Истиқлолнинг чексиз имкониятлари, яратувчанлиги ҳар бир соҳа ва тармоқлардаги ўсиш ҳамда ривожланиш жараёнларига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу борада тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш масалаларига жиддий эътибор берилаётгани ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Яъни, республикамизда унга саноатни ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида қаралаётгани маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг халқаро бозорларга чиқиши учун катта йўл очиб бермоқда. Шу билан бирга, ички бозорни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнларида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Дастур доирасида ташкил этилаётган корхоналар ёки ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларига эътибор бераётган тадбиркорлик субъектлари учун мазкур тизим ниҳоятда қўл келмоқда
Шунингдек, маҳаллийлаштириш жараёнлари иқтисодиётимизнинг янада барқарор ва изчил ривожланишида, ишлаб чиқариш жараёнига янги технологиялар татбиқ этилишида, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга ҳам таъсир этмоқда. Импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналар сафининг кенгайиши мамлакатимизда яратилаётган қулай тадбиркорлик муҳити билан бевосита боғлиқ. Юртимизда мақбул иқтисодий муҳит яратиш, бозор иқтисодиёти институтлари ва ўрта синфни шакллантиришга алоҳида эътибор берилаётгани дунёнинг энг нуфузли халқаро ташкилотлари, ривожланган давлатларнинг етук олимлари ва йирик инвесторларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис, тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни чуқурлаштириш ишлари кенгайиб бормоқда. Бунинг натижасида, маҳаллийлаштириш лойиҳасига киритилган юқори технологияга асосланган корхоналар ташкил этилиши ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиши кузатилмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур соҳадаги ижобий кўрсаткичлар маҳсулотлар тайёрлаш ва ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари таъминланишига, бозор зарур саноат ва истеъмол товарлари билан бойишига, экспорт салоҳияти кенгайиб, импорт ҳажмлари қисқаришига сабаб бўлмоқда.
Энг муҳими, иқтисодиётимизни модернизациялаш ва диверсификациялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, импорт ўрнини босиш ва экспорт ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сафи кенгайиб бормоқда. Зеро, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш республикадаги бой хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни босқичма-босқич амалга ошириш имконини беради. Қолаверса, бу юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтиришдаги ички имконият ва захираларни ишга солишнинг энг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада барча меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилган.
Таъкидлаш лозимки, маҳаллийлаштириш дастури мамлакатимизда 2000 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Бу даврда умумий баҳоси 4 миллиард АҚШ долларидан зиёд 2500 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада, 4 минг турдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва йилига 6,2 миллиард доллар миқдорида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Ушбу маҳсулотлар сирасига нефть ва газ ускуналари, самосвал ва кранлар, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат саноати учун қайта ишлаш ускуналари, замонавий полимер ва пластмасса буюмлари, калий ўғитлари, электродвигатель, юқори технологиядаги кабель ва сим маҳсулотлари, спорт анжомлари, маиший техникалар, энергия тежовчи ёритиш мосламалари, қурилиш ва пардозлаш материаллари, тўқимачилик ва чарм, шунингдек, саноатнинг бошқа тармоқларидаги ярим тайёр маҳсулотларни киритиш мумкин.
Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда тадбиркорлик моҳияти чуқур англанган ҳолда иш юритилиши натижасида бозор иқтисодиёти ва унинг кўпқиррали муносабатлари ҳар томонлама ўзлаштирилишига, корхоналар имкониятлари ортишига, мулкчиликнинг турли шакллари вужудга келишига эришилмоқда. Қолаверса, иқтисодиётни барқарорлаштириш, дунё бозорига кириш, жаҳон хўжалик алоқаларини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган инвестиция фаолияти тобора кенг тус олмоқда.
