– Сергей Владимирович, сиз бошқараётган агентлик 2000 йилда ташкил топган. Суҳбатимиз бошида унинг дастлабки ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз…
– Йигирма йил эҳтимол, тарих олдида киприк қоққулик лаҳзага тенгдек туюлар, лекин муайян даврда яшаётган инсонлар учун озмунча вақт эмас. Энг муҳими, ўтган давр оралиғида дунёда сон-саноқсиз ва мислсиз ижобий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, Интернет олами, умуман олганда, АТ-технологиялари жадал ривожланди.
Асримиз бошида Интернет-бизнесга «кириш чегараси» жуда паст эди. Ўша кезлар ўзим, агар мавзу қизиқарли ва унга талаб бўлса, оддий сайт ёзсам бўларди, лекин у ҳолда бу бизнесга айланиши мумкин эди. Аслида Cbonds ахборот агентлиги тахминан шу зайл вужудга келган – сайтнинг биринчи версиясини менга астойдил ёрдамлашган дастурчи дўстим билан бирга ёзганман. Ҳозир эса бунинг иложи ҳам, ҳожати ҳам йўқ, чунки фойдаланувчиларнинг интерфейслар, дизайн, тезлик учун талаблари бир неча бараварга ошиб кетди. Қандайлигидан қатъий назар ҳар бир лойиҳа ортида АТ-жамоа туриши керак. Бизда бундай жамоа мавжуд, 12 нафар ходимимиз лойиҳаларимизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш устида тинимсиз изланишмоқда.
– Молия бозори иқтисодиётнинг ахборотга энг бой секторларидан бири сифатида тавсифланади. Бу бозорда ахборот катта функционал юкламага эга. У замонавий иқтисодиёт учун нечоғли муҳим?
– Бу ўринда мен «Биз ахборот асрида яшаяпмиз!» қабилидаги сийқаси чиққан иборалар хусусида тўхталмоқчи эмасман. Боиси, қанчалик ғалати туюлмасин, сўнгги йилларда иқтисодиётнинг бошқа секторларига нисбатан молия бозорининг «ахборот орқали ёритилишида», менимча, ўзгаришлар кам бўлди. Бу молия бозорининг «қолоқ»лиги оқибати эмас, негаки, унинг ахборот нуқтаи назаридан ривожланиши иқтисодиётнинг бошқа секторларидан анча илгари бошланган.
Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, сўнгги йилларда молия бозорлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш имкониятлари тубдан ўзгарди. Айтайлик, бундан 20 йил аввал бундай маълумотлардан фақат унинг учун анча-мунча пул тўлашга тайёр профессионал иштирокчилар фойдаланишган бўлса, эндиликда вазият тамомила ўзгача. Масалан, Cbonds обуначилари орасида шу тариқа катта молиявий институтлар қўлга киритадиган ахборот пакети билан мутлақо бир хил ахборот пакетига эга бўладиган кўплаб хусусий инвесторлар бор.
– Cbonds Ўзбекистонда 2006-2007 йилларда муайян мавзуларда конференциялар ўтказди. Кейин кўринмай қолди, 2018 йилда эса яна юртимизга келди. Хўш, республика капитал бозорига қизиқиш қайта тикланишига нима сабаб бўлди ва Сизнинг назарингизда у қанчалик истиқболли?
– 2006–2007 йилларда бозорга бўлган қизиқиш ўша кезлар Ўзбекистонда ички корпоратив облигациялар бозорини ривожлантиришга уринишлар бошлангани билан боғлиқ эди. Бу трендда биз ҳам қатнашдик. Аммо 2008 йилдан эътиборан ушбу фаоллик сўнди ва узоқ йиллар давомида Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорида тайинли ижобий ўзгариш рўй бермади. 2018 йилда эса уни қайта тиклаш жараёнлари бошланди, хусусан, Ўзбекистонда биринчи бўлиб «Кварц» компаниясининг IPO си бўлиб ўтди. 2019 йил эса Ўзбекистон суверен евробондининг жойлаштирилиши, ички давлат қоғозлари бозорининг ишга туширилиши, ички бозорда корпоратив облигациялар, «Ўзсаноатқурилишбанк» евробонди ва бир неча IPO/SPO жойлаштирилиши каби воқеаларга анча бой бўлди. Ўз навбатида, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий иштирокчилар томонидан қимматли қоғозлар бозори мавзусига, демакки, айни йўналишдаги конференцияларга ҳам қизиқиш кучайди. Чунончи, ўтган йили сентябрда Тошкентда капитал бозори мавзусида ўтказилган II халқаро Cbonds конференциясида 150 дан ортиқ киши қатнашди. Улар орасида ўзбекистонликлардан ташқари Россия, Қозоғистон, Буюк Британия, АҚШ ва континентал Европа мамлакатларидан келган иштирокчилар ҳам бор эди. Бу албатта, дунёда Ўзбекистон бозорига қизиқиш катталигини, унинг ривожланиши учун юксак салоҳият мавжудлигини англатади.
