Erkin iqtisodiy zonalar

Ҳудуд эркин иқтисодиётини ривожлантирувчи куч

5-6/2023

 
     Мутахассисларнинг қайд этишича, эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) бугун жаҳон иқ­тисодиётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Айни пайтда дунёда 120 дан ортиқ давлатда эркин иқтисодий зоналар мавжуд бўлиб, улар мамлакат экспорт салоҳиятини, банд­лик ва фаровонлик кўрсаткичларини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Глобал прогнозларга кўра 2025 йил­га бориб ЭИЗ жаҳон савдо айланмасининг 20-25 фоизини ташкил қилади ва иқтисодий, ижтимоий ҳамда технологик тараққиётни рағбатлан­тирувчи куч сифатидаги ўрни ҳам, аҳамияти ҳам ошиб бораверади.
     Ўзбекистонда ҳукумат ташаббуси билан илк бор 2009-2013 йилларда Навоий, Тошкент (Ангрен) ҳамда Жиззах вилоятларида эркин ва махсус иқтисодий зоналар ташкил этил­ган эди. 2023 йил январь ҳолатига республикамиз бўйлаб эркин иқтисодий зоналар 19 тага етди ва 400 дан ортиқ кичик саноат зоналари ишга туширилди. Уларнинг инфратузилмаси учун 10 трлн. сўм маблағ ажратилди. Тўқимачилик, кимё, қу­рилиш материаллари ишлаб чиқа­риш ва саноатнинг бошқа тармоқ­ларида истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ қилинган ҳамда бу жараён қизғин давом этаётган ушбу иқтисодий маконларда бугун минглаб кишилар меҳнат қилмоқда, юрт, халқ фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
     Дарҳақиқат, ўтган қисқа даврда ушбу институт алоҳида ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришда, янги интеграцион бизнес жараёнларини барпо этишда, кооперация ало­қаларининг қиймат занжирларини яратишда самарали восита экани ўзининг ҳаётий тасдиғини топмоқда. Тадбиркорлик субъектлари учун қу­лай имкониятларни тақдим этувчи, муҳандислик-коммуникация ва инфратузилма объектларини, маълум ер майдони ёки ишлаб чиқариш майдонини ўз ичига олувчи саноат зоналари улар жойлашган ҳудудлар­нинг инвестицион жозибадорлигини оширишга, ижтимоий-иқтисодий ри­вожланишга сезиларли ҳисса қўша­ётир. Буни жуда қисқа вақт ичида саноат ва ишлаб чиқаришда салоҳи­ятли ҳудудлар қаторига кирган Жиззах вилояти мисолида ҳам яққол кў­риш мумкин.
 
     «Жиззах» ЭИЗ – муваффақиятли лойиҳалар макони
 
     Жиззах вилояти, юқорида айтганимиздек, илк иқтисодий зона ташкил этилган ҳудудлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 мартдаги фармонига асосан «Жиззах» махсус индуст­риал зонаси фаолияти йўлга қўйил­ган, бунинг учун Жиззах шаҳри­дан 414,8 га ер майдони ажратилган эди. Дарвоқе, давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 октябрда қабул қилинган «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғ­риси­да»ги фармонига муво­фиқ «Навоий» эркин индустриал-иқтисо­дий зонаси, «Ангрен» ва «Жиззах» махсус индуст­риал зоналари номини бирхиллашти­риш мақсадида уларни «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззах» эркин иқтисо­дий зоналари деб аташ белги­ланди.
     Шундай қилиб, «Жиззах» ЭИЗ нинг юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, тадбиркорлар ва инвесторларни рақобатдош, экспортга йўналтирилган замонавий саноат маҳсулот­лари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга янада фаол жалб қилиш, тўғ­ридан-тўғри хорижий инвестицияларни киритишда таъсир доираси кенгайиб бораётир.
     Агар 2015 йилда «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси иштирокчи-корхоналари сони бор-йўғи 8 та бўл­ган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилга келиб 35 тага етган. 2023 йилнинг ноябрь ҳолатига «Жиззах» ЭИЗ ҳу­дудида қий­мати 264 млн. АҚШ доллари бўл­ган 28 та лойиҳа амалга оширилди. Шундан тўғридан-тўғри хорижий ин­вестиция ҳажми 87,9 млн. АҚШ долларини, корхонанинг ўз маб­лағлари 96,2 млн., банк кредитлари 79,9 млн. АҚШ долларини ташкил этмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида 7 300 дан ошиқ иш ўрин­лари яратилди. Аҳа­миятлиси, ушбу лойиҳалар туфайли ҳар йили юзлаб ишсиз фу­қаролар доимий даромад манбаига эга бўляпти. Уларнинг салмоқли қис­ми ёшлардан иборат экани яна бир диққатга сазовор жиҳатдир.
     Бундан ташқари, Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги «Жиззах вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қаро­рига биноан Шароф Рашидов туманидан 154,4 га, Пахтакор туманидан 13,8 га, Арнасой туманидан 7,9 га ва Зомин туманидан 6 га, жами 182,1 га ер майдонлари «Жиззах» ЭИЗ таркибига киритилиб, 2022 йилда мавжуд корхоналар томонидан 3604,7 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чи­қарилди, 41 млн. АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилинди. 2023 йилда 10,2 трлн. сўмлик саноат маҳ­сулотлари ишлаб чиқарилиб, 54 млн. долларлик маҳсулот экспорт қи­линди.
 
 
Шавкат ТОХИРОВ, «O‘zIA» журнали мухбири
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.