Мамлакатимиз мустақиллиги қўлга киритилган дастлабки кунлардан бошлаб ижтимоий-иқтисодий фаолиятимизни дунё андозалари даражасида ташкил этиш учун суғурта хизматларига бўлган муносабатни ҳам тубдан ўзгартириш зарурияти туғилди. Шу сабабли, 1997 йил 25 февралда «Ўзагросуғурта» давлат-акциядорлик суғурта компанияси ташкил этилди. Мазкур даврда жамият тизимида 1997–2000 йиллар давомида даъво ҳужжатларини кўриб чиқиш бўйича департамент ёки алоҳида бўлим фаолият юритмаган.Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари даъво ҳужжатлари қайси суғурта турига тегишли эканлигига қараб белгиланган бўлимлар томонидан ўрганилган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги бўйича даъво ҳужжатлари филиаллар лимити доирасида масъул шахслар томонидан ҳамда лимит доирасида бўлмаган ҳужжатлар эса жамият бошқаруви мутахассиси хулосасига асосан махсус комиссия томонидан суғурта товони аниқланган. Шунингдек, мол-мулк суғуртаси, аҳоли суғуртаси ва бошқа суғурта турларига оид даъво ҳужжатлари бўйича мол-мулк бўлими, молиявий таваккалчиликларни суғурталаш бўлими, шахс суғуртаси бўлими ва тегишли бўлимлар мутахассислари хулосасига кўра тайинланган комиссия томонидан суғурта товонлари аниқланган ва суғурталанувчилар (жабрланувчи ва наф олувчи)га товон пуллари тўлаб берилган. 2001–2002 йилларда бу жараён давом этган ва жамият бошқарувида ички назорат бўлими ташкил қилинганидан сўнг, ушбу бўлим бевосита даъво ҳужжатларини ўрганиш ҳамда аниқлаш жараёнида иштирок этиб бошқарувга тақдим этилган даъво ҳужжатлари бўйича бўлим мутахассиси томонидан хулоса берилган ва суғурта товони аниқланишини назорат қилган.
Жамиятнинг фаолият кўлами кенгайиши натижасида суғурта даъволарини такомиллаштириш ва суғурта товонларини аниқлаш, уларни ўз вақтида суғурталанувчилар (жабрланувчилар)га тўлаш мақсадида 2003 йилда жамият бошқарувида Суғурта даъволари департаменти ташкил этилди. Бунинг натижасида, жамият тизимида суғурта шартномалари (полислар) асосида жамиятнинг туман ва шаҳар бўлинмалари, суғурта марказлари, филиаллари ва бошқарувига келиб тушган суғурта даъво аризаларини қонунчилик доирасида ўрганиш, суғурта товони (пули) миқдорларини аниқлаш ва тўлаш тартибини назорат қилиш ҳамда суғурта товонлари тўлови билан боғлиқ бўлган бошқа ишларни амалга ошириш имконияти яратилди.
Суғурта фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш
Мазкур департамент ташкил этилган дастлабки кунларданоқ, Суғурта даъволари департаменти томонидан «Жамият тизимида суғурта даъволарини кўриб чиқиш тартиби» ишлаб чиқилди.
Бунинг натижасида, жуда қисқа фурсатда жамиятнинг барча ҳудудий бўлинмаларида ҳужжатларни қабул қилиш, уларни расмийлаштириш, белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва аниқланган суғурта тўловини суғурта қилдирувчиларга тўлаш борасида амалга оширилган ишлар сифатида кескин ижобий ўзгаришлар юзага келди. Шунингдек, департамент томонидан йилдан-йилга ушбу тартибга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб такомиллаштириб борилди. Масалан, Фарғона вилоятида намунавий тўлов ҳужжатлар тўплами китобча ҳолига келтирилиб, барча филиалларга юборилиши натижасида тақдим қилинаётган ҳужжатлар сифати тубдан яхшиланди.
Шунингдек, жамиятимиз тизимида суғурта даъволарини такомиллаштириш ва зарар қопламаларни тезкор равишда тўлаб бериш мақсадида масофадан мониторинг қилиш йўлга қўйилди. Республикамиз ҳудудида содир бўлган ҳодисалар натижасида мол-мулкларга зарар етган тақдирда жойлардаги бўлинмаларимиз аввало, филиалларга, кейин эса жамият бошқарувига хабар беришади, талофатнинг ҳажмига қараб жамият бошқаруви томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳодиса оқибатлари тезкор ўрганилади ва зарар миқдори аниқланади. Мисол тариқасида айтсак, 2007 йил 22 апрель куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманида содир бўлган табиий офат (дўл ёғиши), 2011 йил 20 июль куни Фарғона вилоятининг Риштон, Олтиариқ, Фарғона ва Боғдод туманлари ҳудудида содир бўлган зилзила оқибатида аҳоли иморатлари ва ижтимоий объектларга зарар етган. Ушбу табиий офатларни тезкорлик билан бартараф этишда суғурта тўловлари ўзига хос муҳим роль ўйнади.
Суғурта турлари бўйича зарарлилик даражасини таҳлил қиладиган бўлсак, 2000 йилда жами тўланган суғурта товонлари тушган суғурта мукофотларига нисбатан 75,2 фоизни ташкил қилган бўлса, 2001 йилда 64,8 фоиз, 2002 йилда 39,7 фоиз, 2003 йилда 18,8 фоиз, 2014 йилда 16,8 фоиз ва 2015 йилда 22,6 фоизни ташкил этди.
