Бугунги жамият тараққиётини ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса, глобаллашув жараёнлари айнан алоқа ва ахборот алмашиш соҳасининг жадал суръатда тараққий этиши билан боғлиқ. Зеро, глобаллашув жараёнида ахборотнинг аниқлиги ва тезкорлиги ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Ахборот ёрдамида жамият аъзолари, таркибий бўлинмалар фаолияти бошқарилади, келгуси режалар белгиланади, бажарилиши эса назорат ва таҳлил қилинади. Ахборотсиз жамият аъзоларининг маънавий, маърифий, маданий ва бошқа талабларини тўлиқ қондиришнинг имкони бўлмайди. Шу сабабли алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасини доимий ривожлантириб бориш объектив зарурат бўлиб, айтиш мумкинки, мазкур соҳани ривожлантириш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий равнақини таъминлашда ўта муҳим омиллардан биридир.
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари иқтисодиётнинг ўзига хос хусусиятларига эга бўлган ҳамда бошқа тармоқлардан турли жиҳатлари бўйича фарқ қиладиган таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Ушбу ўзига хос хусусиятлар ҳамда фарқли жиҳатлар ахборот ва ахборотлаштиришнинг мазмун ва моҳиятида, техника ва технологиясида, яратилаётган маҳсулот турларида, сотишдан олинадиган даромадларининг ўзига хослигида, тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилишида намоён бўлади. Айни пайтда, кўрсатилаётган хизматларга қилинаётган харажатлар таркибида, улар таннархини шакллантиришда, ҳисоб маълумотларини ҳисоб ва ҳисобот моддаларида акс эттирилишида, буюртмачилар билан ҳисоблашишларда, соҳа субъектларини солиққа тортиш бўйича давлат сиёсатининг ўзига хослигида акс этади. Ушбу ва бошқа жиҳатлардаги хусусиятлар ҳамда фарқли жиҳатлар бир томондан алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари кўрсатувчи субъектларни ўзига хос ҳисоб бирликлари борлиги, иккинчидан, ушбу субъектларда соҳа хусусиятларини ўзида мужассамлаштирувчи бухгалтерия ҳисоби тизими мавжудлигидан дарак беради. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасини ривожлантиришнинг устуворлиги мазкур соҳа субъектларида бошқарувнинг муҳим дастаги бўлган бухгалтерия ҳисобини ҳам доимий равишда такомиллаштиришни, муаммоларни чуқур тадқиқ этишни, шу асосда уларни ҳал қилиш йўлларини илмий асослашни объектив зарурат қилиб қўяди.
Таъкидлаш жоизки, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳаси субъектларида бухгалтерия ҳисобининг назарий, методологик ва ташкилий муаммолари етарлича тадқиқ этилмаган ҳамда адабиётларда ҳам етарлича ёритилмаган. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари субъектларида бухгалтерия ҳисобининг ҳозирги ҳолатини амалий жиҳатдан ўрганиш уларда ўз ечимини кутаётган қатор долзарб муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Қуйида ушбу муаммоларнинг айримларига ва ҳал қилиш йўлларига қисқача тўхталамиз.
Муҳим ва долзарб муаммолардан бири алоқа ва ахборотлаштириш хизматларини ҳисоб объектлари сифатидаги яхлит таснифий асосларини яратиш ҳисобланади. Ҳозирги пайтда алоқа ва ахборотлаштириш хизматларини ҳисоб объектлари сифатидаги таснифий асослари республикада амалда бўлган бухгалтерия ҳисобига оид меъёрий ҳужжатларда махсус белгиланмаган. Қолаверса, ушбу хизматларнинг ҳисоб объектлари сифатидаги таснифий асослари, улар ҳисобини юритиш тартиблари бухгалтерия ҳисобига оид адабиётларда ҳам етарлича ўрганилмаган.
Бизнингча, алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг ҳисоб объектлари сифатида таснифлаш негизига уларнинг республикамизда қабул қилинган алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунларда белгиланган қуйидаги иккита туркуми ва уларни ташкил қилувчи хизмат турлари олиниши лозим (чизма).