– «Ўзсаноатқурилишбанк» Лондон фонд биржасига ўзининг халқаро облигацияларини чиқарди. Сиз мамлакатимиз молия бозорининг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз? Ўзбекистон суверен облигацияларининг жойлаштирилиши банклар ва корхоналар учун қандай янги имкониятлар эшигини очади? Юртимизга олис-яқин давлатлардан ташриф буюраётган инвесторлар ва эмитентларнинг Ўзбекистон капитал бозорига чиқишга бўлган қизиқишини қай тарзда янада кучайтириш мумкин?
– Фикримча, ташқи ва ички бозорларга маблағларни жалб қилиш рақобатлашувчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи воситалардир. Масалан, мен Россияда облигациялар бозори қандай ривожланганини жуда яхши эслайман. Корпоратив облигацияларнинг ички бозори 2000 йиллар бошида пайдо бўлса-да, 2010 йилга қадар унинг ҳажми еврооблигациялар бозори ҳажмидан анча паст бўлиб келди. Аммо евробондлар бозори туфайли эмитентлар унинг ўзига одатланиб, қимматли қоғозлар бозорида ишлаш маданиятини оширдилар. Ички бозор ривожланишига қараб ички инвестор шаклланди, россиялик қарз олувчилар ички бозордан борган сари фаол фойдалана бошлашди ва жойлаштириш улуши худди шу ерга кўчди. Айни пайтда ички бозор Россия компаниялари учун маблағлар манбаи сифатида еврооблигациялар бозоридан анча илгарилаб кетгани аниқ. Менимча, Ўзбекистондаги облигациялар бозорининг ривожланиши ҳам мантиқан шу йўсинда кечиши мумкин.
Албатта, суверен облигациялар ҳам ички, ҳам ташқи бозорда жойлаштирилгани жуда яхши. Бу облигациялар бенчмарк деб аталувчи мўлжални ифодалайди ва шу асосда корпоратив облигациялар нархи шаклланади. Бундай бенчмарк пайдо бўлишини фақат олқишлаш лозим.
Табиийки, чет эллик сармоядорлар бошқа мамлакатларга юқори даромад олиш истиқболлари мавжуд бўлган ҳамда қулай ва шаффоф инфратузилма яратилган тақдирда кўпроқ келишади. Ҳозирча улар Ўзбекистонда ҳам юқори даромад олиш имконлари етарли эканлигини эътироф этишмоқда. Афсуски, бу мамлакат бозори хорижий инвесторлар учун жуда кичик. Шунинг учун ҳам пул қилиш, қимматли қоғозларни сотиб олиш, пулни олиб чиқиш, солиқлар тўлаш ва бошқа жараёнларни қулайлаштириш, бир сўз билан айтганда, инфратузилмани кенгайтириш орқали инвесторларнинг қизиқишини кескин ошириш зарур.
– Cbonds фаолиятининг кўплаб йўналишлари мавжуд: ахборот сайтлари (Cbonds.ru, Investfunds.ru, Preqveca.ru, Mergers.ru)ни ривожлантириш, молия бозорлари бўйича тематик конференциялар ва кўргазмалар ўтказиш, ноширлик билан шуғулланиш (Cbonds Review журнали ва йиллик маълумотномалар). Агентликнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги тўғрисида гап кетганда қандай қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ахборот алмашинувини яхши йўлга қўйиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?