Деҳқонобод калий заводи: янги ўзгаришлар остонасида

3/2022

 
     «Деҳқонобод калий заводи» АЖ бошқаруви раисининг транспорт ва логистика бўйича ўринбосари Ойбек ҚУРБОНОВ билан суҳбатимизда ушбу йирик корхонанинг ўтган ўн йилдан ортиқ вақт давомидаги фаолиятига яна бир бор назар ташладик. Самимий мулоқот эришилган ютуқлар ва галдаги вазифаларнинг ўзига хос сарҳисоби бўлди, десак янглишмаймиз.
 
     – Ойбек Абдусатторович, яхши биласиз, ҳозирда дунёда кузатилаётган беқарор сиёсий-иқтисо­дий вазият, оқибати номаълум таранглик юртимиз ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолма­япти. 2020 йилда бошланган коронавирус пандемиясига нуқта қўйилмай туриб, геосиёсий майдонда авж олган курашлар, қола­верса, глобал экологик, иқтисодий инқирозлар қатор давлатларни мураккаб вазиятга солиб қўйди. Шундай шароитда мамлакати­мизда саноат ва ишлаб чиқаришни эҳтимолий инқирозлардан асраш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазаларингизни бил­моқчи эдик. Хусусан, бу йўналишда корхонангизда қандай чора-тадбирлар белгиланган?
     – Молия соҳасидаги инқирозлар, валюта курслари ва нарх-навонинг кутилмаган ўзгаришлари, табиий ва техноген салбий ҳолатларининг кў­па­йиши, пандемия ва бошқа иқтисо­диётдаги кутилмаган ҳодисалар мамлакатдаги саноат ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ўтган йилларда кузатилган пандемия ана шундай мураккаб вазиятларда бизга қандай қилиб бўлмасин, маҳсулот ишлаб чи­қариш узлуксизлигини таъминлашни тақозо этди. Бунақа инқироз­лар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида хатарларнинг аҳамиятини баҳолаш ва уларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирлар рўйхати ишлаб чиқилган ва SWOT таҳлили ўтказилган. Унга кўра корхонанинг кучли томонлари, имкониятлари, заиф томонлари ва таҳдидларга баҳо берилган. Ўйлаймизки, заводимизнинг ўн йилдан ошиқ бой тажрибага ва малакага эга бўлган ходимлари билан ҳар қандай мушкулотларни ҳал этиш мумкин. Бунга ишончим комил.
     – Маълумки, кейинги беш-олти йилда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳасида кескин ўзгариш­лар юз берди. Эркинлаштириш, инвестиция имкониятларини кенгайтириш иқтисодиётимизда янги саҳифа очди. Сизнинг-ча, мана шу давр завод фаолиятида қандай ютуқлар билан эсланади? Корхонанинг дастлабки йиллари билан таққослаганда, қўлга киритила­ётган ютуқлар кўлами ва сал­моғи қандай? Агар муаммолар бўлса, уларни ҳам очиқ айтишингизни истардик.
     – Қисқа давр ичида дунёнинг кўплаб минтақаларига ўз маҳсулоти билан кириб бораётган Деҳқонобод калий заводи ўтган йилларга қара­ганда экспорт салоҳияти, ишлаб чи­қариш самарадорлиги билан жадал ривожланмоқда. Корхонанинг даст­лабки йилларга қараганда иқтисодий кўрсаткичи яқин йиллар ичида сезиларли даражада юқорилади. Ра­қамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йилнинг ўзида 48,8 млн. АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди, экспорт ҳажми 2020 йилга нисбатан 1,5 бараварга кўпайди. Шунингдек, 2021 йилни жамиятимиз 57,4 млрд. сўм соф фойда билан якунлади. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан бир неча ўн баробар юқо­ридир.
Тюбегатан калий тузлари конидаги мураккаб кон-геологик шароитларга қарамасдан, кончиларимизнинг халқаро тажрибани қўллаган ҳолда ностандарт қарорларни ўз ўрнида қабул қилиб, мавжуд масалаларни ҳал этишлари бўйича самарали тизим йўлга қўйилди.
     – Бугун, юқорида таъкидлаганимиздек, жаҳондаги кескин вазият таъсирида озиқ-овқат ва қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ошиб бормоқда. Дунёдаги кўплаб йирик компаниялар узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ўзгартиришга ёхуд бир муддат фаолиятини тўхтатишга мажбур бўляпти. Деҳқонобод калий заводи маҳсулотлари таннархи ошиб кетмаслиги, ишлаб чиқариш­ни бир меъёрда ушлаб туриш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида бафуржа гаплашсак.
