Intervyu

Экологияни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқариш суръатларини оширамиз

5/2019

     Мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиёдаги биринчи азот заводи ҳисобланган «MAXAM-CHIRCHIQ» акциядорлик жамиятининг тарихи 1932 йилдан бошланган. Корхона 1940 йилда ишга туширилган бўлиб, у дастлаб Чирчиқ электр кимё комбинати, деб номланар эди. Ўша вақтда завод Чирчиқ шаҳри шаҳарсозлигининг вужудга келиши ва ривожланишида асосий ролни ўйнади.
     Бугунги кунда «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона саналади. Ўтган давр мобайнида корхонанинг аъло даражадаги ишчанлик обрўси шакл­ланди, шу билан бирга унинг ишончлилиги ортди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг юқори сифатлилиги жиҳа­тидан маҳаллий ҳамда хорижий шериклар ва истеъмолчилар орасида ҳурмат қозонди.
«MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ бошқаруви раиси Ҳотам Анварович САЙДАҲМЕДОВ корхонанинг кейинги ривожланиш истиқ­боллари ҳамда олдинда турган вазифалар ҳақида «ЎзИА» мухбирига сўзлаб берди.
 
 
     – 2007 йилда Испаниянинг Maxam Corp S.A.U. компанияси корхона акцияларининг 49 фоизини сотиб олиши муносабати билан корхона «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ деб қайта номланганлиги маълум. Испаниялик инвесторлар корхонага келган вақтдан бошлаб унинг номидан ташқари яна нималар ўзгарди?
     – Ишлаб чиқаришнинг барқа­рорлиги, маҳсулотнинг юқори сифати ва истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариш бу – ҳамиша корхонамизнинг иш ус­лубини белгилаб берган асосий прин­циплар саналади. Ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқаришда жа­ҳон стандартларига мос келадиган, Ўзбекистонда ҳам, чет элда ҳам бар­қарор талабга эга бўлган сифатли маҳсулот тайёрлаш имконини берувчи замонавий технологиялар қўлла­нилмоқда. Заводимизнинг устав фондидаги улуши Maxam корпорацияси томонидан сотиб олинганидан ке­йин мавжуд ишлаб чиқаришларни реконструкция ва модернизация қи­лиш ҳамда қўшимча инвестиция маблағ­ларини жалб этган ҳолда янги ишлаб чиқариш жараёнини барпо этиш борасида бир қатор ишлар қилинди. 2013 йилда карбамид ишлаб чиқа­ришнинг реконструкция қилиниши, 2014 йилда Кичик зичликдаги аммоний нитрати қурилиши, АК-72 ва АК-72М азот кислотаси ишлаб чиқа­ришнинг модернизация қилиниши ва техник қайта жиҳозланиши, 2015 йилда минерал ўғитлар ишлаб чиқа­ришнинг барқарорлигини таъминлаш учун хомашё ишлаб чиқариш­нинг реконструкция ва модернизация қи­линиши шулар жумласига киради. Амалга оширилган ишлардан кўзланган мақ­сад мавжуд ишлаб чи­қаришлар қув­ватини ошириш ва бар­қарорлашти­ришдан иборат эди.
     Бундан ташқари корхонада корпоратив бошқарув тизими амалга оширилмоқда.
     – Бозор иқтисодиёти шароитида сифат – бу ҳар қандай компания фаолиятининг асосий устуворлиги ҳисобланади. Заводда ишлаб чиқа­рилаётган маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг рақобат жиҳатдан устунликлари нималардан иборат? Ниманинг ҳисобидан юксак сифат кўрсаткичларига эришил­моқда?
     – Шуни эътироф этиш керакки, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати – бозор шароитида фаолият юритишнинг муҳим омили ҳисобланади. Чунки нафақат бозор сегментларининг кенгайишини ва рақобатбардошликнинг ошишини таъминлайди, балки корхонанинг янада ривожланишига ва фойданинг ошишига хизмат қилади. Кор­хонамиз минерал ўғитлар ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқа­ришга ихтисослашган бўлиб, бу борада сифат жуда муҳим. Ташкилот менежмент тизимининг мақсади истеъмолчиларнинг юқори талабларини қонди­ришдан иборат.
