Ўзбекистонда туризм ривожланиши билан биргаликда бир қанча янги услубдаги меҳмонхоналар муассасаларини бунёд этиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Жумладан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2016 йил 2 декабрдаги фармони мазкур соҳада дастурий лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда.
Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 6 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Туризм фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги Низоми қабул қилинди. Ушбу низомга мувофиқ, меҳмонхона хизматлари энди лицензияланмайди, балки мажбурий сертификатланади. Бу, ўз навбатида, меҳмонхона фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорга ортиқча оворагарчилик ҳамда расмиятчиликдан воз кечиш имконини яратди. Сабаби, аввалги низомга мувофиқ меҳмонхона фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган субъект ҳам лицензия, ҳам сертификат олишга мажбур эди.
Мотель автомобиль ва юк машиналари эгалари учун мўлжалланган (парковка) ўз майдончасига эга бўлган меҳмонхонанинг бир туридир. Одатда, бундай турдаги меҳмонхоналар номерлари умумий битта бинода жойлашган бўлиб, ҳар бир номернинг эшиги (автомашиналар тураржойи)га қаратилган бўлади. Улар аксарият ҳолларда якка фирма шаклида бошқарилади.
1920 йилларда АҚШда кенг ва равон йўлларнинг қурилиши билан узоқ муддатли транспорт қатновлари ҳам авж ола бошлади. Бу эса, йўл бўйидаги арзон, бир кечага мўлжалланган меҳмонхоналарга эҳтиёжлар ортиши билан мотеллар ташкил топишига ва 1960 йиллардан бошлаб оммалашишига олиб келди.
Мотеллар ривожлантирилиши натижасида уларнинг атрофида турли хил даражадаги инфратузилма объектлари бунёд этилишини юзага келтирди. Масалан, ёқилғи шохобчаси, истироҳат боғи, дўкон, ресторан ёки ошхона кабилардан иборат бўлган мотеллар «I», «L», «U» шаклида қурила бошлади. Унинг таркибига номерлар, ходимлар хонаси, қабулхона ва ошхона, имкони бўлган жойларда эса бассейн ҳам қурилди. Мотелларда асосан икки кишилик хоналар мавжуд бўлиб, бир қаватдан иборат мотеллар қурилишида маданий ёдгорликлар намуналари, ковбойлар сурати, ҳиндуларнинг ўзига хос бўлган миллий безакларидан бино пештоқларида реклама сифатида фойдаланилди.
Турли оилалар томонидан бошқариладиган мустақил мотеллар ҳозирги кунда ҳам мавжуд. Айниқса, бундай мотелларни эски трассаларда учратиш мумкин. Уларнинг хизмат кўрсатиш фаолияти чекланган бўлиб, ресторан ёки бари бўлмайди. Хоналари асосан икки кишилик ва 15 тагача номердан иборат бўлади.
«Journey’s End» корпорациясининг икки қаватли меҳмонхоналаридаги нарх ва шарт-шароит худди мотеллардаги каби эди. Хоналар фонди ва дизайн стандарти меҳмонхоналарга хос бўлса-да, аммо бассейн, ресторан, бар ва конференц зал мавжуд эмас эди. Бундай меҳмонхонани қуришдан мақсад – мотелларда ташкил қилинган услубдагидек, стандарт меҳмонхоналарда ҳам арзон ва индивидуал сайёҳлар учун қулайликлар яратиш кўзда тутилди.
Халқаро корпорациялар ҳам тезда ушбу услубни ўз меҳмонхоналарида қўллай бошлади. «Choice Hotels» занжири 1982 йилдан бошлаб «Comfort-Inn» номи билан чекланган эконом классдаги брендларини таклиф қила бошлади. Шундай қилиб, аэропорт ва вокзаллар, шаҳарларга яқин ҳудудларда эконом классдаги бренд меҳмонхоналарини қуриш урфга киритилди. Ушбу ҳолат меҳмонхоналарнинг халқаро бозорида корпорациялар брендлари учун катта фойда олиш имконини берди ва улар ўртасидаги рақобатни кучайтирди.
