Investitsion faoliyat

Инвестициялар корхона истиқболи учун хизмат қилади

4/2022

 
     Нафақат Оролбўйида, балки мамлакатимизда энг йирик саноат кор­хоналаридан ҳисобланган, Марказий Осиё минтақасида кальцинация­лан­ган сода ишлаб чиқарувчи ягона қувват – «Қўнғирот сода заводи» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси фаолият кўрсата бошлаганига 16 йил бўлди. Тарихан қисқа бу даврда завод рақо­батбардош маҳсулотлари билан жаҳон бозорида ўз ўрнини топиш баробарида истиқболли лойиҳалар самараси ўлароқ ишлаб чиқариш са­лоҳиятини изчил ошириб борди. Бугунга келиб заводда кунига 600 тонна сода ишлаб чиқарилмоқда. Йилига 200 минг тонна ишлаб чиқа­рилаётган маҳ­сулот асосан шиша ва ювиш воситалари ишлаб чиқа­ришда, рангли металлургия ва енгил саноатда ҳамда қоғоз саноатида, сув тозалаш ишларида асосий кимёвий қўшимча сифатида ишлатилади.
     «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ қўшма корхонаси Бош директорининг Инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Даврон АҲМЕДЖАНОВ билан суҳбатимизда корхонани модернизациялаш ва фаолият самарадорлигини оширишга йўналтирилган лойиҳалар ҳамда уларни амалга татбиқ этиш учун хорижий сармояларни жалб қилиш масалаларига эътибор қаратдик.
 
