Turizm istiqbollari

Mintaqalarda turizm klasterini shakllantirish

6/2016

     Мамлакатимиз ҳудуд­ларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири – бу, уларнинг рақобатбардошлик омилларидан оқилона фойдаланишдан иборат. Ҳо­зирги вақтда дунё олимлари ва мутахассислари минтақалар рақобат­бардошлигини оширишнинг асосий механизми сифатида минтақавий кластерларни шакллантиришнинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқишга катта эътибор беришмоқда. Бироқ, бу борада ягона қараш ва фикр­лар мавжуд эмаслигини ҳам таъ­кидлаш лозим.
     «Кластер» тушунчасини биринчи бор фанга киритган ва унинг мамлакатлар ички бозорини ривожлантиришдаги ва иқтисодиётнинг рақобат­бардошлик даражасини оширишдаги аҳамиятини очиб берган олим Гар­вард бизнес мактаби профессори Майкл Портердир. «Кластер бу ҳуду­дий (географик) жиҳатдан бир-бирига қўшни, ўзаро боғланган, маълум соҳада фаолият кўрсатувчи, умумий мақсад йўлида бир-бирини тўлдирувчи компания ва улар билан боғлиқ ташкилотлар гуруҳидир».
     Бу борада турли фикр ва мулоҳа­заларни умумлаштирган ҳолда, биз минтақа­вий кластерга қуйидагича таъ­риф бердик. Минтақавий кластер – бу, аниқ бир ҳудудда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва хиз­матлар кўрсатувчи ўзаро алоқа­дор ва бир бирига географик жиҳат­дан яқин жойлашган корхоналар (ташкилотлар) мажмуасидир.
     Жаҳон тажрибасига кўра, минта­қа­вий кластерлар ўзаро алоқадор корхоналар ва ташкилотлар фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини юқори даражага кўтариш, минта­қавий рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ўз брендини шакллантириш, ҳудудларда инновацион фаолликни ривожлантириш, янги иш жой­ларини ташкил этишга бевосита таъ­сир кўрсатади.
     Минтақавий кластер концепция­сини турли соҳаларда, шу жумладан, туризм бозорида ҳам қўллаш инновацион йўналиш сифатида самарали эканлиги, хорижий ва мамлакатимиз иқтисодчи олимлари томонидан эъти­роф этилмоқда. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси хал­қаро ту­ристик бозорда ўз нуфузига, имкониятлари ва тажрибасига эга бўл­ган мамлакатлардан биридир.
     Рес­публикамизда туризм индус­трияси тез суръатларда ривожланиш босқичига кирди.
     Шунга қарамасдан, минтақавий туризм бозори рақобатбардошлиги­ни ошириш, янги имкониятларни яратиш бўйича бир қатор муаммолар мавжуд. Айниқса, минтақаларда туризм бозори кластери шаклланишини асослаш, унинг истиқболли стратегик йўналишларини аниқлаш ва амалиётда қўллаш жуда долзарб ма­салалардан бири ҳисобланади. Ушбу инновацион ғояни амалиётга татбиқ этиш минтақаларни барқарор, юқори суръатларда ўсиши учун катта туртки бўлади.
     Бухоро вилоятида инновацион моҳиятга эга бўлган минтақавий туризм кластерини шакллантириш қу­йидаги тўртта умумий тамойиллар асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ:
     1. Минтақанинг географик ўрни ва табиий шароитлари афзалликларини инобатга олиш. Бухоро вилояти ер майдони республикамиз ҳуду­дининг тўқ­қиз фоизга яқинини эгаллайди. Бу ҳудуд иқ­лим шароитларига кўра, Ўрта Осиёнинг жанубий чўлла­рига хос бўлган, кескин континентал хусусиятларга эга. Ушбу ҳолат, ўз нав­батида, бухороликларнинг урф-одатлари ва маънавий қадрият­ларида ўз ифодасини топган. Бу жи­ҳатга эса ту­ризм кластерини шакллан­тириш омили сифатида қараш мумкин.