     – Дарҳақиқат, жаҳондаги кескин вазият дунёдаги кўплаб йирик компанияларга таъсир қилмасдан қол­маётир. Хусусан, жамиятимизда ишлаб чиқарилаётган калий хлорид маҳ­сулотининг ташқи бозорда рақо­батбардошлигини таъминлаш ва маҳ­сулот таннархини мунтазам бос­қичма-босқич камайтириш устида мутахассисларимиз ишламоқда. Жум­ладан, шу йил давомида маҳсу­лот таннархини 16,1 млрд. сўмга камайтириш бўйича чора-тадбир ишлаб чиқилиб, ҳозирда тўлиқ бажа­рилмоқда.
     – Ҳар бир соҳа истиқболи етук кадрларга ва ишчи-ходимларнинг илғор билим-тажрибаларни амалиётда қўллаб боришига узвий боғлиқ. Шу маънода Деҳқонобод калий заводи хорижлик ҳам­корлар билан кадрлар малакасини ошириш бўйича қандай ишларни амалга оширмоқда?
     – Айни пайтда жамият ходимларидан бир нафари Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети магистратурасида таҳ­сил олмоқда. Шунингдек, ушбу университетнинг Тошкент филиалида 2 нафар талаба корхонамиз ҳисобидан ўқитилмоқда.
     Бундан ташқари жамиятга турдош хорижий заводлар, хусусан, «Урал калий», «Беларусь калий» каби йирик калий ўғити ишлаб чиқариш корхоналарида ходимларни стажировкага юбориш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
     – Биламизки, заводда икки мингга яқин ишчи-ходим ишлайди. Уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кас­бий кўникмаларини ошириш масалалари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.
     – Завод қошида юз ўринли ишчилар ётоқхонаси, 40 та ёш оилага мослашган оилавий ётоқхона, раҳ­бар ходимларнинг оилавий (ёки гу­руҳий) тарзда яшаши учун уй (коттеж)лар мавжуд. Авваламбор, ишчи-ходимларни турар жой билан таъминлаш мақсадида уларнинг 210 нафарига намунавий уйларнинг бош­ланғич ва якуний тўловлари корхона ҳисобидан тўлаб берилди. Бундан ташқари заводимизда ногиронлиги бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 16 нафар хотин-қиз ишга жалб қи­линган, эҳтиёжманд оилалар вакиллари учун ўндан ошиқ касаначилик иш ўрни яратилган.
     Ишчи-ходимларимизнинг саломатлигини тиклаш, моддий кўмаклашиш ишлари доимий диққат-эъти­боримизда. Жумладан, шу йилнинг ўтган даврида завод томонидан 118 нафар ходимга 179,2 млн. сўм миқ­дорида, касаба уюшма қўмитаси ҳи­собидан 303 ходимга 56,6 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, завод томонидан 31 нафар, касаба уюшма қўмитаси кўмагида 35 нафар ишчи-ходимга санаторийларда дам олиш учун йўлланма берилди.
Корхонамиз қошида «Ёш кимёгар» болалар соғломлаштириш ором­гоҳи мавжуд бўлиб, ҳар йили ёз мавсумида ишчи-ходимларимиз бу ерда таътилни мароқли ўтказадилар.
     Заводимиз Ишчилар шаҳарчаси­да Соғломлаштириш маскани ташкил этилган ва у ерда завод ходимлари, уларнинг яқин қариндошлари, фахрийларимиз ўз саломатлигини тик­лаш имкониятига эга. «Жажжи ки­мёгарлар» нодавлат мактабгача таълим муассасасида эса ишчи-ходимларимиз фарзандлари тарбиялан­моқда.
     Ишчи-ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш масаласига келсак, заводимизда устоз-шогирд анъаналари жорий қилинган бўлиб, бунда янги ишга қабул қилинган ва бир лавозимдан бошқа лавозимга ўтган ходимларга малакали мутахассис ходимлар бириктирилади.
     Бундан ташқари жамиятимизда бу йил ўқув маркази ташкил этилди. Бунда чет тиллари, компьютер саводхонлиги курслари, меҳнат ва саноат хавфсизлиги бўйича ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.
     Шунингдек, ходимлар мунтазам равишда турдош маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарида стажировка ўташади.
     – Бугун сайёрамизда экологик вазият кун сайин ўзгариб бормоқ­да. Шу маънода табиатни асраш ва яшил макон яратиш борасида давлатимиз раҳбари бошчилигида салмоқли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда завод қандай ишларни олиб бормоқда? Заводнинг ҳудуд экологиясига салбий таъсир даражаси қандай?
