Intervyu

Ўзбекистон алоҳида эътиборга муносиб

3-4/2019

     2008 йилда Франция Сенати билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилган эди. Шундан сўнг икки мамлакатнинг парламент аъзолари кўп йиллар ўзаро фаолият кўрсатиб, иқтисодиёт, таълим, маданият ва бошқа соҳаларнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорликнинг ушбу шакли самарадорлиги ва муҳимлигини тасдиқладилар. 2010 йил июндан эътиборан Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон-Франция» дўстлик гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Таниқли сиёсатчи, Франция Социалистик партияси аъзоси, Иль-де-Франс ҳудудининг Валь д’Уаз департаментининг Сенатдаги вакили, сенатор Рашид Темаль билан суҳбатимиз чоғида парламентларимиз аъзолари ва дўстлик гуруҳининг ўзаро фаолияти ҳақида сўз борди.
 
     – Жаноб Темаль аввало, ўзингизни яқиндан таништирсангиз ва Ўзбекистонни қачондан буён билишингиз хусусида сўзлаб берсангиз…
     – Мен Франция Сенатининг таш­қи ишлар, мудофаа ва қуролли кучлар қўмитаси аъзоси саналаман ҳамда «Франция – Марказий Осиё» гуруҳи раҳбари ўринбосари, «Франция – Ўзбекистон» гуруҳи бошлиғи­ман. Биринчи касбим аслида туризм соҳа­сига дахлдор. Бундан ташқари тараф­дорлари кўплиги жиҳатидан Францияда иккинчи ўринда турув­чи социалистик партияни бошқар­­ганман.
     Ўзбекистон ҳақида эса қуйидаги­ларни айтишим мумкин: у муҳим гео­стратегик ҳудудда жойлашган. Бу мин­тақанинг бир томонида Россия, иккинчи тарафида Хитой, бошқа тарафида Эрон ва Туркия жойлашган бўлиб, унинг хавфсизлигини таминлашда Ўзбекистон ўта муҳим роль ўйнайди.
     Мен юртингизни азалдан ёқтира­ман, унга ҳурматим ҳам, ишончим ҳам баланд. Инчунин, ўтган йил кузда Ўзбекистон Президенти расмий таш­риф билан Францияга келганида ва Сенат раиси жаноб Жерар Ларше билан учрашганида мен ҳам уларнинг даврасида бўлганимдан, самимий мулоқотга киришиб, мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорликка оид масалани бир­галикда муҳокама қилганимиздан фахр­ланаман.
     – «Франция – Ўзбекистон» гу­руҳи асосан қайси йўналишлар бўйича иш олиб бормоқда ва улар доирасида долзарб аҳамиятга эга қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?
     – Яқинда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси билан бир қанча масалаларда суҳбатлашдик. Пировардида хавфсизлик, туризм, таълим (француз тилини ўрганиш), иқтисод ва инвестиция соҳалари бўйича беш­та йўналишни танлаб олдик. Келгусида улар асосида аниқ мақсадларга йўналтирилган лойиҳалар ишлаб чи­қиб, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида амалга ошир­моқчимиз. Шу муносабат билан мен келаси йил мамлакатингизга бориш ниятидаман.
     – Маълумки, сўнгги уч йил мобайнида Ўзбекистон ён қўшнилари билан боғлиқ муаммоларнинг аксариятини ижобий ҳал этди. Шунингдек, барча манфаатдор давлатлар қатори Франция билан ҳам тарихий муносабатларни ҳисобга олган ҳолда очиқ мулоқотлар олиб бора бошлади. Сиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига иқтисодий интеграциялашга доир ташаббусини қандай баҳолайсиз?
     – Ўзбекистон айни йўналишда жуда кўп ишларни амалга ошир­моқда. Биз буни мамнуният ила эътироф этамиз. Айни чоғда, ўзаро ҳам­корликни мустаҳкамлашни бундан кейин ҳам изчил давом эттириш керак. Худди Европа Иттифоқи фаолиятида кузатилганидек, Марказий Осиё давлатлари бошқа жабҳалар сингари иқтисодий масалаларда ҳам ўзаро алоқаларни тўғри йўлга қўй­салар, фойдадан холи бўлмайди.
     – Ўзбекистон ва Франция парламентлари ўртасидаги ҳамкор­ликни кўпроқ қайси йўналишларда ривожлантирган маъқул? Франциянинг демократия соҳасидаги тажрибаси Марказий Осиё давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қанчалик ёрдам бериши мумкин?
     – Аввало, шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Конституциясини яратишда Франция тажрибасидан ҳам фойдаланилган. Қолаверса, мамлакатингизда икки палатали парламент тузилган. Бу жуда яхши иш! Франция билан Ўзбекистон фақат парламент­лар эмас, уларга кўрсатиладиган хизматлар доирасида, хавфсизлик, мудофаа ва шунга ўхшаш бошқа масалаларда хам ўзаро тажриба алмашиши, шунингдек, ҳар хил йўналишлар­да шериклик ва ҳамкор­лик қи­лиши мумкин, Францияда айрим со­ҳалар бўйича ўзбек мутахассисларини тайёр­лашни йўлга қўйиш лозим.
     Табиийки, Франция тараққиёт­нинг ҳозирги даражасига осонлик­ча эриш­гани йўқ, билъакс, унга қа­дар анча оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтган. Бинобарин, Ўзбекистон ҳам аста-секин шундай босқичга кў­тарилади.
     – Туризм соҳасининг мутахассиси сифатида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқ­болларини қандай баҳолайсиз?
     – Ўзбекистон бу борада қўл урган диққатга сазовор ишлардан биринчиси виза бекор қилиниб, тўсиқлар олиб ташлангани бўлди. Иккинчиси – билетлари нархи унчалик қиммат бўлмаган авиакомпанияларнинг борлигидир. Учинчиси – меҳмонхоналар кўплиги, тўртинчиси эса турли-туман маданий тадбирлар ўтказилишидир. Ана шу боис Ўзбекистонда туризм изчил ривожланаяпти.
     Модомики, шундай экан келгусида хорижий сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш асло зарар қил­майди, аксинча, ҳар томонлама катта наф келтиради. Мен бу гапни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Зеро, бир вақтлар шу соҳада ишлаганимда хитойликлар билан ҳамжиҳатликда иш тутиб, Францияга кўплаб сайёҳларни жалб этгандик. Натижада уларнинг сони қисқа фурсатда кескин равишда кўпай­ганди.
     – Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.