Эътироф этиш ўринли, мазкур дастур асосида тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариб экспорт қилишда мамлакатимизда ташкил этилган эркин иқтисодий ҳудудларнинг улуши ҳам катта. Бу эса, инновацион фаолиятни ривожлантириш, технологияларни жорий қилиш, экспорт, шунингдек, транспорт ва телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, маҳаллий маҳсулот ва хизматларнинг ички ва ташқи бозорларда халқаро сифат, сертификатлаштириш талабларини жорий этиш орқали рақобатбардошлигини ошириш, янги иш жойларини ташкил этиш, малакали ишчи-муҳандислар, хўжалик ва бошқарув кадрларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби бир қатор муҳим масалаларни ҳал этиш имконини беради. Замонавий ишлаб чиқариш технологиялари нафақат кучли рақобат жараёнида асқотади, балки сифат, самарадорлик жиҳатидан ҳам юқори кўрсаткичга эришишни таъминлайди. Технологик янгиланиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш натижасида импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тайёрлаш имкониятлари ортмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг тўққиз ойида «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида ишга туширилган 11 та корхона томонидан умумий қиймати 47,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, еттита янги инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳадан учтаси бўйича маҳаллийлаштириш дастурига киритилган объектларда қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Шу тариқа иқтисодий тизим ва ундаги хусусий сектор дунёдаги йирик инвесторлар билан айнан мамлакат иқтисодиёти учун самарали йўсинда, яъни юқори қўшимча қиймат яратувчи ишлаб чиқариш соҳаларида тўлақонли ҳамкорлик қила оладиган ҳолга келтирилди.
Жаҳон амалиётида 1973 йил 18 майда Киотода қабул қилинган Божхона тартибларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш Халқаро конвенциясида эркин зона («фанко зоналари») тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «Эркин зона миллий божхона ҳудудидан ташқарида бўлган товарларга объект сифатида қарайдиган, шу боис, у мамлакатнинг божхона назорати ва солиққа тортилмайдиган маълум қисми ҳисобланади».
Айни дамда профессор К.А.Семёнов бу борадаги қарашларини шундай ифодалайди: «Эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) бу – маълум давлатнинг умумқабул қилинган тартибига нисбатан имтиёзли хўжалик фаолиятини тақдим этадиган географик ҳудуддир». ЭИЗлар, уларнинг савдо ва инвестиция сиёсати кўплаб дунё олимлари, жумладан, В.Игнатов, В.Бутов, Т.П.Данько ва З.М.Округ томонидан ўрганилган.
Аммо, олимлар томонидан ечими топилмаган жиҳатлар ҳам борки, булар ЭИЗларни тўлақонли ўрганишнинг долзарблигини англатади. Буларга қуйидагилар киради:
● ЭИЗларнинг самарадорлик даражаси кўрсаткичлари тўла ўрганилмаганлиги;
● эркин иқтисодий ҳудуд кўрсаткичлари баҳоланишининг зарурлиги;
● эркин иқтисодий-индустриал савдо ҳудудини халқаро доирадаги иқтисодий интеграция самарадорлигини таҳлил қилиш зарурати.
«Навоий» ЭИИҲ Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан 2008 йил 2 декабрда 30 йил муддатга мўлжалланиб ташкил этилди. Унинг самарадорлик даражаси ортаётганлиги ҳамда қўшимча зарурият туғилганлиги сабабли, мамлакатимизда «Ангрен» ва «Жиззах» ЭИҲлари ҳам ташкил этилди. Бу эркин иқтисодий ҳудудларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда мамлакатимиз иқтисодиёти учун чет эл капиталини тўғридан-тўғри жалб қилувчи «муассаса»лар ҳисобланади.
Иқтисодий ва молиявий имтиёзларнинг юқорилиги жиҳатидан «Навоий» ЭИИҲ улар орасида устунликка эга бўлиб, Навоий шаҳри аэропортида логистика марказининг ташкил қилинганлиги арзон юклар ташиш имкониятини беради. Туркманистон ҳамда Яқин Шарқ орқали денгизга чиқиш имконияти мавжуд. Мамлакатимиз стратегик аҳамиятини ўзида ифодаловчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳам шу ҳудудда жойлашган. Республикамизда фаолият кўрсатаётган учта эркин иқтисодий ҳудудда фаолият юритаётган чет эл капитали иштирокидаги 33 та корхонадан 16 таси «Навоий» ЭИИҲга тегишли.
