Наманган вилояти мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти, маънавий ва маданий ривожланишида етакчи ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таъбирлари билан айтганда: «Бу халқ ўзининг меҳнатсеварлиги, одамийлиги, хушмуомаласи, меҳр-оқибати билан кишида ҳавас уйғотади». Дарҳақиқат, вилоятнинг сўлим, табиати бетакрор Чортоқ тумани аҳли ҳам ўз меҳнаткашлиги, ҳар ишда омилкорлиги билан ажралиб туради. Туман марказини, обод қишлоқларини кезаркансиз, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз.
Ҳукуматимиз томонидан барча соҳаларга самарали татбиқ этилаётган ислоҳотлар боис, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалиб, фаровонлик тобора ортмоқда. Таъкидлаш жоизки, эришилаётган ютуқлар Чортоқ тумани аҳли ҳаётида ҳам катта ўзгаришлар ясаб, аҳоли турмуш тарзи йилдан-йилга юксалмоқда. Қайси соҳани қараманг, қишлоқ хўжалиги ёки саноат, ишлаб чиқариш ёхуд қурилиш-пудрат, савдо ёки хизмат кўрсатиш, қўйингчи, барчасида меҳнат аҳли фидойилиги, салмоқли натижаларнинг ёрқин изи бор. Бу эса, Наманган вилояти ижтимоий-иқтисодий нуфузининг ортишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Қайд этилганидек, аҳоли турмушининг тобора ободлашаётгани, меҳнати маҳсулидан баҳраманд бўлишга ишончнинг юқорилиги ва ҳаётдан мамнунлик омиллари мустаҳкам таг-заминга эга эканлиги, албатта, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қилади. Ўз ҳаётидан кўнгли тўқ, амалга ошираётган ишидан мамнун, фарзандлари келажагига қатъий ишончи бор кишигина катта ва буюк ишларга қўл уради. Шу каби инсоний муносабатларни англаш билан бутун фаолиятимизни мана шу мантиққа асосланган тарзда ташкил қилмоқдамиз. Шу билан бирга, шубҳасиз, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятли, босқичма-босқич татбиқ этилиши, ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган ҳаётий дастурлар ижроси таъминланиши ҳам ўз самараларини бермоқда. Яратувчанлик, бунёдкорлик ишлари изчил олиб борилган жойда эса, албатта, иқтисодий юксалиш, фаровонлик ва тўкинлик барқарор бўлади. Чортоқ туманининг асосий иқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратсак, юқоридаги таъриф ўз исботини топаётганига ишонч ҳосил қиламиз.
2015 йили туманда барча турдаги саноат корхоналари томонидан 61 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш 106,2 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 116,5 фоизга ўсиб, 55,1 млрд сўмга тенг бўлди.
Маҳаллий аҳоли вакиллари азалдан деҳқончилик, мева-сабзавотчилик билан шуғулланиб келади. Мустақиллик туфайли деҳқону боғбонларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар қишлоқ аҳли имкониятларини янада кенгайтирди. Натижада, етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нафақат ўз эҳтиёжимизни қондирмоқда, балки хорижга ҳам чиқарилмоқда. Бу борада чортоқлик соҳибкорлар бошқаларга ҳар жиҳатдан намуна бўлмоқда, десак асло муболаға эмас. Ҳосилдорлик ортаётгани сабабли, ҳисобот даврида ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми барча турдаги хўжаликлар ҳисобига ўтган йилга нисбатан 107 фоизга ўсиб, 283,5 млрд сўмни ташкил этди.
