Мамлакатимизда истиқлол йилларида замонавий массивлар, обод қишлоқлар, серфайз манзилларга дуч келиш одатий ҳолга айланди. Бундай бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов фаолияти билан боғлиқдир. Мана шундай ривожланишлар, ҳайратланарли даражадаги қурилишлар ҳам ҳар бир ватандошимизга чексиз фахр-ифтихор ва шукроналик туйғусини инъом этмоқда. Бу эса, бизни мулоҳазага ундаши табиий. Энг аввало, республикамизда инсон манфаатлари ҳимоя қилинишига, ҳар бир жабҳада самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига катта аҳамият берилмоқда. Бу, ўз навбатида, барча аҳоли қатламлари турмуш тарзи яхшиланишини, хизмат кўрсатиш сифати оширилишини таъминлаётган ҳудудий дастурлар ижроси билан боғлиқ бўлмоқда. Худди шу нуқтаи назардан қараганда, Косонсой туманида ҳам сезиларли даражадаги яратувчилик, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда туман иқтисодиёти ўсиб, аҳоли реал даромадлари муттасил ортиб бораётганини, оилаларнинг моддий фаровонлиги тобора ўсаётганини кузатиш мумкин. Айниқса, ҳукуматимиз томонидан иқтисодиёт тизимини модернизациялаш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қаратилаётган юксак эътибор боис, туман аҳлининг тадбиркорлик имкониятлари янада кенгайиб бормоқда. Уларга берилаётган амалий ёрдам, яратилаётган қулай имкониятлар эса иқтисодиётимизнинг таянч бўғинига айланган хусусий секторнинг янада ривож топишига, тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўсишига, истеъмол бозори рақобатбардош маҳсулотлар билан бойишига, жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишига замин яратмоқда. Бу эса, ишлаб чиқарилаётган ва етиштирилаётган маҳсулотларнинг нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлишини таъминламоқда.
Туманимизда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, ҳуқуқий, маданий соҳаларда ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар юз беряптики, бу аҳолини ҳақли равишда фахрлантирмоқда. Умуман олганда, республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатлари, орзу- умидлари рўёбга чиқиши, озод ва обод Ватанимиз ҳар жиҳатдан равнақ топиши учун хизмат қилаётганини теран англаш, сидқидилдан ҳисса қўшишга интилиш қувонарли, албатта. Бу жиҳат ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий омиллар билан боғлиқ эканлиги ҳар иккала жабҳанинг баравар ривожланишига катта йўл очиб бермоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган маърузасида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси бўйича ҳам барча жабҳаларда иқтисодий ўсиш таъминланди. Яъни, ҳисобот йилида саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, йирик ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янгиларини ишга тушириш, кўп тармоқли фермерлик ҳаракатини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишларига жиддий эътибор берилди. Бунинг натижасида барча жабҳаларда иқтисодий ривожланиш суръатлари барқарорлашди.
Хусусан, аҳоли истеъмол молларининг умумий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 75,3 фоизга тенг бўлган бўлса, жон бошига тақсимлаганда 347,5 минг сўмга тўғри келди. Саноатнинг етакчи тармоқларидан бири енгил саноатда тўқимачилик, пахта тозалаш, пойабзал, қурилиш материаллари, мебель ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш жадал ривожланмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўллар очиб берилиб, соҳа ривожига ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган ҳар қандай ташаббус мутасаддиларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Натижада, хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши тобора ортмоқда. Масалан, 2015 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 69,3 фоизни, қишлоқ хўжалиги 97,9 фоизни, қурилиш ишлари 95,5 фоизни, чакана савдо айланмаси 55,7 фоизни ва аҳолига пулли хизмат кўрсатиш улуши 62,6 фоизни ташкил этди.
Бу каби муваффақиятлар туманимиз аҳлини янгича фикрлашга, истиқболли ташаббуслар кўрсатиб сидқидилдан меҳнат қилишга ундамоқда. Энг муҳими, улар узоқни кўзлаб, мақсадли дастурлар асосидаги ҳудудий лойиҳаларни ишлаб чиқаришга самарали татбиқ қилмоқдалар. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқатнинг асосий қисми, саноат маҳсулотларининг эса аксарият қисми тадбиркорларимиз ҳиссасига тўғри келаётгани фикримиз тасдиғидир. Ана шу омиллар туфайли, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларимиз йил сайин ўсиб бормоқда.
Масалан, биз таққослаш нуқтаи назаридан иқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади: яъни, 2014 йилга нисбатан 2015 йилда саноатда 115,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 106,2 фоиз, пудрат ишларида 111,1 фоиз, чакана савдода 112,2 фоиз, пулли хизматларда 113,1 фоиз ва умумий хизматлар ҳажмида 128,1 фоиз ўсиш қайд этилди.
Туман иқтисодиёти барқарор ривожланишида, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ортишида қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Шу сабабли, соҳа самарадорлигини ошириш учун қулай муҳит, ҳуқуқий ва иқтисодий асослардан, берилаётган енгиллик ва имтиёзлардан унумли фойдаланилмоқда. Хўжалик юритишни молиялаштириш, кредитлаш ва суғурталаш тизимини ҳамда маҳсулот, техника, ёқилғи ва минерал ўғитлар учун ўзаро ҳисоб-китоблар асослари бўйича янги меъёрлар татбиқ этилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг иқтисодий мустақиллиги кенгайди. Масалан, кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан қайта ишланаётган маҳсулотлар ҳам ички ва ташқи бозорларга эркин кириб бориши учун барча йўллар очиб берилди. Бу, ўз навбатида, хорижий давлатларнинг мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган қизиқишларини орттиради. Шунинг учун ҳам, кўп тармоқли фермерлик ҳаракатини устувор йўналиш сифатида ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ва тизимли хизмат кўрсатувчи инфратузилмаларни ривожлантириш олдимизда турган долзарб вазифалар сирасига киради.