     2. Бухоро ҳудудида яратилган моддий-номоддий бойликларни ино­батга олиш тамойили. Мазкур бойликларнинг 90 фоиздан ортиғи унинг 11,6 фоиз майдонини ташкил этадиган чўл-воҳа зонасида жойлашган. Бош­қача қилиб айтганда, бухоролик­ларнинг ақл-заковати билан Бухо­ро-Қоракўл воҳалари, тарихий-меъмо­рий обидалар, суғориладиган ер май­донлари, пахтачилик, дончилик, боғ­дорчилик, полизчилик, узумчилик ва чорвачилик тармоқлари тизимлари яратилган. Ўзига хос бўл­ган Бухоро, Когон, Ғиждувон шаҳар­лари ҳамда замонавий шаҳарчалар ва қиш­лоқлар бунёд этилган. Айни пайтда маз­кур ҳудудда истиқомат қилаётган 1,7 млн нафардан зиёд аҳо­лининг моддий ва маънавий дунёси ушбу минтақанинг табиий, ижтимоий-иқ­тисодий шарт-шароитлари билан ўзи­га хос уйғунлик касб этган. «Шарқ дурдонаси», «Шарқ маккаси», «Ислом динининг гумбази», «Бухоройи Шариф», «Туркистон бешиги» каби фахрли номларга эга бўлган, «Буюк Ипак йўли»да жойлашган, бугунги кунда ма­ҳаллий ва халқаро туризм масканларидан бири сифатида машҳур бўл­ган Бухоро шаҳрининг моддий-маънавий, интеллектуал бойликларини қайд этиб ўтиш лозим.
     3. Миллийлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари минтақавий туризм клас­терини шакллантириш ва жорий этишда асосий шартлардан бири бўлиб хизмат қилиши лозим. Миллийлик, бу – миллий бирлик, бағри кенглигимиз ифодасидир. Ўзбекистон ҳудудида яшаётган миллат ва элатларнинг ўзига хос урф-одати, маросим ҳамда маънавий қадриятлари она табиат билан бевосита боғлиқ ҳолда ривожланиб, халқимиз менталитетида ўз ифодасини топган. Гло­баллашув даврида миллий қадрият­ларни қадрлаш ва асраш умуминсоний аҳамиятга эга. Миллий қадрият­ларимиз минтақавий шаклларга эга. Андижон, Бухоро, Хоразм рақслари, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд бахшичилиги, Фарғона, Наманган, Ан­дижон аския ҳамда қизиқчилик мак­таблари, Бухоро, Хоразм, Тошкент шашмақом марказлари инкор қилиб бўлмайдиган маънавий қадриятлари­миздир. Шу боисдан, минтақавий ту­ризм кластери ҳудудларда шаклан минтақавий, мазмунан миллий мо­ҳиятга эга бўлиши лозим.
     4. Минтақавий туризм кластерини шакллантириш ва ривожлантиришда хусусий мулкчиликни ҳар тарафлама қўллаб-қувватланган ҳол­да, давлат бош ислоҳотчи бўлишига эъти­бор қаратиш лозим. Ўзбекистон Рес­публикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов 2014 йилнинг ок­тябрь ойида Самарқанд шаҳрида Жа­ҳон туристик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясида сўзлаган маъ­рузасида халқаро туризм самара­ли ривожланишининг саккизта омили – муаммоси мавжудлигини қайд қил­ган эдилар, булар: дунёда тинчлик ва хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий бар­қарорликни таъминлаш; аҳоли­нинг турмуш даражаси ва даромади ўсиб бориши; ўрта мулк­дор синф вакилларида дам олиш имкониятлари мавжудлиги; туристик хизмат кўрсатиш ти­зимлари (транс­порт, меҳмон­хона, овқатланиш, электрон хизмати)ни ри­вожланганлиги ва қулайлиги; инвестицияларни туризм бозорини ривожлантириш учун жалб қилиш; юқо­ри малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ни­ҳоят туризм учун виза олиш ва турли кўринишдаги рас­миятчиликларни соддалаштириш ка­билар.
