Корхонада юқорида қайд этилган солиқларни режалаштириш босқичлари босиб ўтилганидан сўнг, қабул қилинган қарорларни баҳолаш имконияти мавжуд бўлади. Бунда, аввало, солиқларни режалаштириш учун кетадиган вақтнинг етарли бўлишини (яъни, бир йилдан кам бўлмаган муддатда) ҳисобга олиш лозим. Баҳолаш жараёнида фақатгина солиқларга кетадиган маблағлар бўйича молиявий натижаларга эътибор қаратмасдан, балки солиқларни минималлаштириш бўйича уларни режалаштириш жараёнини қўллашга корхона сарф қилган қўшимча харажатларни, пеня, штрафлар суммаларини ҳам ҳисобга олиш лозим.
Ҳозирги кунда корхоналар олдида янги имкониятлар пайдо бўлмоқда, яъни, солиқ тўлаш жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларидан бири – кредит олиб солиқ тўлашдир. Масалан, корхона ҳисоб рақамида солиқ тўлаш учун етарли маблағ бўлмаган тақдирда кредит олиб солиқ тўлаши ёки солиқни кечиктириб тўлаш йўлларидан бирини танлаши мумкин. Улардан бирини танлашда эса, корхона асосий эътиборни солиқларни кечиктириб тўлаганлиги учун пенянинг суммаси билан банкдан олиши мумкин бўлган солиқ кредитининг ставкаси ўртасидаги фарққа эътибор қаратади ва афзалини танлайди.
Корхонада қабул қилинган солиқларни режалаштириш стратегияси бутун режалаштириш даври мобайнида актив ишлаши устидан назорат олиб борилиши шарт.
Солиқларни режалаштиришни ташкил этишда юқорида танишиб чиққан солиқларни режалаштириш элементларининг ҳар бирини эътиборга олган ҳолда бир-бири билан ўзаро боғланган солиқ мажбуриятларининг пасайишини кафолатлайдиган бир нечта босқични эътиборга олиш лозим бўлади. Хўжалик юритувчи субъектлар янги ташкил этилиш арафасида бўлса, солиқларни стратегик режалаштириш ва жорий режалаштириш асосида ташкил этишлари мақсадга мувофиқ
Солиқ ҳисоб-китоблари ички назорати умумий технологияси корхонада хўжалик операциялари бўйича бирламчи ҳужжатлар, меъёрий ҳужжатлар, мазкур операция билан ўзаро боғланган солиққа тортиш элементлари ҳамда бухгалтерия ўтказмаларини расмийлаштириш учун талаб этиладиган кўрсатмалар билан асосланган бўлиши керак. Бу ҳар бир операцияни бирламчи ҳужжатларда расмийлаштиришдан бошлаб, кейин солиқ бўйича қарор қабул қилиш, солиқ ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва солиқларни тўлашгача бўлган жараённи билдиради ва бутун бир фаолиятни ўзида акс эттиради.
Юзага келадиган солиқ муаммолари соҳа мутахассислари томонидан жуда чуқур ва ҳар жиҳатдан таҳлилий изоҳлар билан ОАВларида ёритиб борилади. Бунинг натижасида юзага келадиган катта молиявий жарималар ҳақида солиқ тўловчи етарли маълумотларга эга бўлади. Бу ҳолатлар ҳар бир корхонада ички солиқ назорати тизими ўрнатилишини тақозо қилади. Мазкур тизимнинг самарали фаолият кўрсатиши солиқ мажбуриятлари бажарилишида солиқ хатолари юзага келишининг иложи борича олдини олишга ёрдам беради. Бу ишларни амалга ошириш учун корхоналарда солиқ менежери штатини жорий қилиш мақсадга мувофиқ.
Шундай қилиб, корхонада самарали фаолият кўрсатиши таъминланадиган ички солиқ назорати ўрнатилиши солиқ хатоларини салмоқли даражада камайтиради ва бу билан солиқ органлари томонидан амалга ошириладиган солиқ текширишлари пайтида қўлланиладиган молиявий жарималар миқдорини кескин камайтиради. Бунда моддий манфаатдорликдан ташқари, ички солиқ назорати корхона тадбиркорлик фаолияти учун барқарор асос бўлади, яъни, яхши муҳит яратилади, солиққа тортиш соҳасидаги қарорлар қабул қилинишига ишонч ва қатъиятлилик бахш этади ҳамда солиқ текширувлари пайтида аниқланадиган солиқ муаммоларидан халос қилади.
Шу билан бирга, бозор муносабатлари ва талабларига мослашишга интиладиган ҳамда ишончли ва долзарб ахборотларга эга бўлган субъектлар тадбиркорлик фаолиятини ўзгарувчан солиқ қонунчилигига амал қилган ҳолда ташкил этишлари, албатта, уларга молиявий натижалар бўйича устунликка эга бўлишлари учун катта имкониятлар яратади.
Айзада ТАСПАНОВА,
катта илмий ходим-изланувчи