ҳақида вилоят масъуллари нима дейди?
 
     Маҳкам ЮСУПОВ, «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ раҳбари:
 
     – Ҳозирги кунда тоза ичимлик суви тобора камайиб, унга бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани сув масаласининг долзарблигини кўрсатмоқда. Сувни асрашимиз, ундан оқилона фойдаланишимиз, келгуси авлодларга етказишимиз – давр талаби.
     Масаланинг моҳиятини чуқур англаган ҳолда Жиззах вилоятида ҳам сув муаммосини юмшатиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 1475,5 миллион аҳолининг 65,3 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 512,3 минг аҳоли эса альтернатив ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келмоқда. Шунингдек, вилоятда жами 228,9 минг аҳоли ёки 15,5 фоизи оқова сув билан таъминланган. Вилоят бўйича оқова сув тозалаш иншоотининг умумий қуввати 37 минг м3/суткани ташкил этади, 30 та оқова ҳайдаш насос станциялари ва 416,7 км оқова тармоқлари мавжуд.
     Вилоятимиздаги мавжуд 430 та ичимлик сув иншоотларидан 78 таси, 544 та сув қудуқларидан 47 таси ва узунлиги 4,2 минг км ичимлик сув тармоқларининг 1,4 минг километри таъмирталаб ҳолатда. Ўтган йилда ичимлик суви объектларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида вилоятимиз бўйича жами 424,96 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари, яъни, 878,3 км ичимлик суви тар­моқлари ва 162 дона сув иншоотларини барпо этиш давлат дастурига киритилган. Жумладан, инвестиция дастури асосида 114 млрд. сўм ҳи­собига 104,9 км ичимлик суви тар­моғи ва 5 дона сув иншооти, тегишли қарорга кўра 151,4 млрд. сўм маблағ­га 426,5 км ичимлик суви тармоғи ва 49 дона сув иншооти, 86,63 млрд. сўм ҳисобидан 202,5 км ичимлик суви тармоғи ва 94 дона сув иншооти, 72,93 млрд. сўм маблағга 144,4 км ичимлик суви тармоғи ва 14 дона сув иншооти барпо этилди.
     Бугунги кунда вилоят бўйича жами 393,25 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари, яъни 878,3 км ичимлик суви тармоқлари ва 160 дона сув иншоотлари барпо этиш ишлари якунланди.
     Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган дастурлар бажарилиши натижасида вилоятда 127 минг аҳоли янгидан тоза ичимлик суви билан таъминланди ва 284 минг аҳо­лининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси яхшиланди. Қайд этиш керакки, 2023 йил январь ҳолатига аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 65,3 фоизни ташкил этар эди. Бугунги кунда бажарилган ишлар натижасида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70,4 фоизни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 5,1 фоиз ўсишга эришилди.
     Албатта, бундай натижага эришишда қатор лойиҳалар доирасида амалга оширилган ишлар муҳим ўрин тутади. Масалан, инвестиция дастури асосида «Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш» лойиҳасига ажратилган 579,5 млрд. сўм маблағ­лар ҳисобидан бугунга қадар 521,7 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилди. Объектда жами 163,0 км магистрал сув тармоқларидан 135,7 км (83 фоиз) қувурлар ётқизилди, 3 та иншоот қурилиши (1-кўтарма насос станцияси, «Узунбулоқ» сув тозалаш, Жиззах сув тақсимлаш иншооти)да қу­рилиш ишлари тўлиқ якунланди.
     Лойиҳалар ишга тушиши натижасида вилоятимизнинг 7 та – Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳри ҳудудларидаги 625 минг (вилоят аҳолисининг 45 фоизи) аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб берилади.
Қисқача айтганда, вилоят миқё­сида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ундан оқилона фойдаланиш ва сувни асраш ишларига катта аҳамият қаратилаётгани ўз самарасини бермоқда. Зеро, сув ҳаёт манбаи эканлигини вилоятда исти­қомат қилаётган каттаю-кичик яхши билади ва шунга мос тарзда ундан фойдаланиши ўз самарасини кўрсатиши табиий.
 
