XIX аср охири – XX аср бошида ижтимоий-сиёсий феномен сифатида майдонга чиққан маърифатпарвар жадид боболаримиз миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, илм билан, замонавий касб-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деган ғояни илгари сурдилар. 2023 йилнинг декабрь ойи бошида юртимизда бўлиб ўтган «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига давлатимиз раҳбари юборган табрикда қайд этилганидек, улар (жадидлар) шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар.
Ислоҳотларни биринчи навбатда мактабдан, илм-маърифатдан бошлаш тараққиёт кафолати экани ҳақида бонг урган жадидларимиз чиндан ҳам ҳақ эдилар. Зеро, ўтган бир аср ва, айниқса, сўнгги ўн йилликлардаги инсоният тамаддуни давлатнинг ҳар томонлама юксалиши ва қудратли бўлиши учун таълим-тарбиядан бошқа нажот йўқлигини исботламоқда.
Бугун шуни мамнуният билан айтамизки, Янги Ўзбекистонда айнан таълим-тарбия соҳасига жуда катта эътибор ва катта капитал йўналтириляпти. Бунинг самарасида ёшларимиз илмда, спортда, маданият ва технологияда оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқдаки, жаҳон жамоатчилиги мана шу салоҳиятли, умидли йигит-қизларимиз тимсолида Ўзбекистонни келажаги юксак давлат сифатида кўрмоқда, эътироф этмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизнинг қайси ҳудудини олиб қараманг, таълимнинг барча бўғинини ривожлантириш, ўсиб келаётган авлодни узлуксиз таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўғил-қизларимизнинг замонавий билимларни чуқур эгаллаши, мактабдаёқ камида иккита тил ва битта касб-ҳунарни ўзлаштирган ҳолда мустақил ҳаётга қадам қўйиши учун барча шароитларни муҳайё этиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётганини кўрасиз. Жиззах вилояти ҳам бу борада энг пешқадам, таълим соҳасида катта ўзгаришларни бошдан кечираётган ва ўзига хос тажриба мактабини яратаётган ҳудудлар сирасига киради.
Статистик маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида 14-30 ёшгача бўлганлар сони ҳудуд аҳолисининг 28,4 фоизини ташкил этиб, бу республика бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ вилоятда таълим-тарбияни ривожлантириш, навқирон авлод манфаатларини ҳар тарафлама ҳимоя қилиш, улар билан ишлаш масаласи қанчалар долзарб эканидан далолат беради. Эътиборлиси, мазкур соҳада, юқорида таъкидлаганимиздек, Жиззах вилоятида кенг қамровли ислоҳотлар ўз амалий исботини ҳам, натижадорлигини ҳам яққол намоён этмоқда ва қуйида айни шулар ҳақида сўз юритамиз.
Мактабгача таълимни ривожлантириш йўлида
Узлуксиз таълим шахснинг ҳар томонлама ривожланишида, ижодий қобилияти юзага чиқиши ва юксалишида, ижтимоий фаоллиги ортиши, маънавий камолотга етишишида муҳим роль ўйнайди. Узлуксиз таълимнинг самарадорлигини оширишда эса, аниқки, мактабга тайёргарликнинг ўрни ва таъсири беқиёс.
Илмий тадқиқотлар натижалари инсон ўз умри давомида ўзлаштирадиган барча ахборот ва маълумотларнинг қарийб 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда эгаллашини тасдиқлайди. Ушбу омил мактабгача таълимнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини белгилайди. Бундан шундай хулоса ясаш мумкинки, агар мактабгача таълим пойдевори қанчалар мустаҳкам қўйилса, ёшларнинг бугуни ва эртаси ҳам шунчалар истиқболли бўлади.
– Таълимнинг мазкур бўғинини ривожлантириш, шу аснода боланинг интеллектуал шахсини шакллантириш, таълим хизматларини яратиш орқали сифат даражасини ошириш чора-тадбирлари жадал суръатда олиб борилмоқда, – дейди Жиззах вилояти мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Санобар Суярова. – Бинобарин, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсадида мактабгача таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифалардан бири экани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмасидан аввал мактабгача таълимга эътибор натижадорлиги деярли сезилмас эди. 2017 йилга келиб бу йўналишда янгиланишлар даврига қадам қўйилди. Мактабгача таълимни ҳам анъанавий, ҳам буткул янги шаклларда ривожлантириш устувор вазифага айланди. Бундан ташқари, ривожланган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда соҳада хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш, нодавлат таълим муассасалари, жумладан, нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Бу эса аллақачон ўз мевасини бера бошлади. Масалан, Жиззах вилоятида ҳозирга келиб 1 539 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлса, уларнинг 235 таси давлат, 12 таси хусусий, 1 213 таси оилавий ва 79 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги МТТ ҳисобланади. МТТ сони ошиши боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичларини яхшилаш имконини бермоқда. Ҳозирда вилоятда 127 207 нафар 3-7 ёшли болалардан 96 870 нафари, бошқача айтганда, 76,2 фоизи МТТга қамраб олингани бунга мисолдир.
Қисқа вақт ичида мана шундай салмоқли натижага эришишда 3-6 ёшли болаларнинг МТТга қамрови паст ҳудудларга жиддий эътибор қаратилаётгани ҳал қилувчи омил бўлди. Чунончи, 2023 йилнинг биринчи ярмида ана шу тоифадаги ҳудудларда 115 та оилавий нодавлат ва 6 та давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади. 3 300 нафардан ошиқ кичкинтойларни бағрига олган бу муассасалар шаҳар ва қишлоқлар кўркига кўрк бағишлаш баробарида ота-оналарга фарзанд тарбиясида яқин кўмакчи бўлаётир.
Муқаддас ЮСУПОВА, «O‘zIA» журнали мухбири