Аниқ макон ва замонда амалга оширилаётган алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг ҳар бир туркуми ва турлари ўз таърифига ва тавсифига эга. Ушбу таъриф ва тавсифлардан келиб чиқиб, бухгалтерия ҳисоби объектлари ҳисобланган алоқа ва ахборотлаштириш хизматларига махсус ихтисослашган корхоналарнинг фаолияти, макон ва замонда амалга ошираётган хўжалик жараёнлари ва операциялари сифатида таърифлар бериш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бухгалтерия ҳисобига оид меъёрий ҳужжатлар ва махсус адабиётларда қуйидаги таърифлар бериш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Почта алоқаси хизматлари – бу, тармоқ оператори ёки провайдерларининг мижозларга ҳақ тўлаш шарти билан амалга оширадиган почта, куръерлик ва бошқа универсал хизматлар кўрсатиш бўйича фаолияти.
Почта хизматлари – бу, мижозларга почта жўнатмаларини, шунингдек, пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш)га доир кўрсатиладиган хизматлари.
Курьерлик хизматлари – бу, мижозларга курьерлик жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб беришга доир кўрсатиладиган хизматлари.
Универсал хизматлар – мижозларга мамлакат ҳудудида мақбул нархларда кўрсатиладиган ва белгиланган талабларга мос келадиган сифатдаги почта хизматлари, жумладан, фойдаланувчиларга почта варақлари, хатлар, бандероллар ва майда пакетларни мамлакат ҳудудида мақбул нархларда жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш)га доир почта хизматлари, шунингдек, кўзи ожизларга ва муассасаларига улар эҳтиёжларини қаноатлантиришда секограммалар алмашинуви бўйича кўрсатиладиган почта хизматлари.
Телекоммуникация хизматлари бу, операторлар ва провайдерларнинг сигналлар ҳамда бошқа ахборот турларини телекоммуникация тармоқлари орқали қабул қилиш, узатиш, қайта ишлашга доир фаолияти.
Телекоммуникациялар тармоғи деганда, узатишларнинг бир ёки бир неча турини, шунингдек, телефон, телеграф, факсимиль турларини, маълумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуи тушунилади.
Телефон алоқаси хизматлари – телекоммуникация тармоқларига уланган мобиль ва стационар гўшаклар орқали мижозларга ҳақ тўлаш шарти билан ўзаро сўзлашувларни таъминлашга доир хизматлар.
Телевидение хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқлари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги тасвирий эшиттиришларни таъминлашга доир хизматлар.
Радоиэшиттириш хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқлари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги овозли эшиттиришларни таъминлашга доир хизматлар.
Телеграф хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқлари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги хат-хабарларни узатиш, қабул қилиш ва етказиб беришни таъминлашга доир хизматлар.
Факсимиль узатиш хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқларига уланган стационар факсимиль узатиш қурилмалари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги ёзма хабарларни узатиш, қабул қилиш ва етказиб беришни таъминлашга доир хизматлар.
Интернет хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқларига уланган замонавий компьютер қурилмалари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги ёзма ва тасвирий ахборотларни узатиш, қабул қилиш ва етказиб беришни, шунингдек, ўзаро сўзлашувни таъминлашга доир хизматлар.
Алоқа ва телекоммуникация хизматлари, юқорида таъкидланганидек, уларнинг операторлари ёки провайдерлари орқали амалга оширилади.
Алоқа ва телекоммуникация хизматлари операторлари – бу, мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида ушбу соҳаларга эгалик қилувчи ва фаолиятнинг асосий тури сифатида номлари юқорида зикр этилган хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар.
Алоқа ва телекоммуникация хизматлари провайдерлари бўлиб фойдаланувчиларга алоқа ва телекоммуникация хизматлари операторларининг тармоқлари орқали ушбу тегишли хизматларни кўрсатувчи юридик шахслар ҳисобланади.