Корхоналар ва ташкилотлар стендларида ҳозирги вақтда импорт қилинаётган ёки анъанавий тарзда республикамизда ишлаб чиқарилаётган товарлар ҳамда маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилаётган ёки уларни ишлаб чиқаришни маҳаллий хомашё ресурсларидан фойдаланиш, технологияни модернизация қилиш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш асосида ўзлаштириш нуқтаи назаридан истиқболли бўлган маҳсулотлар кўргазмага қўйилди.
Намойиш этилган маҳсулот ассортименти сезиларли даражада кенгайди – 2015 йил билан солиштирилганда 10 фоизга ошди. Шунингдек, маҳаллийлаштирилган мингдан ортиқ янги турдаги маҳсулот тақдим этилди.
Ярмарка иштирокчиларининг ихтиёрига ҳар қачонгидек, кенг майдон ва «Ўзэкспомарказ» АЖ миллий кўргазма компаниясининг бутун инфратузилмаси тақдим этилди. X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси иштирокчилари ва унга ташриф буюрувчилар тармоқлар ҳамда корхоналар тақдимотлари, уларнинг техник ва технологик имкониятлари билан танишиш, ишлаб чиқариш соҳасидаги ютуқлар ва тажриба билан алмашиш имкониятига эга бўлишди. Кўргазма давомида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, минтақалар, алоҳида корхоналарнинг 52 та турли тақдимоти ўтказилди. Бунда улар ўз салоҳиятини ва истиқболли лойиҳаларини намойиш этишди.
Минтақавий ярмаркаларда саноат тармоқлари эҳтиёжларига баҳо берган ҳолда корхоналар ривожланиш истиқболларини олдиндан белгилаб олишга, ишлаб чиқаришни режалаштиришга ва келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантиришга муваффақ бўлишди.
Таъкидлаш лозимки, ХСЯКБ доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хомашё ва мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган материалларни харид қилиш қўшимча тендерлар ўтказилмаган ҳолда тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида амалга оширилади. Бунда ушбу шартномалар шу ернинг ўзида рўйхатга олиниб, давлат реестрига киритилади.
«Биржа иштирокчилари томонидан маҳсулот харид қилиш ва ўз маҳсулотини тасдиқланган прогноз параметрлари даражасида экспортга чиқариш учун 2015 йилдагига қараганда 1,16 марта кўп шартномалар тузилди», – дейди ярмарканинг ёпилиш маросимида ХСЯКБ дирекцияси директори вазифасини бажарувчи Р.Келдиёров.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида 11,8 трлн сўмлик маҳсулотни харид қилиш учун шартномалар тузилган эди.
X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасига жаҳоннинг 35 та мамлакатидан келган 1,3 минг нафардан ортиқ меҳмон катта қизиқиш билдириб, мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари билан шартномалар тузишди.
Бизнес-форум иштирокчилари тадбир давомида вазирликлар ва идоралар, банклар, суғурта компаниялари, стандартлаштириш ва сертификатлаш соҳасига ихтисослашган ташкилотлар мутахассисларининг маслаҳатларидан баҳраманд бўлишди.
X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси якунлари, ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларининг юқори натижалари мамлакатимиз корхоналарининг кооперация алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойиб бораётганлигидан, республикамиз корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотдан фойдаланишдан манфаатдорлиги ортиб бораётганлигидан далолат бериб турибди.
Ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни янада ривожлантириш вазифасини ҳал этган ҳолда, ХСЯКБ саноат корхоналарининг узоқ муддатли хўжалик алоқаларини шакллантириш ва кенгайтириш учун зарур қонунчилик базаси ҳамда бозор инфратузилмасининг яратилишига хизмат қилади, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни амалга оширувчи корхоналарнинг зарур хомашё, ишлаб чиқариш воситалари ва кредит маблағларидан эркин фойдаланишини, маҳаллий хомашё ресурсларининг қайта ишлашга жалб этилишини ва янги турдаги маҳсулотларнинг ўзлаштирилишини таъминлайди.
Кўриниб турибдики, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ҳудудий ва Халқаро саноат ярмаркаси ҳамда кооперация биржалари юртимиз тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда ҳамда ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай тадбирлар ишлаб чиқарувчиларни ўз фаолиятига инновацион ишланмаларни жорий қилишга, янги маҳсулотлар тайёрлашга руҳлантиради. Албатта, бу борадаги изланишлар самарасидан эса биринчилардан бўлиб ярмаркага ташриф буюрган тадбиркорлар хабардор бўлишади. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан самарали фойдаланаётган, уни тезроқ, ўз фаолиятига татбиқ қилишга интилаётган ишлаб чиқарувчилар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Шубҳасиз, Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси мазкур йилнинг энг муҳим ва аҳамиятли воқеаларидан бири бўлди.
ХСЯКБ дирекцияси