Бугунги кунда замонавий банк тизими – бу ўз мижозларига анъанавий депозит-ссуда ва ҳисоб-касса операцияларидан то банк тузилмалари томонидан қўлланиладиган пул-кредит ва молия воситаларининг турли шаклларигача бўлган турли хилдаги хизматларни таклиф этувчи соҳа.
Банк тизими мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишига эришишда катта ўрин тутади, шунинг учун мазкур соҳани янада либераллаштириш ва уни ислоҳ қилишни чуқурлаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Банк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳияти иқтисодиётни таркибий ўзгартиришга самарали таъсир кўрсатиш, инфляция даражасини янада пасайтириш, банк тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш ва инновацион ривожланишнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда молиянинг қулайлик даражасини ошириш ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишдан иборат.
Юртбошимиз Ш.М. Мирзиёев бир неча бор таъкидлаганидек, Ўзбекистонда янги давр бошланди. Мамлакатимизнинг истиқболдаги ривожланишини белгилаб берувчи реал тенденцияларни кўрсатиб бериш фурсати етди.
Бугун банк секторини ривожлантиришнинг иккита асосий стратегик вазифасини белгилаб олиш мумкин: биринчидан, банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва ички бозорда молиявий хизматлар доирасини кенгайтириш; иккинчидан, Ўзбекистон банкларининг халқаро капитал бозоридаги иштирокини фаоллаштириш. Ушбу чора-тадбирлар сўзсиз, мамлакатимизнинг тобора глобаллашиб бораётган жаҳон иқтисодиётига интеграциялашишга, нафақат қарз олувчи сифатида қатнашишга, балки халқаро валюта-кредит муносабатларининг тўлиқ ҳуқуқли иштирокчисига айланишга, капитал бозорида ва нуфузли фонд биржаларида фаол операцияларни амалга оширишга интилиши ва бунга тайёрлигидан далолат бериб турибди.
Ушбу мақолалар тўлик матнини журналнинг босма версиясида ўқинг.