     «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ фаолиятининг асосини комплекс ёндашув – стратегия ва бизнес-режани шакллантиришдан тортиб то якуний натижа – юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ишларнинг тўлиқ циклини бажариш ташкил этади. Бунга келиб тушадиган хомашё ва материалларнинг кириш назорати ҳам­да маҳсулот сифатини синовдан ўтказиш, шунингдек, ўлчашни амалга ошириш имконини берувчи энг замонавий асбоб-ускуналар билан жи­ҳозланган ўз лабораториясининг мавжудлиги ёрдам бермоқда. Жараёнларнинг самарадорлигини ва белгиланган мезонларга мос келишини – маҳсулот ҳаётий циклининг барча босқичларида ISO 9001; ISO 14001; ISO 50001 и OHSAS 18001 халқаро стандартларига мос келишини баҳолаш учун жараёнларнинг таҳлили, мониторинги ва назорат қилиш мунтазам амалга ошириб турилади.
     – Айтингчи, корхона учун хал­қаро сертификатлашнинг устун­ликлари нималардан иборат?
     – Менежмент тизимини сертификатлаш корхона учун муҳим қадам бўлди. Заводда биринчидан, ижро интизоми яхшиланди, бу нохуш ҳо­латлар ва бузилишлар юзага келишининг олдини олишга ёрдам беради. Иккинчидан, ишлаб чиқаришнинг хавфли участкаларини назорат қи­лиш ва ишлаб чиқариш фаолияти жараёнида юзага келадиган таваккалчиликларни бошқариш кучайди, демак, минтақадаги экологик вазият ҳам яхшиланди. Учинчидан, бу корхонанинг рақобат жиҳатдан устунлик­лари, инвестициявий жозибадорлиги, шу жумладан тендерларда иш­тирок этишда, бизнеснинг бевосита ва билвосита харажатлари, хусусан, йўқотишларни компенсациялаш учун харажатларнинг камайиши, ички бозорнинг кенгайиши ва экспорт имкониятларининг ортишида ҳам кўзга ташланди.
     Пировардида, менежмент тизими корхонани бошқаришнинг ходимлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишидан ёки унинг эришилган даражада сақлаб турилишидан манфаатдор бўладиган механизмини яратади.
     – Ҳозир жаҳонда ишлаб чиқа­ришнинг экологик хавфсизлиги ма­саласи ўта долзарб бўлиб турибди. Айтингчи, бугунги кунда айнан сизнинг корхонангизда атмосферани, атроф-муҳитни ифлослантиришга қарши курашиш борасидаги ишлар қай даражада амалга оширилмоқда?
     – «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖда экологик хавфсизликни таъминлаш учун табиатни муҳофаза қилиш бўйича учта асосий йўналишни ўз ичига олув­чи комплекс иш тизими ишлаб чиқилиб, фаол қўлланилмоқда. Булар:
     ● мунтазам жорий иш (кузатиш, назорат, тезкор чоралар кўриш, ҳи­соб юритиш, ҳисоботлар ва ҳоказо);
     ● ташкилий иш (нормативларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, экологик ўқитиш ва тарғибот);
     ● истиқболли йўналишлар (чи­қиндилар, ташламаларни камайтириш юзасидан қарорлар қабул қи­лиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш босқичида қарорлар қабул қилиш ва бошқалардан иборат).
     Ҳар куни корхонада санитария лабораторияси томонидан қуйидаги йўналишлар бўйича таҳлилий назорат ва доимий мониторинг ўтказиб турилади: иш зонасининг ҳаво му­ҳити; санитария-иҳота зонасининг атмосфера ҳавоси; корхоналар манбаларидан газ чиқиндилари, корхоналарнинг оқова сувлари, корхона томонидан оқова сувлар чиқариб юборилгунга қадар ва ундан кейин сув объектларининг сифат таркиби; сизот сувлар (кузатув қудуқлари тар­моқлари мавжуд).
     Корхонада нормал экологик вазиятни сақлаб туриш мақсадида ҳар йили атмосфера ва сув объектларига ифлослантирувчи моддаларни чиқариш (ташлаш)ни камайтириш, ишлаб чиқаришнинг қаттиқ чиқин­диларини жойлаштириш бўйича табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг режалари ишлаб чиқилиб, бажарилади. «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ иш­лаб чиқариш цехлари ва бўлинмаларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш учун 2018 йилда 307,3 миллион сўм ва 76 минг АҚШ доллари қийматидаги тадбирлар бажарилди.
     Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан олтингугурт кислотаси ишлаб чиқаришининг ванадийли катализаторини ишлаб чиқариш бўйича тажриба-саноат қурилмасининг атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги баёнот лойиҳаси, мавжуд турар-жой комплексларини мукаммал таъмирлашнинг атроф-муҳитга таъсири тўғ­рисидаги баёнот лойиҳаси, азот кислотаси ишлаб чиқариш бўйича АК-72М агрегатини реконструкция ва модернизация қилишнинг табиатга (атроф-муҳитга) таъсири тўғри­сидаги баёнот лойиҳаси ишлаб чи­қилиб, тасдиқланди. Техник сув аммиаки, суюқ техник аммиак, концентрациялашган азот кислотаси, «КАС» суюқ азот ўғити, универсал тўйинтириш эритмалари ишлаб чиқариш технологик жараёнлари учун экологик сертификатлар олинди.
     Жорий йилда атроф-муҳитни му­ҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича 597,2 миллион сўм умумий қиймат­даги 19 та тадбирни амалга ошириш режалаштирилган. 2019 йилнинг 1-чорагида ташламаларнинг йўл қў­йиладиган чекланган миқдори (ТЧМ) нормативларини қўллаб-қувватлаш ва атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш учун корхонада 48,1 млн сўмдан ортиқ қийматдаги тадбирлар бажарилди.
     2019 йилнинг 1-чораги якунларига кўра «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ ташламаларининг манбалари томонидан атмосферага 508,43 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилди, бу йил чораги учун белгиланган ТЧМ нормативидан 1271 тоннага кам. Ўзбе­кистон Республикасининг «Таби­атни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Чи­қиндилар тўғрисида»ги қонун­лари талабларига мувофиқ чиқинди­лар­нинг қуйидаги турларига экологик сертификатлар олинди: ишлатил­ган катализаторлар, ишлатилган мой, ишлатилган автошиналар, металл парчалари, моноэтаноламин тозалаш куб қолдиқлари ва бошқалар.
     – «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ таркибида Ўзбекистон ҳудудидаги ягона катализаторли ишлаб чиқариш цехи фаолият кўрсатиб турибди. Ушбу ишлаб чиқариш цехи жарёни ҳақида сўзлаб берсангиз. Ишлаб чи­қарилаётган маҳсулотга бўлган талаб қанча?
     – «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг катализатор цехи 1949 йилда фойдаланишга топширилган. Ўшанда собиқ иттифоқда биринчи марта кислороддан водородни юпқа тозлаш ва азот алмашинуви учун никель-хром катализаторини ишлаб чиқариш бошланган эди. Никель-хром катализаторини ишлаб чиқариш услуби ҳо­зирги вақтда МДҲнинг бошқа заводларида ҳам қўлланилмоқда. Фаолият йиллари мобайнида ушбу цехда катализаторларнинг 15 дан ортиқ қуйидаги турлари ишлаб чиқарилди, жумладан, ОХК-2Э углерод оксидининг ўртача ҳароратли катализатори, ЧПС-03, АНМ, ЧКР-03, ЧКГ, НТК-4у, ТО-2, СА-С, СА-СВ, ГИАП-8, ГИАП-14 олтингугуртли бирикмаларни ютувчи моддалар. Шу билан бирга катализаторлар ажойиб фойдаланиш хусусиятларини кўрсатмоқда. Масалан, ЧПС-03 юткичи «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ ва «Farg‘onaazot» АЖда 2011 йилдан буён АМ-76 да фойдала­нилмоқда.
     Ишлаб чиқарилаётган катализаторларнинг сифати кўп йиллик синовлар ҳамда республикамиз ва хорижий кимёвий саноат корхоналарида фойдаланиш орқали тасдиқ­ланган. Солиштирма юзаси ва таркибидаги хомашё миқдори бўйича хорижий аналоглардан устун туради. Катализаторларни ишлаб чиқариш технологиялари Ўзбекистон Респуб­ликасининг патентлари билан ҳи­мояланиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотига сазовор бўлган.