     – Бугунги кунда завод маҳсу­лотлари асосан «Кварц», «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналарига, «CAMPALIA XK» масъулияти чекланган жамиятига, «Асл ойна» очиқ акциядорлик жамиятига ва бошқа корхоналарга узлуксиз етказиб берил­моқда, – дейди Д. Аҳмеджанов. – Эъти­борлиси, маҳсулотларимизга ташқи бозорда ҳам талаб ортиб, ҳам­корларимиз географияси кенга­йиб бормоқда. Жумладан, маҳсулот­лар ўтган йиллар мобайнида Қо­зоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Афғонистон ва Эрон каби давлатларга экспорт қилинди.
     Бу ютуқлар ва ишлаб чиқариш суръатининг ошишида инвестициялар, хусусан, хорижий инвестицияларнинг ўрни ҳамда аҳамияти катта. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 апрелда қабул қилинган «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра 2030 йилгача мўлжалланган Кимё саноатини ривожлантириш дастури ҳаётга татбиқ қилингани заводимиз фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Айтиш жоизки, мазкур дастурга биноан қиймати 12 млрд. долларлик, шу жумладан, тўғридан-тўғри инвес­тициялар ҳисобига 1,7 млрд. долларлик 30 дан ортиқ лойиҳани амал­га ошириш кўзда тутилмоқда.
     Жумладан, маҳсулот ишлаб чи­қариш ҳажмини йилига 200 мингдан 450 минг тоннагача ошириш лойи­ҳасига Россиянинг «Салюс» компаниялар гуруҳи жалб қилинди. 2025 йилнинг охиригача амалга оширили­ши керак бўлган бу лойиҳа қийма­ти 190 млн. АҚШ долларини ташкил эта­ди. Дар­воқе, юқорида келтирил­ган қа­рорга мувофиқ корхона ак­ция­ларининг 51 фоизи Бирлашган Араб Амирликларининг «NCV International DMCC» компаниясига сотилганини ҳам келтириш ўринлидир.
     – Биламизки, ҳар қандай инвес­тор ишлаб чиқаришни ривожлантиришга шунчаки сармоя киритмайди, бунинг учун у лойиҳа ис­тиқболига ишониши, сарф этган маблағи фойда келтиришига кўзи етиши керак. Шу маънода Сиз таъкидлаб ўтган БАА компаниясининг Қўнғирот сода заводига инвестиция киритиши хорижий инвесторнинг нияти етарлича жиддийлигидан далолат беради, тўғрими? Сизнингча, инвесторнинг айнан бу танловига қайси омиллар таъсир кўрсатган?
     – Маълумки, калцинацияланган сода ва техник туз каби маҳсулотла­римизга ички, ташқи бозорда талаб ниҳоятда юқори ҳамда бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бормоқда. Таби­ийки, маҳ­сулот ишлаб чиқариш ҳаж­ми орт­гач, моддий жиҳатдан ҳам корхона тез оёққа туради ва бу инвестицион жозибадорликни оширади. БААлик инвесторлар «Қўнғирот сода заво­ди»нинг 51 фоизлик акция­ларини сотиб олишганида айнан шу жиҳат­ларга аҳамият қаратишган бўлса, ажаб эмас.
     – Ҳозирги кунда корхонада яна қандай инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда? Яқин ва узоқ муддатли лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
     – Сўнгги амалга татбиқ этилган инвестицион лойиҳалардан бири жорий йилнинг февраль ойида синовдан ўтказилган бўлиб, қиймати 1,700 минг АҚШ долларига яқин ва кўпроқ ички имкониятларимиздан фойдаланишга асосланган. Лойиҳа атмосферага чиқаётган юқори концентрацияли карбонат ангидридни ишлаб чиқариш жараёнига қўшиш натижасида сода ишлаб чиқаришни 10 минг тоннага ошириш имконини беради.
     Лойиҳа тасдиқлангач, қурилиш ишлари олиб борилди ва узунлиги 15,2 км, диаметри 280×16,6 мм бўл­ган полиэтилен қувурлар тортиб келинди. Карбонат ангидрид газини «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонасидан келтириш учун компрессор станцияси ўрнатилди. Шунингдек, «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонасининг барча зарур алоқа тармоқ­лари юқори концентрацияли карбонат ангидрид газини ишлаб чиқариш­ни узлуксиз таъминлаш учун уланди. Қурилиш-монтаж ишлари ниҳоя­лангач, 72 соат ичида экс­плуатацион синовлар ўтказилди ва жорий йил февраль ойининг биринчи ўн кунлигида фойдаланишга топширилди.
     Ўрта муддатли лойиҳалардан бири – бу маҳсулот ишлаб чиқаришни 250 минг тоннага оширишни кўзда тутувчи Ўзбекистон кимё саноатидаги энг йирик лойиҳа бўлиб, ўтказилган тендер савдоларида Хитойнинг «Сити» ва «Камси» компаниялари ва Россия Федерациясидан «Салюс» МЧЖ компанияси иштирок этди. Тендер якунида Россия компанияси ғо­либ деб топилди. 2022 йилнинг март ойида буюртмачи ва бош пуд­ратчи ўртасида дастлабки шартномалар имзоланди ва аниқ режалар келишиб олинди. Лойиҳага кўра янги қув­ватни қуриш, жиҳозларни ўрнатиш ва ишга туширишнинг умумий қий­мати 190 миллион доллардан ош­маган ҳолда бажарилиши бизнинг барча техник ва бошқа параметрларимизга мос келди. Қолаверса, россиялик ҳамкорларимизнинг сода иш­лаб чиқариш борасида ҳам катта таж­рибаси борлигини айтиб ўтиш жоиз.
     Жорий йилнинг 17-20 май кунлари Қўнғирот сода заводига бош пуд­ратчи – «Салюс» компания ва «УНИХИМ» АЖдан ташриф буюрган мутахассислар билан учрашув доирасида лойиҳа бўйича долзарб масалалар юзасидан келишувларга эришилди. Жумладан, лойиҳанинг асосий техник eчими пудратчи томо­нидан ишлаб чиқилиши ва ҳар бир объектнинг техник eчими алоҳида тақдим қилиниши; лойиҳанинг бош режаси объектларнинг жойлашуви билан тез орада ишлаб чиқилиши; қурилиш ишларини бошлаш учун зарур бўлган омиллар, яъни дастлабки лойиҳа муддати, ишчи кучи ва қурилиш техникалари мобилизацияси каби масалалар юзасидан келишиб олинди. Лойиҳанинг техник жи­ҳатлари бўйича атрофлича муҳока­малар олиб борилиб, томонлар ­ўртасида баённома расмийлашти­рилди.
 
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.