Мамлакатимиз ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида шаҳар ва туманлар қиёфаси тубдан ўзгариб, янада кўркамлик касб этмоқда. Белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда ислоҳотларнинг вилоятдаги ижроси ўз вақтида таъминланаётгани боис, ҳудудда нафақат қурилиш, балки барча соҳалар бирдек ривожланмоқда. Хусусан, равон йўллар, қулай инфратузилма, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, юқори даражадаги транспорт ва алоқа хизмати, замонавий маданий ва маъмурий бинолар қурилиши, корхоналарда ишлаб чиқариш суръатлари барқарор ўсиши вилоятнинг саноатлашишига хизмат қилмоқда.
Масалан, жорий йил бошида рўйхатга олинган 1782 та саноат корхонасидан 16 таси йирик, 1766 таси кичик корхоналар бўлиб, шундан 1611 таси ёки 90,4 фоизи тўлақонли фаолият юритмоқда. Ўтган йили вилоят миқёсида умумий қиймати 371,1 млрд сўмлик 304 та саноат объекти фойдаланишга топширилиб, 6310 та янги иш ўрни ташкил этилди, 43 турдаги янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, қарийб 856 млрд сўмлик қўшимча қувватлар яратилди. Республикамиз Биринчи Президентининг ташаббусига кўра, «Жиззах» ЭИЗ ташкил этилиб, инвесторларга имтиёз ва преференциялар берилиши, зарур шарт-шароитлар яратилиши нафақат ЭИЗ фаолиятини самарали ташкил этиш, балки ҳудудда ишбилармонлик муҳити яхшиланиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаси изчил ривожланиши, энг асосийси бандлик ўсишида муҳим аҳамият касб этди. Эркин иқтисодий зонадаги 23 та корхона томонидан умумий қиймати 91,3 млн долл.га тенг 1324 та янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда мазкур корхоналар томонидан 50 турга яқин экспортбоп, юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида вилоятда 2014–2016 йилларда 147,4 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 875 минг доллар ҳажмида чет эл валютаси иқтисод қилиниши боис, 2016 йилда импорт ҳажми 2014 йилга нисбатан 8 фоизга қисқарди. Мазкур корхоналарнинг мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда муносиб ҳиссаси борлигини эътироф этган ҳолда, ишлаб чиқариш салмоғи йилдан-йилга ошаётгани ҳамда жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин олаётганини таъкидлаш жоиз. Йирик корхоналарда амалга оширилган модернизациялаш туфайли, минглаб маҳаллий аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги таъминланиб, рақобатбардош маҳсулотлар улуши кўпайиб бормоқда. Биргина «Жиззах пластекс» МЧЖда ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,3 баробарга ортди. 2016 йили Дўстлик туманида ноёб техника ва технологиялар билан жиҳозланган «Фреш стаиль» МЧЖнинг фойдаланишга топширилиши эса, вилоят ишлаб чиқариш салоҳиятини янада юксалтирди.
Мустақиллик йиллари ташкил этилган саноат корхоналарида шифер, цемент маҳсулотларини қадоқлаш учун махсус полипропилен ва полиэтилен қоплар, оҳак, базальт толаси, турли тўқимачилик маҳсулотлари, бетон плиталари ҳамда деворбоп блоклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ҳисобот даврида саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми қарийб икки трлн сўмни ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 117,8 фоиз ташкил этди. Мазкур саноат маҳсулотлари ҳажмининг 48,4 фоизи ёки 937,7 млрд сўми ҳудудий тасарруфдаги саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Ҳудудий тасарруфдаги саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 120,1 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулоти ҳажмининг 99 фоизи нодавлат секторига тўғри келгани тадбиркорликка катта эътибор берилаётганини англатади. Шунингдек, ушбу ҳажмнинг 37,7 фоизи йирик саноат корхоналари, 28,6 фоизи микрофирма ва кичик корхоналар, 5,9 фоизи ёрдамчи саноат ва 27,8 фоизи якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчилар ҳиссасига тўғри келади. Саноат корхоналари томонидан қарийб 1,2 трлн сўмлик аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқарилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 116 фоизни ташкил этди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган истеъмол моллари 913,4 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 113,7 фоизга ўсди. Истеъмол молларининг 48,6 фоизи ёки 444,2 минг сўмлиги озиқ-овқат ва 51,4 фоизи ёки 469,2 минг сўмлиги ноозиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келди.