     Ҳар йили биз ишлаб чиқариш суръатлари ҳамда экспорт улушини ошириб бораяпмиз. Асосий катализаторлардан ташқари цехда Ўзбе­кистон Республикаси Фанлар академиясининг Полимерлар физикаси ва кимёси институти мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тажриба катализаторлари чеклан­ган партияларда ишлаб чиқилади. Яқин вақт ичида катализатор цехи ускуналари негизида ванадийли катализаторларини ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, унинг ишлаб чиқариш қуввати Ўзбекистон кимё саноатининг эҳтиёжларини тў­лиқ қоплаши ва импортнинг ўрнини босиши мумкин.
     – Сўнгги йилларда корхона ўз ишлаб чиқариши ҳажмини фаол тарзда оширмоқда. Бугунги кунда маҳсулотларингиз қайси мамлакатларга экспорт қилинмоқда?
     – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3246-сонли «Кимё саноати ташкилотларининг экспорт-импорт фао­лиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига му­вофиқ корхонамизда ишлаб чиқари­ладиган тайёр маҳсулотлар «Ўзкимёимпэкс» МЧЖ ташқи савдо компанияси ҳамда Maxam Corp корпорацияси, CR Capital Resources компанияси ва «Максам-Қозоғистон» МЧШнинг аффилланган шахслари орқали экспортга сотилади. Бугунги кунда тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Монголия, Россия, Молдова, Руминия, Болгария ва Корея каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
     – Экспертларнинг ишонти­ришларича, кимё тармоғи кўплаб бошқа бозорлардан фарқли ўлароқ иқтисодий беқарорлик таъсирига унчалик ҳам дучор бўлавермайди. Бундан ташқари кимёвий маҳсу­лотлар жаҳон нархининг кенг кў­ламли пасайиши ҳам кузатилмаяпти. Балки айнан шунинг учун мазкур соҳа инвестициялар учун энг жозибадор соҳалардан бири бўлиб қолаётгандир. Корхона ҳо­зир қандай инвестиция лойиҳа­ларини амалга оширмоқда ёки амалга оширишни режалаштирган? Инвестициялар аниқ нималарга йўналтирилмоқда?
     – Охирги 10 йил мобайнида инвестиция дастурига мувофиқ корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини ошириш, унинг таннархини пасайтириш, энергия ресурслари сарфини камайтириш, экологик вазиятни яхшилаш ҳамда фаолият кўрсатиб турган ишлаб чиқаришларнинг ишлашини барқарорлаштиришга йўналтирилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Чунончи, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 июлдаги ПҚ-677-сонли қарорига мувофиқ «Аммиак-76» аммиакининг йирик тоннали агрегатини реконструкция қилиш ва модернизациялаш» инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Бу агрегатнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, энергия истеъмолини камайтириш ҳамда атмосфера ва сув ҳавзаларига ифлослантирувчи моддаларни чиқа­риш (ташлаш)ни камайтириш имконини берди.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 12 мартдаги ПҚ-1072-сонли қарорига мувофиқ корхонада иккита инвестиция лойиҳаси тугатилди. 2011–2012 йилларда карбамид ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳоз­лаш ҳисобидан йиллик ишлаб чиқа­риш қуввати оширилди, бу мамлакатимизнинг ички эҳтиёжини қонди­риш, корхонанинг экспорт салоҳия­тини ошириш ҳамда карбамид ишлаб чиқариш учун хомашё ва энергия ресурсларининг сарфи нормаларини камайтириш имконини берди. 2012 йилда корхонада экспортга йўналтирилган маҳсулот – асосан тоғ-қазиб чиқариш корхонлари томонидан қўлланиладиган паст зичликдаги аммоний нитрат ишлаб чиқариш бўйича янги қурилманинг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 октябрдаги ПҚ-1623-сонли қарорини бажариш мақсадида «Минерал ўғитлар ишлаб чи­қаришнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун хомашё ишлаб чи­қаришларни реконструкция қилиш ва модернизациялаш» лойиҳасининг амалга оширилиши ҳисобидан олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш ҳажми бир йилда 140 минг тоннадан 165 минг тоннагача оширилиб, хом­ашё истеъмоли сарфининг нормалари камайтирилди, шунингдек, аммиак ишлаб чиқариш цехида табиий газ сарфи ҳам камайтирилди. 2016 йилда яна бир энергиявий самарали ло­йиҳанинг амалга оширилиши ниҳо­ясига етказилди. У табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжни 3,9 млн. м3га камай­тириш ҳамда атмосферага зарарли моддаларни ялпи чиқариш (ташлаш)­ни камайтириш имконини берди.
     Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ-2692-сонли қаро­рига мувофиқ «БНГ-172 (газларни қиздириш блоги) технологиясидан чиқариб ташлаган ҳолда ишланган газларни қиздириш усулини модернизация қилиш, АК-72М ««MAXAM-CHIRCHIQ» АЖда концентрациялашмаган азот кислотасини ишлаб чиқа­риш» лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Унинг тах­миний қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Лойиҳани Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағларини қисман жалб қилиш йўли билан амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2019–2020 йилларга мўлжалланган.
     – Фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиёт­нинг барча тармоқлари, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни жорий этиш мамлакатимизни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бугунги кунда корхонангизнинг фан билан ўзаро ҳамкорлиги қай даражада?
     – «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг фан билан ўзаро ҳамкорлиги корхонани ривожлантиришнинг асосий бўғини ҳисобланади. Бугунги кунда респуб­ликамизнинг етакчи институтлари, корхоналари ва илмий-тад­қиқот муассасалари: Тошкент кимё-технология институти, ЎзР ФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Умумий ва ноорганик кимё институти, ЎзР ФА «Физика-Қуёш» ИИЧБ материалшунослик институти, ЎзР ФА Ўсимлик моддалари кимёси институти, «Хоразм антикорр инвест» ИЧК, Автомобиль йўллари ИТИ, «Магистр» ИИЧБ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорлик қилмоқдамиз.
     Масалан, маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ўз саъй-ҳаракатларимиз билан ҳамда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда. 2010 йилдан бошлаб фаол цинк оксиди, карбонат аммоний тузлари, КАС (карбамид-аммик аралашмаси) суюқ ўғитлари, ОХК-02 маркали СО углерод оксиди ўрта ҳароратли конверсияси катализатори, АНМ маркали углеводородлардан олтингугуртли бирикмаларни гидролаш катализатори, ЧПС-03 маркали олтингугуртли бирикмаларни ютувчи модда, азот-олтингугуртли гранулланган ўғит, ЧАС-13 маркали аммиак селитраси учун маҳаллий антислеживатель, Novo Flow маркали аммиак селитраси учун антислеживателлар, магний нитрат, калий сульфат, магний сульфат ўғитлар, универсал озиқланти­рувчи аралашма (суюқ комплекс ўғитлар), фосфомочевинлар, сульфомочевинлар, модификацияланган пўк селитра, таркибида олтингугурт-магний микроэлементлари мавжуд бўл­ган карбамид, антинакипин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
     Ҳозирги вақтда корхона мутахассислари республикамизнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва кор­хоналари билан бирга импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар­нинг қу­йидаги янги ва яхшиланган турларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича фаол илмий ва техник ишларни олиб бормоқда: олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш учун ванадийли катализаторлар, хелат шаклларидаги микроэлементлар, таркибида хелат шаклларидаги Fe, Cu, Zn микроэлементлари мавжуд бўлган КАС анъанавий минерал ўғит­лар, NPKS сувда эрийдиган комплекс ўғит­лар, оқ қурум ва бошқалар.
     – Келаси йил «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг ташкил этилганига 80 йил тўлади. Бизнеснинг қанақа асосий тамойиллари корхонангизга бугунги кунда ҳам бутун Марказий Осиёдаги етакчи кимёвий корхоналардан бири бўлиб қолиш имконини бермоқда? Корхонангизнинг келгусида қай даражада ривожланиши хусусида ҳам тўхталсингиз.
– «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ ўз фао­лиятида бизнеснинг истеъмолчини ўйлаб, яъни унинг талаб ва эҳтиёжини назарга олиб иш тутиш, ходимларни жалб этиш, жараёнли ва бошқарувга нисбатан систематик ёндашув, шериклар билан ўзаро фойдали муносабатларни доимий равишда такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш каби асосий тамойилларига амал қилади.
     – Суҳбат учун ташаккур.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.