JDU – Ўзбекистон ёшлари учун истиқболли таълим

3/2022

     Салоҳиятли кадрлар давлат ва жамият тараққиётини таъминловчи кучдир. Барча соҳа ривожи айнан замонавий билим ва дунёқарашга эга, илғор фикрловчи, креатив қараш ва ижодий ёндашув кўникмаларини ўзлаштирган мутахассислар фаоллиги ҳамда изланишларига узвий боғлиқ.
     Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада ривожланган давлатлар тажрибаларини тўғри ва самарали татбиқ этиш, кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорлик қамровини кенгайтириш масалаларига устувор эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 декабрдаги «Тошкент шаҳрида Япония рақамли университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ пойтахтимизда Japan Digital University (JDU) – япон тили ва IT муҳандислик университети ўз фаолиятини бошлаши бу йўлда навбатдаги қадам бўлди.
     Айтиш ўринлики, мазкур олийгоҳнинг ташкил этилиши давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг яна бир амалий натижаси, дейиш мумкин. Зотан, ушбу ташрифда икки давлат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни илгари суришга қаратилган Стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнот имзоланди.
     JDU – япон тили ва IT муҳандислик университети ректори Равшанбек МАМАЖОНОВ билан суҳбатимиз ушбу олийгоҳни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар, унинг республикамиз ОТМ ўртасида тутган ўрни, истиқболи, табиийки, қабул шартлари ҳақида борди.
 