2017–2018 йилларда вилоятда саноат йўналишида қиймати 2,6 трлн сўмлик 668 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 13613 та янги иш ўринлари яратилади. Хусусан, жорий йилда умумий қиймати 750,1 млрд сўмлик 416 та саноат йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилиб, 6806 та янги иш ўринлари яратилади. Жумладан, Фориш туманида йилига 2500 тонна базальт толаси, 2976 тонна базальт толасидан арматура ва 250 тонна майдаланган базальт толаси ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича МЧЖ шаклидаги «Мева инвест индустриал» ХКда дастлабки ишлар бошланган, мазкур объект мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида тўлиқ фойдаланишга топширилади. Шунингдек, саноатнинг бошқа йўналишларида, шу жумладан, йилига 2000 тонна кондитер маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга «Бону ширинликлари» МЧЖ, 5,1 минг тонна балиқ маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга «Топ хол фиш» ХКси янги лойиҳалари боис, ишлаб чиқариш суръатлари бир неча баробарга ўсиши таъминланади.
Бундан ташқари, «Жиззах» ЭИЗда «Italceramicka» МЧЖ негизида умумий лойиҳа қиймати 19,8 млн доллар ёки йиллик қуввати икки млн квадрат метр керамика плиталари ва керомогранит ишлаб чиқариш, қиймати 28,9 млн долл. бўлган «Mingyuan silu (Tianjing) Industry» компанияси томонидан безакли, листли ва ультраюпқа ойна маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари бошланган. «Mingyuan silu (Tianjing) Industry» компанияси лойиҳанинг 1-босқичини шу йилнинг 3-чорагида ишга тушириши кутилмоқда. МЧЖ шаклидаги «Roison Electronics» ҚК томонидан кенг турдаги замонавий электр жиҳозлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг 2-босқичи бўйича жиҳозларни бўяш, қолиплаш ва зарур ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. «Beek electro» ҚК негизида қиймати 3,2 млн долларлик электр ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ишлар жадал суръатда амалга оширилмоқда. Ғаллаорол туманидаги «Қўйтош кони» ҚКси томонидан 100 тонна вольфрам қазиш, бирламчи қайта ишлаш ва охра ишлаб чиқариш лойиҳасига оид ишлар якунланса, қўшимча 130 га яқин иш ўрни яратилади. Қиймати бир млн долларлик «Маржон глобал» МЧЖда субстанция ишлаб чиқариш, Жиззах шаҳрида йилига 1200 тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Ало Ал Акс» МЧЖ, Зомин туманида уч минг тонна калава-ип ишлаб чиқариш қувватига эга «Зомин текстиль» МЧЖ, Пахтакор туманида ғўзапоядан 10 минг м2 ДСП ишлаб чиқарувчи «Жиззах қурилиш зийнати» ХКси, Зафаробод туманида нефтни қайта ишлаш, Ғаллаорол туманида сульфат калий минерал хомашёси ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Жиззах шаҳри ва туманлардаги бунёдкорлик ишларида ҳудудларнинг қиёфасини замонавий архитектура талаблари асосида лойиҳалашга катта урғу берилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳри, А.Навоий маҳалласи ва шу номдаги кўчада мавжуд эски уйлар ўрнига тўққизта кўп қаватли тураржой бинолари, савдо мажмуалари, маъмурий бинолар ҳамда 10500 ўринга мўлжалланган «Сўғдиёна» ўйингоҳ мажмуаси, болалар истироҳат боғи ташкил этилди. Мустақиллик кўчасида 3–4-қаватли тураржой бинолари барпо этилиб, шаҳар деҳқон бозори архитектура талаблари асосида қайта қурилди. Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов хиёбонида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, аҳоли учун қулай инфратузилма яратилаётганидан халқ хурсанд. Бу жиҳат уларнинг иш унумига, кўтаринки кайфиятига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Умуман олганда, 2017 йил вилоятда барча молиявий манбалар ҳисобига 1,4 трлн сўмлик капитал маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Ҳақиқатда, 1-чоракда 259,1 млрд сўм капитал маблағлар ўзлаштирилиб, ўсиш суръати 110,6 фоизни ташкил этди. Қурилиш-пудрат корхоналарининг ўз кучлари эвазига бажарилган пудрат ишлари 236,3 млрд сўмни ташкил этиб, ўсиш сураъти 110,8 фоизга бажарилди. Аҳоли маблағлари ҳисобидан 135,4 минг кв.м уй-жойлар, 26 та маиший хизмат объекти, 3,8 минг кв.м савдо дўконлари, 1605 ўринли умумий овқатланиш шохобчалари, 40,8 км ичимлик суви ва 10,6 км табиий газ тармоқлари фойдаланишга топширилди. Барча туманларимизда кенг миқёсда олиб борилаётган, аҳоли учун қулай ва арзон уй-жойлар қуриш дастурига кўра, жорий йил «Зилол» маҳалласида бешта (22,4 млрд сўм) 7 қаватли 210 та оила учун уй-жойлар қурилиши ва Жиззах шаҳрининг «Иттифоқ» ва «Навоий» маҳаллаларида иккита (8,1 млрд сўм) тўрт қаватли 32-хонадонли «Камолот уй»лари қурилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция Дастури тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йилда вилоятда 19 та умумтаълим мактаблари, 15 та мактабгача таълим муассасалари, саккизта касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, бешта соғлиқни сақлаш, бешта болалар спорти иншоотлари, 46 та қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик сув объектлари, битта ёнғин хавфсизлиги депоси, тўртта сел объектлари, иккита «Жиззах ЭИЗ» маъмурий биноси қурилиши ва инфратузилма объекти, саккизта дренаж, бошқа объектларда тўртта қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Ҳисобот даврида 17,5 млрд сўм ўзлаштирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2017 йилда 908 та (103,5 млрд сўмлик) уй-жойлар қурилади. Жорий йилнинг 1-чорагида «Қишлоққурилишинвест» ИК буюртмачилигида Ш.Рашидов тумани массивида 32 та (3,6 млрд сўм) икки қаватли (2-3 хонали) ва ўнта бир қаватли (2-3 хонали), жами 42 та уй-жой фойдаланишга топширилиб, уларга ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари объектларидан 0,3 км газ, 0,4 км электр, 0,7 км сув тармоқлари ва 0,5 км кириш йўлаклари тортилди.
АКТ жадал ривожланиб, барча соҳаларни тўлиқ қамраб олмоқда. Бу жиҳат, вилоятимиз ижтимоий ҳаётида акс этиб, жумладан, тадбиркорлик рўйхатидан ўтиш, ҳисоботлар топшириш, аҳоли мурожаатлари бўладими, барчасида соҳа ютуқларидан кенг фойдаланилмоқда. Биргина, телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш мақсадида вилоятда 41 та мобиль база станцияси, 60,2 км оптик толали алоқа тармоғи қуриш ва 43 та рақамли телерадиоузатгич ўрнатиш режалаштирилгани ҳолда, январь-март ойларида 26 та мобиль база станциялари, 20,6 км оптик толали алоқа тармоғи ва учта рақамли телерадиоузатгич ўрнатиш ишларига 3072,6 млн сўм миқдорида маблағ сарфланди.
Шунингдек, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя каби инсон омили билан боғлиқ устувор йўналишларда самарали, диққатга молик ишлар узлуксизлиги таъминланмоқда. Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган мақсад – инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун саналадиган мамлакатимизда халқ фаровонлигини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтиришга йўналтирилган.
Ҳусан АБДУВОҲИДОВ,
вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи