Cўнгги йилларда республикамизда миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири бўлмиш туризмни янада ривожлантириш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал тараққий эттириш, мамлакат нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини оширишдек долзарб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган изчил сиёсат амалга оширилмоқда. Натижада юртимизга келаётган сайёҳлар сони кескин кўпаймоқда, шунга монанд равишда туристик хизматларга талаб ортиб, тизимда профессионал кадрларга эҳтиёж кучаймоқда.
Бироқ таҳлиллар туризм соҳаси ходимларининг касбий маҳоратлари ва билим-малакалари давр талаблари даражасида эмаслигини, меҳмонхоналар, кемпинглар ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар танқислигини, транспорт инфратузилмаси такомиллашмаганини, қизиқарли креатив маршрутлар камлигини кўрсатмоқда. Бу янглиғ қатор муаммоларнинг юзага чиқиши мамлакатимиз тўсатдан авж олган туристик бумга тайёр эмаслигини англатади. Шу боис соҳадаги хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўплаб таклиф-тавсиялар ва ташаббуслар илгари сурилди. Ҳукуматимиз эса қисқа муддатларда хорижий ва маҳаллий туристлар билан ўзаро ҳамкорликнинг жамики босқичларида гидлардан тортиб меҳмонхона ва ресторан сервиси ходимларигача – барчасини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими янгиланишини ва такомиллаштирилишини устувор вазифаларидан бири сифатида белгилади.
Албатта, бизнинг туристик таклифлар Европа мувофиқлик даражасига эришиши учун туриндустрияни, хусусан, туристик таълим тизимини ривожлантириш борасидаги хорижий тажрибага мурожаат этиш зарур эди. Бу йўналишга Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси биринчилар қатори хайрихоҳлик билдирди. Эндиликда у француз амалий тажрибасини ўрганиш, махсус фанлар ҳамда амалий машғулотларни кўпайтириб, сифатини яхшилайдиган, талаб-эҳтиёжларга тўлиқ жавоб берадиган янги таълим стандартларини жорий этиш бўйича комплекс ишларни амалга ошираяпти. Асосий эътиборни туристик индустрия мутахассисларини манзилли тайёрлаш учун Ўзбекистонда Франция университетлари филиалларини очишга қаратмоқда.
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси Франциянинг Vatel туризм ва меҳмоннавозлик менежменти бизнес-мактаби билан алоқалар ўрнатиш бўйича диққатга молик ишларга қўл урди. Албатта, Vatel тасодифан танланмади. Бу муассаса Францияда ёшларни меҳмонхона ва туристик бизнес учун ўқитиш соҳасидаги энг намунали ва етакчи олий ўқув юртларидан ҳисобланади. У 1981 йилда ташкил этилган, асосан халқаро меҳмоннавозлик ва туризм соҳасига етакчи менежерлар ва раҳбарлар тайёрлаб бериш билан шуғулланади. Бугунги кунда 35 та мамлакатда, жумладан, Брюссель, Сингапур, Истамбул, Куала-Лумпур, Лос-Анжелес, Москва, Мадрид, Париж каби энг йирик шаҳарларда унинг 59 та филиали бор. Битирувчиларининг жами сони эса 35 минг нафардан зиёд.
Vatel таълим тизимини пухта ўрганиш ҳамда уни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари билан танишиш мақсадида элчихонамиз ва Бухоро вилояти ҳокимлиги вакиллари жорий йилнинг апрель-июль ойларида ушбу олий ўқув юрти мутасаддилари билан бир неча бор музокаралар ўтказишди. Институт Президенти А.Себбаннинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар туфайли бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони жадал ўсмоқда. Шунга биноан, мамлакатимиз кўп маданиятли контекстда ишлашдан ташқари меҳмонхона ва ресторан бизнеси соҳасидаги кўп миллатли мутахассислар жамоасига раҳбарлик қилувчи ўрта ва юқори бўғин кадрларига ҳам эҳтиёж сезмоқда.
Лион шаҳрида Бухоро Давлат университети ва Vatel бизнес-мактаби ўртасида бўлган музокаралар ниҳоясида Франция ўқув муассасасининг франшиза битимига асосан Бухоро Давлат университети қошида қўшма таълим дастурини очишга оид ҳужжат имзоланди. Бу дастур халқаро бакалавр ва магистратура даражасини беришни, шунингдек, хорижий филиалларнинг 2-босқич талабаларини бир ўқув йили мобайнида Vatelнинг дунёдаги 59 та мактабидан исталган бирида таҳсил олиш имконини берувчи Marco Polo дастури бўйича ўқитишни, жаҳондаги меҳмоннавозлик соҳаси мактабларининг ягона тармоғига киритишни, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ҳудудий ўзига хосликни назарда тутади.
Маълумки, айни кезлар Бухоро вилоятида юзга яқин меҳмонхона, маданий-соғломлаштириш ва бошқа туристик инфратузилма объектлари қурилмоқда. Қолаверса, «Қадимий Бухоро» туристик зонаси ташкил этилмоқда, умумий овқатланиш тизимини такомиллаштириш ва сайёҳларнинг кечки бўш вақтларини мароқли ўтказиш учун зарур шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда. Шуларнинг самараси ўлароқ, 2019–2021 йилларда туристик хизматлар ҳажмини 2,1 мартага, сайёҳлар сонини 1,9 бараварга ошириш режалаштирилган.
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида туризм бўйича халқаро даражадаги кадрлар тайёрлайдиган институтлар мавжуд. Аммо туристлар энг кўп келадиган яна бир муқаддас зиёратгоҳимиз – қўҳна Бухорода бундай таълим маскани йўқ эди. Бинобарин, бу ерда Vatelнинг очилиши нафақат шу минтақанинг, балки бутун мамлакатимиз туристик тармоғининг барча бизнес-йўналишларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ишларини анча тезлаштириб, муаммолар ечимига комплекс ёндашиш имконини беради.
Бизнинг Бухоро Давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов билан суҳбатимиз туристик таълим соҳасида Vatel ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ҳақида бўлди.
– Обиджон Ҳафизович, Vatel институтига ташриф чоғи олган таассуротларингизни биз билан баҳам кўрсангиз.
– Очиғи ижобий таассуротларга эга бўлдим. Vatel Франциянинг Париж, Лион, Ним ва Бордо шаҳарларида халқаро тоифадаги бизнес-мактабларга эга. Биз Лион ва Нимдаги марказларда бўлдик. Нимда жойлашган ўқув маркази машғулот базаси сифатида фойдаланиладиган 4 юлдузли меҳмонхонани ўз ичига олувчи, Европадаги энг йирик ўқув мажмуаси саналади. Биз ҳам ана шу даражага етишга ҳаракат қиламиз ва Лиондаги бош институт билан доимий алоқада бўлиб, маслаҳатлашиб турамиз.
– Нима учун айнан Vatel билан ҳамкорлик ўрнатишга қарор қилинди ва лойиҳа қачон ишга тушади?