Муайян мамлакат иқтисодиётининг инвестиция муҳитига баҳо беришда инвестицияларнинг нафақат ҳажм ёки миқдор кўрсаткичларига, шу билан бирга, уларнинг сифат кўрсаткичларига (шакли, тури, ижтимоий-иқтисодий самараси ва б.) ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Агар иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичларида республикага жалб қилинган ва ўзлаштирилган инвестицияларнинг аксарияти бевосита давлат иштирокидаги инвестицияларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда билвосита, яъни тўғридан-тўғри инвестицияларнинг улуши тобора ортиб бормоқда. Биргина 2015 йил якунлари бўйича асосий капиталга киритилган жами инвестицияларнинг ўсиш тенденциясини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг ўтган 2014 йилга нисбатан ўсиш тенденцияси 9,6 фоизни, чет эл инвестициялари ва кредитлари ҳажмининг ўсиши 32,4 фоизни ташкил этган.
Бундай иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари сифатида мамлакатда яратилаётган инвестиция муҳитининг ўзига хос тавсифларини келтириб ўтиш мумкин. Уларга ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллардан иборат бўлган комплекс тавсифлар киради. Хусусан, ҳуқуқий тавсифдаги омилга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина жорий йил давомида ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар яна иккита муҳим ҳужжат билан такомиллаштирилди. Жумладан, 2016 йилнинг 5 ва 26 октябрь кунлари Президентимизнинг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари қабул қилинди.
Мазкур ҳуқуқий омиллар шубҳасиз инвестиция муҳитини янада қулай ва жозибадор қилишга ижобий таъсир кўрсатади. Мана шундай ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий тавсифдаги омилларни туман, шаҳар ва вилоятлар кесимида янада ривожлантириш ва такомиллаштириш имкониятлари ҳам жуда кенг. Улар ўз моҳият эътибори жиҳатидан кластер хусусиятига эга бўлган тасниф ва тавсифларни ўз ичига олади. Ушбу тасниф ва тавсифлар, ўз навбатида, иқтисодий фаолиятнинг якуний натижаларига, яъни тадбиркорлик субъектлари фаолиятида эришилаётган ва кутилаётган натижалар самарадорлигига боғлиқ.
Мана шу нуқтаи назардан қаралганда, амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва эришилаётган натижалар «мақбул инвестиция муҳити»нинг мезонларига сезиларли даражада таъсир қилмаяпти, бу эса, уларни янада фаоллаштириш салоҳияти ва имкониятлари ҳали мавжуд эканлигидан дарак беради. Бунинг учун, энг аввало, инвестиция жозибадорлигини таъминловчи мезонларга туман, шаҳар, вилоятлар кесимида янада аниқлик киритиш ҳамда шу асосда «мақбул инвестиция муҳити»ни шакллантиришнинг концептуал асосларини яратиш масаласини кўриб чиқиш лозим.
Мақбул инвестиция муҳитини шакллантириш давлат сиёсатининг муҳим шартларидан бири бўлиб, у республикадаги туман, шаҳар ва вилоятларнинг ҳар бирини ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта таъминлаш, улар ўртасида рақобат муҳитини фаоллаштириш, бозор инфратузилмасини такомиллаштириш каби устувор масалаларни ҳал этишга қаратилгандир.
Мазкур устувор масалаларнинг комбинацион ечими ва уларнинг самараси юқорида қайд қилинган ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар таснифи ва тавсифининг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ҳолда қабул қилинадиган чора-тадбирлар режасига боғлиқ. Демак, мақбул инвестиция муҳитининг ўзига хос жозибаси ва ҳаётийлиги юқоридаги омилларнинг таъсирида шаклланиб, ривожланар экан, уни илмий-амалий нуқтаи назардан ўрганиш, тадқиқ этиш ва мазмун-моҳиятини очиб бериш шу даврнинг муҳим вазифалари қаторига киради.