Йўлдош ҒАЙБУЛЛАЕВ, «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали директори:
 
     – Аҳоли пунктларини газ билан таъминлаш фуқароларга қулайлик яратиш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, газ кундалик турмуш учун энг зарур воситалардан биридир. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида ушбу ресурсга бўлган талаб янада ортади. Шу сабабдан соҳада муайян ишлар олиб борилмоқда. Аввало, қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманларда штаблар ташкил қилиниб, улар 24 соат иш режимида ишламоқда.
     Рақамларга тўхталадиган бўлсак, вилоятимизда 167 613 нафар аҳоли, 2 770 та улгуржи табиий газ истеъмолчилари мавжуд. Истеъмолчиларга бир маромда табиий газ етказиб бериш учун 5 926,7 км газ қувурлари ҳамда 4 594 та газ тақсимлаш пунктлари хизмат қилади. Шунингдек, 121 141 та суюлтирилган газ таъминоти истеъмолчилари мавжуд бўлиб, улар 128 784 та маиший газ баллонлари билан таъминланган.
     Жиззах вилояти бўйича куз-қиш дастури доирасида 15,5 км газ қу­вурларини реконструкция қилиш, 25 дона газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш, 4 759 та газ тақсимлаш пунктларини тафтиш қилиш, 153,8 км газ қувурларини босим остида синаш, 240,8 км ер ости газ қувурларининг ҳолатини текшириш, 42,5 км газ қувурларини бўяш ишлари амалга оширилди.
     2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида 200 та маҳалла ва қишлоқ­лардаги 121 минг истеъмолчиларга ва 131 та ижтимоий соҳа объектларига жами 11 145 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, ўз вақтида етказиб берилмоқда.
     Умуман, вилоятда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш борасидаги ишлар мунтазам равишда назорат қилиниб, керак бўлганда зарур чоралар кўрилиши эътибор марказимизда бўлиб келмоқда.
 
Бахтиёр ИБРАГИМОВ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Жиззах ҳудудий филиали директори:
 
     – Мамлакатимизда аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, унинг ижроси таъминланишига доир амалий саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётир. Бу бежиз эмас. Зеро, аҳоли фаровонлиги, ижтимоий соҳа объектлари ва саноат тармоқларининг узлуксиз ишлашида электр энергияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
     Бу борада «Ҳудудий электр тар­моқлари» Жиззах ҳудудий филиали томонидан 111 та подстанциялар, 13 885,5 км электр тармоқлари ва 4 732 та трансформатор пунктларига техник хизматлар кўрсатилиб, вилоятимизнинг барча электр таъминоти истеъмолчилари электр энергияси билан таъминланган.
     Вилоят ҳудудидаги барча истеъмолчиларнинг электр таъминотига бўлган талабларини қондириш мақсадида ўтган йили таъмирталаб ҳо­латдаги 1393,6 км электр узатиш тар­моқлари ҳамда 430 дона трансформатор пунктлари, 3 дона 35-110 кВ кучланишли куч трансформаторлари ва 22 дона 35-110 кВ кучланишли ўчиргичлар мукаммал таъмирланиши режалаштирилиб, режа юз фоиз амалга оширилди.
     Ўта юкланиш билан ишлаётган 13 дона трансформаторлар ўзидан катта қувватлисига алмаштирилди. Ҳар хил қувватли 33 дона трансформаторлар захираси яратилди.
     Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида «Ҳу­дудий электр тармоқлари» АЖ Жиззах ҳудудий филиали барча шаҳар ва туман электр тармоқлари корхоналаридаги 500 дан зиёд ходимлар таркибида жами 100 та тезкор бригадалар, шунингдек, 100 та автомашина ва 33 та махсус автомашиналари шай ҳолатга келтирилган.
     Президентимизнинг «2023-2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қаро­рига мувофиқ, вилоятда жами 118,1 км ҳаво тармоғи тортиш ва 40 дона трансформатор пунктларини ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда жами 2 882 дона темир бетон ўрнатилди ва 163,6 км ҳаво тар­моғи тортилди, 40 дона трансформатор пунктлари ўрнатилди.
     Шунингдек, соҳага доир ишлар вилоятнинг Шароф Рашидов, Пахтакор, Ғаллаорол, Фориш, Янгиобод, Зафаробод туманлари, Жиззах шаҳ­рида ҳам узлуксиз олиб борилиб, аҳолининг қулай турмуш шароитлари таъминланмоқда.
     Бир сўз билан айтганда, Жиззах вилоятида Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг соҳага доир қарорлари ижроси тўлиқ бажарил­моқда. Пировард натижада аҳоли­нинг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга, ишлаб чиқариш объектларини энг зарурий коммуникациялар ҳисобланган – сув, газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга эришилаётир.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.