Инвестицион банклар бирикиш ва қўшиб олиш (M&A) битимларида воситачи, молиявий маслаҳатчи, шунингдек, битимнинг бевосита қатнашчиси сифатида иштирок этиши мумкин. M&A битимлари жуда мураккаб. Унинг муваффақияти бевосита инвестицион банкнинг малакасига, танланган тактика ва стратегиясига, битимга кўмаклашувчи бошқа томонлар (баҳолаш, аудиторлик ва консалтинг компаниялари вакиллари)нинг тўғри танланишига ва ниҳоят, битимни амалга ошириш учун етарлича маблағни ўз вақтида жалб қила олишига боғлиқ. Бундай битимларни тузиш бир неча ойларга чўзилиши мумкин. Шунга мос равишда бундай битимлардан юқори даромад ҳам олинади. Халқаро амалиёт кўрсатишича, M&A битимларидан олинадиган комиссион мукофот одатда, битим қийматининг 1 фоизини ташкил этади. Йирик битим учун бу қиймат (айтайлик, юз млн долл.га тенг M&A битимидан 1 млн долл.) инвестицион банкни қаноатлантиради.
Инвестицион банклар молиявий маслаҳатчи сифатида бирикиш ва қўшиб олиш (M&A) битимларини амалга ошириш жараёнини бир қатор босқичларда амалга оширади:
а) молиявий маслаҳат бериш ва таҳлил босқичида:
● мижоз учун манфаатли тармоқни чуқур таҳлил қилиш ва мижозни қизиқтирувчи компанияни аниқлаш;
● битим режаси, тактикаси ва стратегиясини ишлаб чиқиш ва мижоз билан келишиш, шунингдек, янги компания (альянс)ни келгусида ривожлантириш йўлларини таҳлил қилиш;
● битимни молиялаштиришнинг эҳтимолий схемаларини ишлаб чиқиш кабилар амалга оширилади.
б) баҳолаш фаолиятини амалга ошириш босқичида:
● адолатли, ҳаққоний баҳони белгилаш, бунда бирикишда битим ташаббуси билан чиққан компания томонидан таклиф этилган баҳонинг адолатли эканлигини акциядорларга исботлаш, қўшиб олиш битимида эса харидор томонидан таклиф этилган баҳонинг пасайтириб кўрсатилмаганлигини асослаш муҳим саналади.
в) ташкилий фаолиятни амалга ошириш босқичида:
● битимга кўмаклашувчи томонлар билан келишувга эришиш;
● битим иштирокчилари ва у билан боғлиқ барча жараёнларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш орқали муайян усулда бирикиш ёки қўшиб олишни рўёбга чиқаришга муваффақ бўлинади.
г) битим тузиш кўзда тутилган компанияни тажовузкорона қўшиб олишдан ҳимоялаш босқичи:
● битим тузиш кўзда тутилган компанияни янада мақбул баҳода харид қилиш имкониятига эга бўлган бошқа компанияни («оқ рицар»- white knight) топиш;
● компаниянинг низом ҳужжатларини тартибга келтириш ва унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;
– монополияга қарши қўмита ёки судга мурожаат қилиш кабиларни қамраб олиши мумкин.
д) ташкилий жиҳатдан маслаҳат бериш босқичида янги тузилган компанияни (альянс) тузилмавий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш, унинг молиявий ҳисобот ва стратегик режалаштириш тизимини ишлаб чиқиш муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, инвестицион банклар амалга оширадиган операциялар орасида тузилмавий молиялаштириш ҳам муҳим ўрин тутади. Тузилмавий молиялаштириш – рискни ўтказиш, қарз мажбуриятлари бўйича фоиз ставкаларини камайтириш ва капитал оқими кўпайтирилишини таъминловчи механизмдир. Тузилмавий молиялаштиришнинг яна икки турини қайд этиш мумкин: а) леверажли молиялаштириш (leveraged financing); б) секьюритизациялаш.
Леверажли молиялаштириш муайян компания ёки унинг бўлинмасини ушбу турдаги компания ёки у мансуб бўлган тармоққа хос бўлмаган тарзда юқори ҳажмда қарз жалб қилиш орқали молиялаштиришни кўзда тутади. Кўп ҳолатларда леверажли молиялаштиришга бўлган талаб муайян мақсадларга эришиш учун зарур бўлган қисқа муддатли қўшимча ресурсларни жалб қилиш зарурати билан изоҳланади.
Секьюритизациялашган маҳсулотлар турли активлар жамлаш ва улар асосида қимматли қоғозларни муомалага чиқариш ва сотишни кўзда тутиб, ҳақиқатда ликвид ҳисобланмаган активлар «бозорини чаққон» қилишга хизмат қилади. Секьюритизациялашган маҳсулотларга мисол тариқасида ипотека билан таъминланган қимматли қоғозлар (mortgage‐backed securities (MBS)), активлар билан таъминланган қимматли қоғозлар (asset‐backed securities (ABS)) кабиларни келтириш мумкин.
Инвестицион банкларнинг даромадларини шакллантиришда юқорида қайд этилган операцияларнинг ҳар бири муҳим аҳамият касб этади. Инвестицион банклар фаолиятининг ривожланиши молия бозоридаги инструментларнинг нақадар ривожланганлиги, уларнинг мураккаблиги ва хилма-хиллигига ҳам боғлиқ. Хусусан, бу борада тузилмавий инвестицион маҳсулотлар бозорининг тараққий этиши муҳим саналади. Тузилмавий инвестицион маҳсулотлар (structured investment products) инвестицион стратегияни акс эттирувчи молиявий маҳсулотларнинг мураккаб мажмуи бўлиб, улар бир қатор оддий молиявий инструментларнинг комбинацияси орқали шакллантирилади. Тузилмавий инвестиция маҳсулотлари сегменти 1969 йилларда пайдо бўлди, оммалашуви эса 2000 йиллардаги АҚШ интернет компаниялари таназзули билан боғлиқ. Европанинг айрим мамлакатларида тузилмавий инвестиция маҳсулотлари билан операциялар ҳажми анъанавий ҳисобланган молиявий актив – акциялар савдоси ҳажмига яқинлашади.
Мамлакатимизда инвестицион банк фаолиятини ривожлантиришнинг дастлабки зарурий шарт-шароитлари қуйидагилар:
– фонд бозори инструментлари хилма-хиллигини ошириш, уларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
– иккиламчи бозорни янада ривожлантириш чораларини кўриш (бу бозор ривожланмаган шароитда мураккаб тузилмавий маҳсулотлар ҳақида сўз бориши мумкин эмас);
– корхоналарнинг акцияларни жойлаштириш орқали маблағ жалб қилиш имкониятини ошириш, акциядорларнинг манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилиш;
– корпоратив бошқарув тамойилларини акциядорлик жамиятлари ва мулк шаклидан қатъий назар бошқа хўжалик субъектлари фаолиятига жорий қилиш;
– акциядорлик жамиятларининг халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтишини таъминлаш ва бу орқали уларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш.
Хулоса қилиб айтганда, инвестицион банк фаолиятининг ривожланиши – бу, бўш пул маблағларини самарали қайта тақсимлаш орқали иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, фонд бозори инструментларининг ликвидлигини ошириш орқали эса савдолар узлуксизлигини мақсадга мувофиқ йўлга қўйишга эришишдан иборат.
Султонмурод ИГАМБЕРДИЕВ,
катта илмий ходим-изланувчи