     Албатта, қайд қилинган муаммоларни ҳал этишда давлатнинг етакчилик роли муҳим аҳамиятга эга. Нав­батдаги вазифа юқорида таъкидланганидек, умумий тамойиллар асосида алоҳида минтақаларда туризм кластери йўналишларини шакллантириш лозим бўлади.
     Бухоро вилоятида туризм кластерини шакллантириш ва уни такомиллаштириш учун қуйидаги йўналишларни истиқболли, деб ҳисоблаймиз:
     Биринчидан, маҳаллий ҳокимият мутасаддиларининг туризм бозорини ривожлантиришдаги фидойилиги, ташкилотчилиги, ташаббускорлигини ва жавобгарлигини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш;
     Иккинчидан, молиявий-ҳуқуқий йўналишдаги банк, молия тизимининг ҳуқуқий асосини туризмни ривожлантириш имкониятлари ва ҳам­корликни таъминлаш даражасига ет­казиш;
     Учинчидан, транспорт ҳамда инф­ратузилманинг қулайлиги, тезкорлиги ва сифатини жаҳон андозалари даражасига чиқариш;
     Тўртинчидан, меҳмонхона ва рес­торан хизматининг турлари, сифатини ошириш, миллийлигини, қулайли­гини, меҳ­мон­навозликни таъминлаш;
     Бешинчидан, туристик маданиятни юқори даражага кўтариш, на­фақат туристик хизмат кўрсатаётган ходимлар, балки маҳаллий аҳолининг муомала ва кийиниш маданияти, ватанпарварлиги, бағрикенглиги, меҳ­мон­дўстлигини тўлиқ намоён этиш;
     Олтинчидан, илм-фан, таълим со­ҳасида ҳар бир минтақа хусусиятига хос бўлган туризмни ривожлантиришнинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш, яъни, малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ин­новация ҳамда информацион технологиялардан кенг фойдаланиш;
     Еттинчидан, минтақаларга маҳал­лий ва хорижий туристларни жалб қилиш бўйича стратегик мақсадларни, иқтисодий, маъмурий-ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш мақ­садга мувофиқ.
     Минтақавий туризм кластерини Бухоро вилоятида шакллантириш ва ривожлантиришнинг асосий тамо­йили ва устувор йўналишларини ама­лиётга татбиқ этиш учун бир қатор чо­ра-тадбирлар тизимини ишлаб чи­қиш лозим. Улар қаторига қуйида­гиларни киритиш мумкин:
     ● туризм соҳасини ривожлантиришнинг стратегиясини, ўрта муддатга мўлжалланган мақсадли давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
     ● мамлакат доирасидаги умумий стратегияга асосланган ҳолда, ҳар бир минтақанинг ўз хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шу жумладан, Бухоро вилоятида туризм бозорини ривожлантириш бўйича ўрта муддатли дастурни ишлаб чиқиш;
     ● вилоятда туризм истиқболла­рини, туризм кластерини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий чора-тадбирлар тизимини иш­лаб чиқиш ва ҳукумат қарорини қа­бул қилиш;
     ● туристик кластерни шакллантириш бўйича хорижий давлатларнинг тажрибаларидан кенг кўламда фойдаланиш, шу жумладан, кластер ядросини – йирик компания ташкил этиб, унинг фаолияти ҳудуднинг асосий туристик салоҳияти билан боғлиқ бўлишига эришиш, янги турдаги туристик хизматларни ривожлантириш, ички ва ташқи туризмни шаклланти­риш ҳамда жаҳон андозаларига мос­лаштиришга эътибор қаратиш лозим.
     Умуман айтганда, юқорида баён қилинган таклифлар минтақавий туризм кластерини амалда жорий этиш­га ҳамда мамлакатимиз, шу жумладан, Бухоро минтақаси иқтисодиёти барқарор ривожланишига, унинг ин­новацион етакчи соҳалардан бирига айланишига хизмат қилади.
 
Гавҳар ХИДИРОВА,
мустақил изланувчи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.