     – Ўтган йилнинг 2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳа­сини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилади.
     «Деҳқонобод калий заводи» АЖ ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ҳозирга қадар корхона ходимлари томонидан 10 минг 600 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
     Айтиш жоизки, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги «Долзарб 40 кунлик»да фаол иштирок этиш бўйича «Деҳқонобод калий заводи» АЖ алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, шунга му­вофиқ бутун корхона ҳудуди бўйлаб амалий ишлар олиб борилди.
     Мақсад заминимизда яшилликни кўпайтириш, об-ҳавонинг тозалиги, иқлим мўътадиллигини сақлаш, боғ­дорчилик маҳсулотларининг мўллигини таъминлашга улуш қўшишдир.
     Заводнинг ҳудуд экологиясига таъсири бўйича экологик меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ҳужжатларда рухсат этилган меъёрдан ошмаган миқдорларда атроф-муҳитга ташламалар ташланади. Натижада корхонадаги экологик ҳолатнинг доимий барқарорлиги таъминланмоқда. Шу билан бирга республикамиздаги салоҳиятли институтлар ва илмий тадқиқотчилар билан биргаликда жамият технологик жараёнидан ажралиб чиқаётган чиқиндиларни қайта ишлаб, улардан республика эҳтиёжини қондирадиган ва экспорт қилиш имконини берувчи юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида ҳам изланишлар олиб бор­моқдамиз.
     – Корхонада ишлаб чиқарила­ётган минерал ўғитларнинг асосий қисми экспортга чиқарилади. Хўш, ички бозорда минерал ўғит­ларга бўлган талабни қондириш, нархлар ошиб кетишининг олдини олиш бўйича қандай ишлар қилин­япти?
     – Жамиятда ишлаб чиқарилаётган калий хлорид минерал ўғитларининг асосий қисми экспортга чиқарилиши рост. Лекин бу ички бозорда ушбу ўғитларга бўлган талабни қондириш мақсадида йиллик минерал ўғит­ларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг прогноз кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмайди. Яъни тасдиқланган график асосида калий хлорид минерал ўғити ички бозор талабини қондириш ва нархнинг ошиб кетмаслиги учун узлуксиз биржа савдоларига чиқарилади.
     – Сўнгги йилларда хорижлик инвесторлар билан қандай пилот лойиҳалар амалга оширилди ёки амалга оширилиши режалашти­рилмоқда?
     – Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон жадал иқтисодий ўзгаришларни бошдан кечирди ва хал­қаро ҳамжамиятда бизнес ва инвес­тициялар учун турли тўсиқларни бартараф этишда очиқлик, янгиланиш ва қатъиятлилик рамзларидан бири сифатида тобора кўпроқ намоён бўлмоқда.
     Иқтисодиётимизни ривожлантириш ва ислоҳ қилишни чуқурлаш­тиришда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инвесторларга қулай муҳит яратиб бериш муҳим вазифа ҳисобланади.
     Шу маънода ҳозирги кунда жамиятимизда сульфат калий, гранулаланган хлорли калий ва бошқа калий тузлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳалари концепцияси мавжуд ва бунинг учун хорижий потенциал инвесторлар аниқланиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича якуний қарор қабул қилинганидан сўнг лойиҳа бош пудратчиси маълум бўлади.
     Сульфат калий, гранулаланган хлорли калий ишлаб чиқариш ло­йиҳалари бўйича Германиянинг «ENGINEERING DOBERSEK GMBH» ва Хитой Халқ Республикасининг «Hebei Dongding Chemical Trade Co. Ltd» компанияларидан тижорат таклифлари олинди. Шу билан бирга, Беларусь Республикасининг «Беларусь калий» ОАЖ ва Германиянинг «ERCOSPLAN» компанияларидан тижорат таклифлари кутилмоқда.
     Яна бир гап. Корхонани хусусийлаштириш доирасида унинг 51 фоиз акцияси хорижий инвесторга сотилади ва мазкур лойиҳани амалга ошириш инвестиция мажбурияти юклатилади.
     – Ўйлаймизки, истиқболдаги бу лойиҳа ва режаларнинг амалий ис­ботини топиши завод фаолияти ривожини яна бир босқичга олиб чи­қади. Бу йўлда завод жамоасига муваффақият ти­лаймиз. Вақт ажратиб, фикр-муло­ҳазаларингиз билан ўртоқлашга­нингиз учун раҳмат!

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.