Жамиятимиз ташкил этилган 1997 йилда суғурта тўловлари 196,1 млн сўмни ташкил этган бўлса, 2007 йилга келиб 2950,7 млн сўмни ташкил этди. 2007 йилда суғурта тўловлари 1997 йилга нисбатан 15 бараварга, яъни, 1504 фоизга ўсди. Шунингдек, бу кўрсаткич 2014 йилга келиб 1997 йилга нисбатан 77,7 бараварга, яъни, 7768 фоизга ва 2015 йилга келиб 1997 йилга нисбатан 126,4 бараварга, яъни, 12638 фоизга ўсди. Жамиятимиз ташкил этилганидан буён, яъни 20 йил давомида суғурта қилдирувчиларга 123 млрд сўмдан ортиқ суғурта тўловлари амалга оширилди.
Шунингдек, жамиятимиз томонидан йирик ҳажмдаги суғурта тўловлари ҳам амалга оширилди. Хусусан, «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш» суғурта тури бўйича «Жалақудуқ тиббиёт бирлашмаси» ишчиси М.Мамадалиеванинг ишлаб чиқаришда тан жароҳати олиши бўйича 499,8 млн сўм ва «Алоқаинвест» МЧЖ ишчиси М.Сайдуллаевнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этиши натижасида 375,5 млн сўм суғурта тўловлари, «Гаровга қўйилаётган автотранспорт воситаларини суғурта қилиш» суғурта тури бўйича «Elektroshitkomplekt» МЧЖга 112,1 млн сўм суғурта товони тўлаб берилди.
Жамият бошқарувининг суғурта хизматларини ривожлантириш департаменти ҳамда қишлоқ хўжалиги ва молиявий таваккалчиликларни суғурталаш департаменти томонидан ишлаб чиқиладиган қоидалар, намунавий шартномалар ва тартибларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар бериб борилади.
Чунки, амалдаги суғурта қоидаларида, айниқса қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини ихтиёрий суғурталаш қоидаларида жуда кўп мунозарали ҳолатлар мавжуд. Бу эса, суғурта даъволарини кўриб чиқишда қийинчиликлар туғилишига ҳамда мижозлар норозиликларига сабаб бўлиши табиий ҳол. Бунинг натижасида суд жараёнида жамият манфаатларини ҳимоя қилишда турли хил мунозарали вазиятлар вужудга келади.
Шу билан бирга, Суғурта даъволари департаменти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ва бошқа ташкилотлардан ҳодисаларнинг тасдиғини олиш учун улар билан ҳамкорликда иш олиб бориш зарурияти муҳим аҳамият касб этади. Жамиятимиз ўз мижозларига суғурта шартномасига мувофиқ аниқланган суғурта товонларини белгиланган тартибда тўлаб келмоқда. Бу, ўз навбатида, мижозларнинг жамиятга бўлган ишончи ортиб бораётганлигидан далолат беради.
Жамиятнинг стратегияси – белгиланган мақсад ва вазифалари
Бу жиҳат жамият бошқарувининг таркибий тузилмалари асосини ташкил қилади. Шу сабабли ҳам, иш фаолиятимизда йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш ва ҳозирги давр талаблари даражасида профессионал тажриба тўплаш учун бир қатор муаммоларни, олдимизга қўйилган вазифаларни ҳал этишимиз лозим бўлади.
Жумладан, суғурта даъволарини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш ва тезлаштириш, суғурта даъволари бўйича оммабоп, содда, барча ҳудудий бўлинмалар ходимлари учун тушунарли бўлган услубий қўлланмалар яратиш, департамент ходимлари малакасини узлуксиз ошириб бориш, суғурта зарарларини тартибга солиш бўйича хорижий мамлакатлар, шунингдек, Ўзбекистондаги бошқа суғурта жамиятлари тажрибаларини ўрганиш ва амалиётга жорий этиш каби вазифаларни амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз.
Суғурта даъволарини кўриб чиқиш бўйича ўқув-семинарлари ташкил этиш, суғурта ҳодисаси юзасидан мурожаат этган шахсларнинг мурожаатларини тўлиқ ўрганиб чиқиш ҳамда қисқа муддат ичида суғурта қилдирувчи, наф олувчи ва жабрланувчиларга суғурта товонларини аниқланиши ёки аниқланмаслиги бўйича тезкор хулосалар бериш йўллари татбиқ этилмоқда.
Суғурта даъволарини кўриб чиқиш бўйича электрон ҳисоботни ташкил этиш ва жойларда суғурта даъволари кўриб чиқилишини назорат қилиш ҳамда суғурта қилдирувчи (наф олувчи, жабрланувчи)ларга аниқланган суғурта товонларини ўз вақтида тўланиши бўйича назорат олиб бориш, ҳисоботларни электрон қабул қилишни йўлга қўйиш, яъни:
● даъво аризалари кўриб чиқилишини назоратга олиш;
● даъво аризалари бўйича аниқланган ёки рад этилган суғурта товонлари юзасидан белгиланган муддатларда жавоб берилишини назоратга олиш.
Шунингдек, департамент томонидан ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантиришда суғурта қилдирувчилар (жабрланувчилар)га ҳодиса содир бўлганда суғурталовчига тезкор мурожаат қилиш имкониятини янада кенгайтириш ва қулайликлар яратиш мақсадида даъво ҳужжатларини онлайн тарзда қабул қилиш бўйича электрон ҳужжатлар базаси яратилишини ташкил қилиш долзарб вазифаларимиздан биридир.
Хуллас, республикамиз суғурта бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган жамиятимизнинг иш фаолияти йилдан-йилга такомиллашиб, янада ривожланиб бораётгани манфаатлар уйғунлигига хизмат қилмоқда. Бу эса, асосий мақсад-муддаомиз – манфаатлар уйғунлигига эришиш эканлигини англатади ҳамда мамлакатимизда суғурта бозори жадал ривожланиши учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
«Ўзагросуғурта» матбуот хизмати