Тошкент – Ўзбекистон Республикасининг пойтахти, мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази. У 2200 йилдан узоқ тарихга эга. Дунёда тинчлик шаҳри, дўстлик шаҳри, нон шаҳри, Ислом маданияти пойтахти сифатида машҳур бўлган ва халқаро миқёсда тан олинган. Истиқлол йилларида том маънода юксалиш йўлидан бормоқда.
Тошкентнинг асрлар силсиласида марказ сифатида танланиши бежиз эмас. Аввало, табиати ва иқлими ўзига хос. Қолаверса, унда қадим-қадимдан илм-фан, ҳунармандчилик, маданият, савдо-сотиқ ривож топган, олис-яқин давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама мустаҳкамланган.
Шаҳарда сўнгги уч йил мобайнида кўп қиррали ва кенг қамровли эврилишлар рўй бермоқда. Улар юртимизда изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар асосида амалга оширилмоқда. Бу ўринда иқтисодиёт ва солиқ соҳасидаги янгиликлар, валюта бозорининг эркинлаштирилганлиги, турли ўлкалар билан дўстона муносабатлар мустаҳкамланганлиги, туризмнинг ривожланаётгани, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги ва эркинлиги таъминланаётгани мисолида алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бундай ижобий ўзгаришлар аҳоли ижтимоий ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, шаҳардаги маданият ва истироҳат боғларининг қиёфаси янгиланиб, имкониятлари кенгаймоқда. Одамлар иштиёқ билан сайр қиладиган ва маданий ҳордиқ чиқарадиган сўлим гўшалар кўпаймоқда. Сайилгоҳ кўчаси, Лутфий сайилгоҳи, каналлар бўйидаги ободонлаштирилган жойлар тобора гавжумлашмоқда. Уларда мунтазам равишда турли тадбирлар, концертлар, акциялар ўтказилмоқда. Ашхобод, Central Park, Наврўз боғлари ва бошқа кўнгилочар масканларга нафақат тошкентликлар, балки республикамизнинг турли ҳудудларидан ва чет эллардан келаётган меҳмонлар ҳам тез-тез қадам ранжида қилишмоқда.
Пойтахтда беш юздан зиёд маҳалла бор. Уларда ҳам янгиликлар бисёр. Бунга «Обод маҳалла» дастури доирасида бажарилаётган ишлар, ватанпарварлик, маданият, спорт мавзуларига бағишланган ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир тадбирлар яққол мисол бўла олади. Шаҳарнинг маданий ва маънавий ҳаётидаги ислоҳотлар эса янада муҳимлиги билан ажралиб туради. Айниқса, Сузукота мажмуасининг очилиши, Абдулла Қодирий мажмуасининг қурилиши, Адиблар хиёбонининг барпо этилиши, Ўзбек тили ва адабиёти университетининг иш бошлаши, Якуб Колас, Бердақ ва Махтумқули ҳайкалларининг ўрнатилиши охирги йиллардаги ўзига хос янгиликлар сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди.
Тошкент Марказий Осиёдаги энг йирик транспорт чорраҳасида ясланган. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Шунингдек, 2 та темир йўл вокзали, 2 та аэровокзал ва автовокзал мавжуд. Улар йўловчилар талаб-эҳтиёжини тўла-тўкис қондирмоқда. Шунинг баробарида барчаси босқичма-босқич замонавийлаштирилмоқда. Самараси қандай бўлаётганини биргина туб ўзгариш мисолида кўриш мумкин: бугунга келиб, «Тошкент» халқаро аэропортидаги узоқ кутишлар барҳам топди, чиқиш вақти 2–3 соатдан 20–25 дақиқага қадар қисқарди.
Ёдингизда бўлса, Шавкат Мирзиёев президентликка сайланиши арафасида тошкентликларнинг азалий орзуси – метро линияси Сергелигача етиб бориши тўғрисида гапирган эди. Орадан кўп ўтмай, Юнусобод йўналишини давом эттириш ва ер усти айланма метросини қуриш ҳақида ҳам қарор қабул қилинди. Унга биноан метронинг Чилонзор йўналиши ТТЗгача, Юнусобод йўналиши Чилонзор буюм бозоригача, Ўзбекистон йўналиши Қорақамиш даҳасигача узайтирилиши белгиланди. Шунингдек, Афросиёб, Ойбек, Шароф Рашидов, Мустақиллик кўчаларининг аввал автомашиналар учун ёпиқ бўлган қисми очилди, Фарғона йўли кўчасидаги бузилган кўприк қайта тикланди. Буларнинг барчаси йўловчиларга катта қулайликлар туғдириб, қимматбаҳо вақтларини тежашларида қўл кела бошлади.
Шубҳасиз, қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар ҳам шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Гўзал меъморий кўринишга эга кўплаб турар жойлар ва бошқа мақсадларга мўлжалланган иншоотлар бирин-сирин чирой очмоқда. Айниқса, шаҳар маркази ва туманларда қад ростлаётган City лар бизнес жараёнларини фаоллаштиришга, туризмни ривожлантиришга, молия, банк ҳамда гуманитар соҳалар тараққиёти учун янги имкониятлар яратишга, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу борада Tashkent City ишбилармонлик марказида яратилган шарт-шароитлар омма диққатини ўзига жалб этмоқда. Яқинда тантанали равишда очилган Hilton меҳмонхонаси ва Конгресс холл биноси, ноанъанавий боғ ҳам кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Тошкент доимо мамлакатимизнинг энг йирик саноат маркази сифатида тан олинади. Боиси – юртимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг 16,5 фоизи шу шаҳар улушига тўғри келади. Унинг саноатида ёнилғи, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноатлари етакчи ўрин тутади.
Президентимизнинг 2017, 2018, 2019 йилларда пойтахтдаги ўзгаришлар билан танишиши шарофати ўлароқ, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли режалар тасдиқланди. Уларга кўра ҳудудда 6600 та саноат корхонаси барпо этилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ажратилиб, 1178,7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги чет эл сармояси жалб қилинди. Шу даврда шаҳар иқтисодиётига киритилган хорижий сармоянинг жами миқдори 7,871 млрд. сўмга етди. Эндиликда тадбиркорларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилаяпти. Бизнесни ривожлантириш ғоялари, инвестицион лойиҳалар ва ташаббуслар ҳар жиҳатдан рағбатлантирилаяпти. Натижада компаниялар сафи кенгайиб бораяпти. Айтайлик, 2016 йил охиригача 56507 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлса, 2018 йил арафасида уларнинг сони 62440 тадан ошди, 2019 йил бошида 71319 тани ва 1 октябргача эса 84072 тани ташкил қилди.