Ҳар қандай ҳудудга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун энг аввало, қулай муҳит яратиш керак. Ана шу боис республикамизда иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, туман-шаҳарларда зарур инфратузилмани шакллантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимиз 2018 йил 1 августда имзолаган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Зеро, ушбу ҳужжатга кўра 2018 йил 1 октябрдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали узоқ муддатли ижарага бериш, кўчмас мулк объектларини (меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқалар) қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш каби янги механизмлари жорий этилди.
Шунингдек, тегишли вазирликлар ва қўмитанинг чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдорини 30 фоиздан 15 фоизгача камайтириш, бундай корхона иштирокчиси сифатида хорижий юридик шахс қатнашиши шартлиги тўғрисидаги талабни бекор қилиш, ўша корхоналар устав фондининг энг кам миқдорини 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтириш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдорини уч бараварга камайтириш, акциядорлик жамиятлари устав фондининг энг кам миқдорини 400 миллион сўм миқдорида белгилаш, мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, экспорт контрактини тузмасдан, ушбу ташкилот расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича инвойс асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини бекор қилиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.
Хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш ва унинг амал қилиш муддатини мамлакатимиз ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш ҳуқуқи ҳам берилган.
Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан яна бир нечта ҳужжат, жумладан, 2019 йил 17 январда «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги, 2019 йил 13 августда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги фармонлар қабул қилинди. Қолаверса, юртимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш, илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда сифатли инвестиция жараёнларини ташкил этиш мақсадида 2019 йил 13 ноябрдаги 4519-сонли қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши тузилди.
Шунингдек, 2018 йил 15 августдаги 5511-сонли фармонга кўра ўша санадан эътиборан роппа-роса бир йил давомида Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича эксперимент ўтказилди. Натижада жами қиймати 4,1 млрд. долларлик 792 та лойиҳа маъқулланди. Бугунга қадар умумий қиймати 1,6 млрд. долларга тенг 281 та лойиҳани амалга ошириш учун ер майдонлари ажратиб берилди. Эндиликда йиғилиш баёнлари билан тасдиқланган лойиҳалар бўйича ер ажратилмаганларга шаҳар Қурилиш бош бошқармаси томонидан ер майдони таклиф этилиб, қароролди ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар қурилишига давлат бюджетидан субсидиялар ажратилиши хорижий инвесторлар Ўзбекистонда туризмни равнақ топтиришда фаол иштирок этишига таъсир кўрсатаяпти. Масалан, 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўм миқдорида давлат субсидиялари ажратилаяпти. Меҳмонхоналар дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендлари франчайзинги бўйича фаолият юритса, давлат бюджети маблағларидан ҳар бир хона учун йиллик 200–400 АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилаяпти.
Бу йил пойтахтимизда хорижий инвесторлар иштирокида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми 1,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этувчи 311 та инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаяпти. Уларнинг 124 таси (қиймати 694,8 млн. доллар) саноат соҳасида, 126 таси (қиймати 1278,8 млн. доллар) хизмат кўрсатиш соҳасида ва 61 таси (қиймати 1052,4 млн. доллар) барча қулайликларга эга турар жой биноларини ташкил этади.
Шундан саноат соҳасидаги асосий тармоқлар:
● металлургия саноати – 324,4 млн. АҚШ доллари;
● электротехника саноати – 104,1 млн. АҚШ доллари;
● қурилиш материаллари саноати – 83,5 млн. АҚШ доллари.
● Хизмат кўрсатиш соҳасидаги асосий тармоқлар:
● туризм ва меҳмонхона хизмати – 457,3 млн. АҚШ доллари;
● соғлиқни сақлаш хизмати – 86,8 млн. АҚШ доллари;
● алоқа хизмати – 54,9 млн. АҚШ доллари.