Мустақиллик йилларида фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, ташаббус ҳамда илғор ғояларини рўёбга чиқаришга катта эътибор берилмоқда. Бугунги кунда, уларнинг жамиятимизда тутган мавқеи тобора мустаҳкамланиб, ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда фермернинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини юксалтириш, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини кучайтириш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. 2015 йилда бу каби чора-тадбирлар туфайли жами қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларнинг асосий қисми нодавлат сектори ҳиссасига тўғри келганлиги фикримиз далилидир. Бу иқтисодиётнинг аграр секторида мустаҳкам ва барқарор ривожланишни таъминлаётганини кузатиш мумкин: яъни, 2015 йил якуни бўйича қишлоқ хўжалигида 167,6 млрд сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди ёки 2014 йилга нисбатан 106,1 фоиз ўсиш қайд этилди. Шу ҳисобдан давлатга 18,9 минг тонна ғалла ва 14,8 минг тонна пахта етказиб берилди.
Шунингдек, барча турдаги хўжаликларда 7,5 минг тонна картошка, 32,4 минг тонна сабзавот, 1,7 минг тонна полиз, 10,9 минг тонна мева ва 8,1 минг тонна узум, 5,8 минг тонна гўшт, 43,1 минг тонна сут, 51,3 млн дона тухум, 84 тонна жун тайёрлашга эришилди.
Таъкидлаш лозимки, туман миқёсида инвестициявий лойиҳалар, кредит қўйилмалари ҳажмини кўпайтириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманимизда фаолият кўрсатаётган тўртта тижорат банк филиаллари томонидан 2015 йил давомида жами 17,1 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бундан ташқари, 2014–2015 йилларда 225 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида қиймати 31,2 млрд сўмлик ҳамда 621 минг долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 994 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган эди. Шундан 2014 йилда саноат салоҳиятини ошириш бўйича 18 та, хизмат кўрсатиш ва сервис бўйича 76 та, қишлоқ хўжалиги бўйича 22 та лойиҳа амалга оширилиб 493 та иш ўрни, 2015 йилда эса 109 та лойиҳа ишга туширилиб 504 та, жами 997 та янги иш ўрни яратилди. Жами 31,5 млрд сўм ва 783 минг долларлик капитал маблағлар ўзлаштирилди. 2015 йил Инвестиция дастури доирасида 89,5 минг кв.м. турар-жой (120,3 %), 17 км. ичимлик суви (106 %) ва 1,5 км. табиий газ тармоқлари (100 %) тортилди. Пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилган ишлар ҳажми 100,6 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 116 фоиз ўсишга эришилди.
Туманда 2016 йилнинг биринчи чорак якунлари бўйича саноат ишлаб чиқариш ҳажми 18,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 7,4 фоиз, қурилиш ишлари 20 фоиз, чакана савдо айланмаси 7,7 фоиз ва пулли хизмат кўрсатиш ҳажми 10,4 фоиз ўсиши таъминланди.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари улуши саноатда 82,6 фоизни, қишлоқ хўжалигида 99,3 фоизни, қурилишда 99 фоизни, чакана савдода 49,8 фоизни, жами хизматлар улушида 64,4 фоизни ташкил этди.
Жорий йилда 12 млрд сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилиши ва бу кўрсаткич 2015 йилга нисбатан 106,4 фоизга ўсиши белгиланиб, марказлашган маблағлар ҳисобидан битта тиббиёт бирлашмаси объектида ва «Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси» ҳисобидан иккита мактабда реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Барча манбалар ҳисобидан 13,7 минг кв.м турар-жой, 3,5 км. ичимлик сув тармоғи фойдаланишга топширилади. Аҳолига замонавий ва сифатли хизмат кўрсатишда ҳам сезиларли ишлар қилинмоқда. Ҳисобот даврида 24 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди, бунга 8,3 млрд сўмдан ортиқ капитал маблағ сарфланди ва 80 та янги иш ўринлари яратилди.
Қолаверса, 2016 йилда «Аҳмадхон ҳожи Косоний» фермер хўжалигида сиғими 900 тонна бўлган музлаткичли омборхона қуриш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга йўналтириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури ижроси бўйича 34,3 млрд сўмдан 17,2 млрд сўми давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, 4,2 млрд сўми бажарувчи ва ҳомийлар маблағи, 12,7 млрд сўми тижорат банклари кредитлари ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, аҳоли бандлиги бўйича татбиқ этилаётган дастурлар ҳам ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Айниқса, ўсиб келаётган, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар – коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилаётган эътибор муҳим аҳамият касб этмоқда. Яратилаётган иш ўринлари асосан, янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, кичик корхона ва микрофирмалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш, уй меҳнатининг барча шаклларига эътибор қаратиш, кооперация шартномаси асосида касаначиликни, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаоллигини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаларини ривожлантириш, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига ташкил этилмоқда.
Мана шундай ўзгаришлар, ютуқлар, ривожланишлар косонсойликларнинг меҳнатсевар эканлигидан далолат бериб турибди. Уларнинг тадбиркорлиги, ўз юртини обод қилиш орзу ҳаваси, ватанимиз иқтисодий қудратини ошириш иштиёқи, бахтли келажак қуришга бўлган эзгу интилиши амалга ошираётган бунёдкорлик ишларида яққол намоён бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бу азму-шижоат, юксак марраларни кўзлаб меҳнат қилиш азал-азалдан халқимиз табиатига хос бўлган энг улуғ фазилатлардан бири ҳисобланади.
Баҳодир ЮСУПОВ,
туман ҳокими