Жумладан, ўтган йили чакана савдо айланмаси 165,8 млрд сўмни, пулли хизмат кўрсатиш 87,7 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 109,9–114 фоизга тенг бўлди. Барча хўжаликлар томонидан 33085 тонна дон, 70096 тонна сабзавот, 23712 тонна картошка, 4208 тонна полиз маҳсулотлари, 29495 тонна мева ва резаворлар, 14206 тонна узум, 334 тонна мойли экинлар, 8441 тонна гўшт, 44110 тонна сут, 26,2 млн дона тухум, шунингдек, 75 тонна асал, 50 тонна балиқ маҳсулотлари тайёрланди. Айниқса, туманда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратаётганимиз, ўйлайманки, ютуғимизнинг асосини ташкил қилади. Жорий йилда 15,1 минг тонна мева, 34,7 минг тонна узум, 79,6 минг тонна сабзавот, 26,7 минг тонна картошка, 4,5 минг тонна полиз маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Туманимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга оид дастурлар ижроси ҳам айтиш мумкинки, тўлиқ таъминланмоқда. Жумладан, саноат соҳаси бўйича 18 та лойиҳа ижросига жами 4,3 млрд сўм сарфланиб, 217 та янги иш ўрни яратилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича 102 та лойиҳа ижросига 12,3 млрд сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Бунинг натижасида, қўшимча 502 та иш ўрни ташкил этилгани эса, шунча оила муқим даромад манбаига эга бўлди, деганидир. Лойиҳалар бўйича янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришда «Зам-зам текс» МЧЖда тўқувчилик, «Элдор» МЧЖда йўлак плиткаси, брусчатка, «Кўшан» МЧЖда пишган ғишт, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Чортоқ Мунира ширинлик» МЧЖ ҳар жиҳатдан бошқаларга намуна бўлмоқда.
Шунингдек, «Чортоқ Ломман парранда» ХК томонидан тикувчилик маҳсулотлари, «Водий соф қоғози» МЧЖда қоғоз маҳсулотлари, «Анортоғ наслчилик бўрдоқичилик» фермер хўжалиги томонидан сутни қайта ишлаш борасидаги лойиҳалар бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бутун мамлакатимиздаги каби Чортоқ туманида ҳам корхоналарни замон талабига мос қилиб қайта жиҳозлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жорий йилда туманда Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган «Муҳаммад Иброҳим шифо мед» хусусий корхонасида маҳаллий хомашёдан фойдаланиб, импорт ўрнини босувчи тиббиёт қопқоқлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Таъсисчилар яқин келажакда модернизация ишларини олиб бориб, хорижга ҳам маҳсулот чиқаришни режалаштирмоқда. Вилоятда бўлиб ўтаётган анъанавий ҳудудий ярмарка ва кооперация биржалари эса ҳамкорлар топиш, ўзаро битимлар тузишда кўприк вазифасини ўтамоқда.
Ҳукуматимиз чет эллик сармоядорларга қулай шарт-шароитлар яратиб бераётгани уларнинг мамлакатимизда бизнес юритиш имкониятини оширмоқда. Бу эса, юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Чортоқ туманида ҳам турли соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш ва самарали фаолият юритиш имконини бермоқда. Шу ўринда айтиш мумкинки, пахта толасидан калава ип ишлаб чиқарувчи «Чортоқ дейхан текстиль» Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ҳамда «Чортоқ азия агрофрукт» МЧЖ экспортёр корхоналар қаторига бу йил «Намсиб агро бизнес» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси, «Боғистон» ва «Чортоқ гулшани» агрофирмалари ҳам қўшилди. Натижада, маҳсулотларини хорижий бозорларга чиқараётган корхоналар сони бештага етди.
Қувонарлиси, 2016–2019 йилларда туманда ўнта корхонанинг ишга туширилиши режага киритилган. Шундан тўрттаси жорий йилда фаолиятини бошлайди. Улар орасида «Чортоқ минерал вотер» МЧЖ ҳам бор. Мазкур корхона «Чортоқ» ичимлик сувини жаҳон андозалари даражасида қадоқлаб, нафақат маҳаллий, балки хорижий истеъмолчиларга ҳам етказиб беришни режалаштирган.
Аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини мунтазам ошириб бориш ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бош мақсад-муддаоси ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, «Cоғлом она ва бола йили» давлат дастуридан келиб чиқиб тиббий маданиятни ошириш, намунали тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун чекка қишлоқлардаги саломатлик марказлари энг сўнгги даволаш, ташхис қўйиш ускуналари билан жиҳозлангани айни муддао бўлмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада лойиҳа қиймати 3,2 млрд сўмлик кенг қамровли реконструкция, қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Қолаверса, туманда яна кўплаб янги тиббиёт масканлари барпо этилмоқда.