«Ўзбектелеком» АК матбуот хизмати раҳбари Тимур Мамажанов билан суҳбат
– Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда рақамли соҳада улкан ўзгаришлар кузатилди. Қисқача айтганда, бу жараёнда UZTELECOM учун қайси қадамлар энг муҳим бўлди, деб ҳисоблайсиз?
– Одамлар учун энг сезиларлиси – интернетнинг оммавий ва арзон бўлиб қолгани. Илгари у қиммат ва секин эди, ҳозир эса тезкор ва кенг тарқалган.
Масалан, 2017 йилда 150 минг сўмга фақат 1 мегабит тезликка эга бўлиш мумкин эди. Бугун эса шу маблағга 200 мегабитгача олиш мумкин. Фарқ беқиёс.
Бу йилларда инфратузилма жадал ривожланди. Таянч база станциялар сони саккиз баробарга ошди, мобил тармоғи мамлакат ҳудудининг 96 фоизини қамраб олди.
Оптик толали линиялар узунлиги қарийб 300 минг километрга етди – бу Ер шарини экватор бўйлаб етти марта айланишга тенг. Натижада олдин телекоммуникация нуқтаи назаридан «кўринмас» бўлган чекка ҳудудлар ҳам юқори тезликдаги интернетга эга бўлди.
– Бугунги кунда UZTELECOM янгиланишнинг янги босқичини бошламоқда. Яқин вақт ичида абонентларни қандай янгиликлар кутади?
– 2025 йил 21 августдан биз симли интернетни замонавий GPON ва FTTx оптик технологияларига оммавий ўтказишни бошлаймиз.
Бу дегани ҳар бир абонент учун камида 100 Мбит/с тезлик, барқарор алоқа ва юқори юкламаларга тайёр инфратузилма таъминланади.
Шу билан бирга, тариф режалари ҳам янгиланмоқда: интернет тезлиги ошмоқда, қўшимча хизматлар ва телеканаллар сони кенгаймоқда.
Бугун абонент нафақат тезкор интернет, балки спорт, таълим, болалар ва кўнгилочар йўналишлардаги 120 дан ортиқ телеканалдан баҳраманд бўлиши мумкин.
Буларнинг барчасини TelecomTV хизмати орқали нафақат уйда телевизорда, балки йўлда смартфон ёки планшетда ҳам томоша қилиш имкони мавжуд.
– Нега модернизация айнан ҳозир шунчалик зарур бўлиб қолди?
– Чунки эски технологиялар бугунги талабларга жавоб беролмайди.
Ҳар бир хонадонда энди фақат бир компьютер эмас, балки бир нечта смартфон, ноутбук, телевизор, кузатув камералари бор. Улар бир вақтнинг ўзида барқарор интернет талаб қилади.
Бундай юкламага фақат замонавий асос – оптика чидайди.
– UZTELECOM транспорт соҳасида ҳам фаолият олиб бормоқда. Мисол келтира оласизми?
– Ҳа, яқиндаги мисол – «Афросиёб» тезюрар поездларига Wi-Fi тизимининг ўрнатилиши.
Яқинда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов шахсан тизимни синовдан ўтказиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Унинг таъкидлашича, хизмат аллақачон ишга тушган ва йўлда ишлаш, ўқиш ёки фойдали материалларни кўриш имкониятини беради.
Вазир шуни ҳам қайд этдики, саёҳат пайтида вақтдан самарали фойдаланиш мумкин, масалан китоб ўқиш ёки онлайн маърузалар тинглаш.
Шунингдек, транспорт соҳаси вакилларига кўрсатган кўмаги учун миннатдорлик билдирди ҳамда янги поездлар олдиндан телекоммуникация тизимлари билан жиҳозланишига умид билдирди.
– Компания сўнгги пайтларда ижтимоий йўналтирилган хизматларни ҳам йўлга қўймоқда. Оддий абонентларга қайси янгилик ёқиши мумкин?
– Менимча, абонентларимиз учун энг яхши хабар – MyUZTELECOM иловаси орқали йўлкира тўлаганда тақдим этиладиган бонус дастури.
Энди ҳар бир автобус ёки метро сафарингиз нафақат нақдсиз тўлов қулайлигини, балки қўшимча интернет ҳам тақдим этади.
Тасаввур қилинг: йўлкира тўлайсиз ва шу заҳоти 500 МБ бонус интернет ҳисобингизга қўшилади.
Кунлик 5 ГБ гача олиш мумкин — автобустан 2,5 ГБ ва метродан ҳам шунча. Демак, одатий сафарларингиз реал фойдага айланади.
Йўлкира нархи ўзгаришсиз қолади — 1 700 сўм, ортиқча харажат йўқ.
Жараён эса атиги бир неча сония: иловани очдингиз, тўлов қилдингиз ва интернет ҳисобингиз тўлдирилди.
– Демак, транспорт интернет манбаига айланяптими?
– Айнан шундай. Бу рақамлилашувнинг ҳаётни қандай осонлаштираётганига ёрқин мисол.
Нақд пул ёки карта излашнинг ҳожати йўқ – ҳаммаси телефонда.
Бонус интернет эса ўқиш, иш, мулоқот ёки кўнгилочар мақсадларда ишлатилиши мумкин.
Бу оддий, аммо жуда аниқ қоидага ишора қилади: рақамли хизматлар нафақат технологик, балки фойдаланувчи учун манфаатли бўлиши шарт.
– Хулоса қилиб айтганда, UZTELECOM учун кейинги босқични қандай кўрасиз?
– Биз янгиланишни янги босқичнинг бошланиши сифатида кўрамиз.
Оптикага ўтиш, рақамли хизматларни ривожлантириш, транспортдаги лойиҳалар – буларнинг барчаси ягона стратегиянинг муҳим қисмлари.
Рақамли Ўзбекистоннинг пойдевори аллақачон яратилган: дата-марказлар, булутли хизматлар, киберхавфсизлик, «ақлли шаҳарлар», тадбиркорлик экотизими.
Энди энг муҳим вазифа – уни қулай хизматлар билан тўлдириш ва рақамли имкониятларни ҳар бир инсонга етказиш.
Бугун UZTELECOM рақамли тараққиёт кун тартибини белгилаётган компанияга айланди.
Биз мамлакат билан бирга янада катта марраларга интиламиз.
Fikr bildirish