ЭИИҲнинг иқтисодий кўрсаткичлари ва у жойлашган ҳудуднинг иқтисодий ўсиш даражаси мамлакат статистик ҳисоботлари, йиллик ҳисобот натижалари, мониторинг кўрсаткичлари, мазкур ҳудуднинг ҳисоботларида акс этади. ЭИҲ мавжуд бўлмаган ҳудуд самарадорлигини баҳолаш учун эса жорий кўрсаткичлар олинади.
ЭИҲ самарадорлигини баҳолаш эса, қуйидаги кўрсаткичлар туркуми бўйича амалга оширилади:
● ишлаб чиқариш;
● молия;
● ташқи иқтисодий фаолият;
● инвестицион самарадорлик кўрсаткичлари.
Шу жумладан, ишлаб чиқариш самарадорлиги одатда, қуйидагича ҳисобланади:
Р = ҳақиқат/режа.
Аммо, ташқи иқтисодий фаолият самарадорлигини аниқлашда қуйидаги кўрсаткичлардан фойдаланилади:
Ташқи савдо айланмаси = экспорт + импорт.
Одатда, бу кўрсаткич бир хил ўлчов воситаларига нисбатан қўлланилади (миллион сўм, миллион доллар, дона ва ҳ.к).
Ташқи савдо баланси = экспорт-импорт.
Ташқи савдо баланси мусбат бўлиши фаол ташқи савдодан, манфий бўлиши эса ташқи савдонинг пассивлигидан далолат беради. ЭИИҲ жойлашган вилоятнинг самарадорлигини аниқлашда қуйидаги ҳисоб усулини келтиришимиз мумкин:
● ЭИҲ жойлашган вилоятнинг ЯИМ улуши=(Навоий вил. ЯИМ/мамлакат ЯИМ)*100%.
● Ихтиёрий вил. ЯИМ улуши = (ихтиёрий вил. ЯИМ/мамлакат ЯИМ)* 100%.
● ЭИҲ жойлашган вилоятнинг самарадорлиги=ЭИҲ жойлашган вилоятнинг улуши / ихтиёрий вил. ЯИМ улуши.
Агар, бу формулада ЭИҲнинг ташкил қилинганлиги муносабати билан ЭИҲ жойлашган вилоятнинг ЯҲМ мамлакат ЯИМдаги улуши паст бўлса, у ҳолда самарадорлик даражаси паст ҳисобланади. Яъни, кўрсаткич ижобий сальдога эга бўлиши шарт.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу формулани Бухоро ҳамда Навоий вилояти ялпи ҳудудий маҳсулотлари ҳажми ҳамда мамлакатимизнинг ЯИМдаги улушида қўллашимиз мумкин. ЯҲМ Навоий вилоятида 2015 йилнинг январь-март ойларида 1660,1 млрд сўм, Бухоро вилоятида худди шу даврда 1462,2 млрд сўм, мамлакатимиз ЯИМ эса, 30526,8 млрд сўмни ташкил этган. Демак, ЭИҲлар ташкил этилган вилоятларнинг мамлакат ЯИМдаги улуши бошқа ҳудудларга нисбатан юқори. Буни хорижий давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Навоий эркин иқтисодий-индустриал савдо ҳудуди доирасида халқаро иқтисодий интеграция самарадорлигини шу тарзда баҳоласак, мамлакат ҳудудида ташкил этиладиган ЭИҲларнинг аҳамияти яққол кўзга ташланади. Чет эл инвестициясини мамлакатнинг асосий тармоқлари ва ишлаб чиқариш соҳасига жалб қилиш, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш борасида эркин иқтисодий ҳудудларнинг ниҳоятда катта самара бериши инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланади.
Меҳри ВОҲИДОВА,
мустақил изланувчи