     – Равшанбек ака, биламизки, ҳар бир эзгу ташаббус ортида эзгу мақсад туради. Шу маънода JDU – япон тили ва IT муҳандислик университетини ташкил этишга қандай зарурат бор эди? Умуман, бу олийгоҳнинг Ўзбекистонда очилиши қандай амалий натижа ва афзалликлар тақдим этади?
     – JDU – бу Ўзбекистонда Япония стандартидаги олий таълим билан таъминловчи илк вa ҳозирча ягона университет ҳисобланади. Уни ташкил этишдан мақсад юртимиз ёшларига янги имкониятларни очиш ор­қали мамлакат тараққиётига вa Япония билан ўзаро манфаатли алоқа­ларни янги босқичга олиб чиқишга улуш қўшишдан иборат. Ҳаммамизга маълумки, Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин жуда тез суръатда ривожланган давлат ҳисобланади. Ўйлаймизки, Япония тажрибаси билан танишиш JDU битирувчиларига ҳам юртимиз ривожи учун ўз ҳис­сасини қўшишга туртки беради. Яна бир жиҳат, JDU одатдаги университетлардан тубдан фарқ қилади. Яъни бизда ўқитиш методикаси амалиёт билан чамбарчас тарзда ташкил этиладиган фанларга асосланади, битирувчиларнинг келажаги учун университет катта мажбуриятларни ўз зиммасига олади ва молиявий ёрдам кўрсатади. Бизнинг ишимиз талабага билим ва диплом бериш билан якунланмайди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, барча битирувчиларимизни Японияда расмий юқори даромадли иш билан таъминлашни мақсад қилганмиз. Битирувчиларимиз бир неча йил Японияда фаолият олиб бориб, юртимизга иқтисодиё­тимиз ривожи учун янгича ёндашувларни эгаллаб қайтишади.
     – Университетда айнан қайси йўналишларда юқори малакали таълим берилади? Ва нима учун бу йўналишлар танланган?
     – Университетда ҳозирча фақат ахборот технологиялари бошқаруви (Information Technology Management) бакалавр йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Сир эмаски, бу йўналиш кадрлари ҳозирда ривожланган ва ривожланаётган давлатларда бирдек зарур бўлиб турибди. Бугунги кунда IT кадрларига эҳтиёж сезмайдиган соҳа қолмади. Келгусида бозор талабларидан келиб чиқиб ва Япония давлатида илғор ҳисобланган йўналишларни кўпайтириб бориш режалаштирилган.
     – Ўз-ўзидан яна бир савол туғи­лади, хўш, университетда ўқиш жараёни қандай кечади? Талабаларга таълим беришда қайси замонавий ўқув дастурларидан фойдаланилади? Шулар ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтсангиз.
     – Бизнинг олийгоҳда нафақат IT, балки Япония вa Ўзбекистоннинг иж­тимоий, иқтисодий, маданий соҳаларида ҳам умуммақсадли кўникмаларга таянган ҳолда билим берилади. Университетимизда ўқиш тўрт ярим йил, яъни 9 семестрни ташкил этади. JDU нинг ўқув дастури учга бў­линган бўлиб, улар қуйидаги­лардир:
     ● ўқув дастуримизнинг асоси бўлган Японияда ишга жойлашиш учун керак бўлган кўникмалар (Бунинг ичига япон тили, япон маданияти, тарихи, ишга жойлашиш учун зарур амалий вa назарий кўникмалар киради);
     ● амалий иш фаолиятида фойдали бўлган IT кўникмалар (Мутахассисликка оид билимлар, яъни Javascript, PHP, Python дастурлаш тиллари каби дастурчи-муҳандис соҳасига оид бўлган назарий билимлардан ташқари 2-босқичдан бошланадиган, коворкинг – университет томонидан бериладиган ва IT соҳа­сига оид Япония лойиҳаларидан ташкил топган онлайн амалий иш вазифалар ҳам бор. Ушбу коворкинг вазифалар ўз навбатида талабалар ўқиш даврининг ўзида тажриба оширишига вa маълум маънода молиявий эркинликка эришишига хизмат қилади);
     ● умуммақсадли бизнес кўникмалар (Японияда муваффақиятли фаолият олиб бориш учун зарур бўл­ган билимлар).
     – Билишимизча, университетни тамомлаган талаба Японияда IT муҳандиси сифатида юқори даромадли ишда фаолият юритиши мумкин экан, тўғрими? Демак, JDU дипломини олган ёш мутахассис эришган ноу-хау ҳамда орттирган тажрибаси билан Ўзбекистонга қайтиб, муваффақиятли фаолият юритиши кафолатланади. Бу Ўзбекистондаги ҳар бир йигит-қиз учун жуда катта имконият, шундай эмасми?
     – Бизнинг миссиямиз – бу JDU битирувчиларини Япониянинг етакчи компанияларида иш топа оладиган мутахассис бўлиш билан бир қа­торда ўз Ватани учун фидойи ҳамда салоҳиятли кадрлар қилиб етиштиришдир. Хабарингиз бор, Япония брендлари мустаҳкамлиги вa сервис хизмати юқори даража эканлиги билан дунёга машҳур. Шу билан бирга ҳозирда Японияда туғилиш даражаси паст бўлгани сабабли чет эллик япон олий таълимини олган ёш кадр­ларга эҳтиёж сезилмоқда. JDU дипломини олган битирувчилар университет томонидан Япониянинг етакчи компанияларига ишга жойлашиш имкониятига эга бўлиб, Японияда IT муҳандиси сифатида фаолият юритиб, у ердаги «ноу-хау» ва орттирган тажрибаси билан Ўзбекис­тонга қайтишига ҳамда миллий та­раққиётимиз йўлида ҳисса қўшишига умид қиламиз. Аслида бош мақса­димиз ҳам шу!
     – Ўзбекистон ёшлари орасида япон таълим тизимига қизиқиш ва интилиш кучли. Албатта, JDU талабаси бўлишни, ўз келажаги пойдеворини шу олийгоҳда қўйиш­ни истайдиган йигит-қизларимиз сафи кенг эканига ишонамиз. JDU – япон тили ва IT муҳандислик университети юртимиздаги мактаб, лицей ва коллеж битирувчилари учун ўз эшикларини очди. Шу ўринда қабул шартлари, кириш имти­ҳонлари ҳақида ўқувчилари­мизга батафсил маълумот берсак.
     – Japan Digital University’нинг қабул шартлари учта:
     ● 11 йиллик мактаб, лицей ёки коллежни битирган бўлиши керак.
     ● 17 ёшдан 21 ёшгача бўлган ёш талаби. Университетнинг ушбу йилдаги қабулига топшириш учун абитуриент кейинги 2023 йилнинг 1 апрелига қадар 18 ёш ва бу йилнинг 1 октябрига қадар 21 ёш ора­лиғида бўлиши керак.
     Ҳозирда Япония иш бозорида ёш кадрларга катта талаб бўлгани ва Япониянинг аксарият компаниялари ёш кадрларни талаб қилаётгани сабаб 21 ёшгача ёш чегараси белгиланган ҳамда 21 ёшдан юқори бўлган абитуриентларни, JDU, афсуски, қа­бул қилмайди.
     Табиийки, абитуриентнинг япон тили, маданияти ҳамда IT йўналишига қизиқиши юқори бўлиши лозим. Сабаби, университетимизда таълим ўзбек ва япон тилида олиб борилади.
     Одатда имтиҳонларимиз онлайн тарзда, математика ва япон тили фанидан бўлиб ўтади. Абитуриентлар ҳужжат топшираётган пайт япон тилини билиши ҳақидаги сертификат талаб этилмайди.
     Давлат тест маркази имтиҳон­ларидан фарқли ўлароқ, бизда абитуриентларга япон тили видеодарсликлари, ZOOM-дарси, мотивацион хат каби йўналишларда ҳам вазифалар берилади. Бу вазифалар абитуриентнинг япон тилини ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун жорий қилинган ва булар учун ҳам қўшимча балл берилади.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.