Бир қатор хорижий ва маҳаллий иқтисодчи олимлар ва мутахассислар хулосаларида муайян мамлакатда яратилган инвестиция муҳити инвесторлар учун фақат «фойда» келтириши лозимлиги таъкидланади. Бир тарафдан, ушбу мантиқ инвестиция муҳити учун тўғри туюлади, аммо бошқа тарафдан, яъни, инвестор фаолияти нуқтаи назаридан ушбу хулоса билан муроса қилиш қийин. Мақбул инвестиция муҳитини яратиб бериш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бунда иккинчи томоннинг, яъни инвестор фаолиятининг натижаси қандай бўлади? Агар инвестор ўз ишини профессионал даражада яхши ташкил этмаса, у халқаро бозорда рақобатбардош бўла олмайди. Фикримизча, мақбул инвестиция муҳити шароитида ўз фаолиятини барқарор даражада таъминлай олмаган ҳар қандай инвесторни бундай муҳитга қайта қўшилиши (аъзоси бўлиши)ни чекловчи «ишончсиз инвестор» ахборот базасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Шу ўринда, мақбул инвестиция муҳити тушунчасига тавсиф бериб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мақбул инвестиция муҳити – бу, инвестиция фаолиятини амалга оширишда давлат томонидан маҳаллий ва чет эллик инвесторлар учун яратилган ўзига хос бир хилдаги ташкилий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар тизимидир.
Мақбул инвестиция муҳитининг шаклланиши ва ривожланиши, улар ўртасида инвестицияларнинг самарали тақсимланиши ва фаолият самарадорлигининг ортиши инвесторлар сармояларининг реинвестиция қилинишига, даромадларининг ошишига, ишлаб чиқариш кучларининг рақобатбардош бўлишлигига ва барқарор реал иқтисодий ўсишни таъминлашга катта ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, иқтисодчи олимларнинг аксарияти иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида айнан инвестициялар ролини эътироф этишмоқда. Инвестицияларнинг иқтисодий ўсишга таъсири, муайян вақт оралиғида қайта капиталлашуви ва даромадларнинг олдинги ва кейинги қийматини сақлаб қолиш билан тавсифланишига қарамай, инвестициялашган маблағларнинг ҳар доим ҳам ўз қийматини айни пайтдаги қийматда сақлаб қолишнинг имкони йўқ. Кўпинча инвестициялаш жараёни бир пайтда рўй бермай, узоқ вақт давом этиши мумкин. Шунинг учун биринчи босқичдан ташқари, барча кейинги босқичларда шакллантирилган инвестициялашган капиталлар ва даромадлар (пул оқими)ни бугунги қийматга келтириш барча инвесторлар учун ўта долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Шуни айтиш лозимки, инвестиция фаолияти учун яратилаётган имтиёзлар тизимининг қисқа истиқбол учун вақтинчалик аҳамият касб этиши аксарият ҳолларда инвесторларга ўша давр учун вақтинчалик фаолият кўрсатиш хусусиятини ва аксинча, ушбу имтиёзлар тизимининг узоқ истиқбол учун барқарор аҳамият касб этиши, улар фаолиятининг узоқ йилларга амал қилишини таъминлашга хизмат қилиши лозим.
Мана шундай узоқ йилларга мўлжалланган инвесторларнинг фаолият йўналишларини таъминлашга хизмат қиладиган мақбул инвестиция муҳитини яратиш билан боғлиқ амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар тизими туман, шаҳар ва вилоятлар кесимида қабул қилинаётган мақсадли давлат дастурлари билан тавсифланади. Бу эса, иқтисодиётда ялпи инвестициявий фаолликни рағбатлантиришга қаратилган ўзига хос фаол инвестициявий механизмнинг амал қилаётганлигини ифодалайди. Мазкур механизм айни пайтда давлат томонидан рағбатлантирилиш тавсифига эга бўлиб, бевосита умуминвестиция муносабатларини тавсифлайди. Шу ўринда қайд этиш лозимки, қимматли қоғозлар (портфель) билан боғлиқ инвестиция фаолияти механизмини ҳам янада рағбатлантириш ва ривожлантиришни асло кечиктириш керак эмас.
Юқорида кўриб чиқилган барча ҳолатлар мақбул инвестиция муҳитини яратиш муносабатларида ўзига хос аҳамият касб этади. Яъни, иқтисодиётнинг ўзаро узвий ҳолда фаолият кўрсатиши, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инвестицияларнинг самарали тақсимланиши ва фаолият самарадорлигининг ортишида муҳим роль ўйнаши мумкин.
Бунёджон ОХУНОВ,
иқтисод фанлари номзоди