1990 йилгача «Motel 6» ва «Super 8» стандарт меҳмонхоналаридагидек ички коридорларга эга мотеллар қурила бошланди. «Ramada» ва «Holiday Inn» ўз меҳмонхоналарида мотель услубини қўллаётган бир пайтда, йирик мотель занжирлари ҳам стандарт меҳмонхоналар услубини, яъни мотелларга хос бўлмаган қўшимча қулайликларни соҳага жорий қилди. Ички коридорлар мотеллар ривожланишида янги қадам бўлди ва мижозларни жалб қилишнинг муҳим омилига айланди.
ХХ асрда инновацион технологияларнинг ривожланиши мотелларга ҳам таъсир кўрсатди. Мотеллар ўз мижозларини кўпайтириш мақсадида турли технологиялардан фойдалана бошлади. Масалан, ҳозирги кундаги аксарият мотеллар LCD телевизори, Wi-Fi интернет зоналари, микротўлқинли печлар каби турли хил ускуналар билан жиҳозланган. Мотелни банд қилиш учун эса, онлайн тўлов тизимига мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. Мотеллар занжирли брендлар билан рақобатда замонавий технология имкониятларидан қўшимча қулайлик сифатида фойдаланмоқда. Бундай қулайликларнинг яратилганлиги мотеллар ва люкс меҳмонхоналари ўртасидаги фарқни деярли йўққа чиқарди.
Юқорида келтирилган мотелларнинг барчасида никоҳ кечалари каби турли хил тадбирларни ҳам ўтказиш мумкин. Ушбу тажрибаларда ўзига хос тарзда мамлакатимизда қўллаш мумкин бўлган жиҳатлар мавжуд бўлиб, улар туризм ривожига ҳисса қўшади. Хусусан, «Motel 6»да оддийликдан қочган ҳолда юқори даражадаги люкс меҳмонхоналари қулайликларини яратишга ҳаракат қилинган. Яъни, ушбу мотель мутасаддилари шунчаки бир кеча дам олиш учун мўлжалланган йўлбўйи меҳмонхонасини эмас, балки айнан ушбу мотелда дам олиш кунларини ўтказмоқчи бўлганлар сонини кўпайтиришни мақсад қилишган. Чунки, «Motel 6»даги қулайликлар бир неча кун ҳордиқ чиқармоқчи бўлган йўловчиларни тўлиқ қониқтиради.
«Wigwam» бренди остидаги мотеллар Америка тарихига назар ташлаш имконини беради. Яъни, ўтмишда ҳиндулар истиқомат қилган тураржойлар ҳам деярли шу шаклда бўлган. Демак, бундай архитектура услублари орқали мотель раҳбарлари кўплаб сайёҳларни жалб қилишга муваффақ бўлишмоқда. Ўзбекистонда ҳам бундай услубни қўллаш имкониятлари мавжуд.
«El bonita», «Chateau Bleu» вa «Loveless Café&Motel» брендлари эса таклиф қилаётган хизматлари, шинам хоналари, ноодатий дизайни, барлари ва таомлари билан кескин фарқ қилади. Шунинг учун ҳам, ушбу мотелларда мижозлар доимо гавжум бўлади. Улардаги романтик, табиий ландшафтнинг нафасини ҳис қилиш имконини берувчи ва бошқа дизайнерлик услублари ҳар қандай мижозларни ҳам оҳанрабодек ўзига жалб қилади. Республикамизда мотелларни ташкил қилишда бу каби омилларни эътиборга олиш зарур.
Бу борада мамлакатимизда, хусусан, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг йирик магистралларига яқин қисмида мотель типидаги меҳмонхоналар бунёд этилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги «Дарбент Мотель»ни мисол келтириш мумкин. Ушбу мотель ҳақиқатан ҳам кенг ва узоқ масофали трасса ёнида қад ростлаган икки қаватли бинодан иборат бўлиб, нархи ҳам арзон, машиналарни қўйиш майдонига эга. Ҳозирги кунда ушбу мотель кўрсатаётган хизмат турларидан мижозлар мамнун бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда яратилаётган юқори даражадаги имконият ва шарт-шароитлар мотеллар бунёд этишда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Абдулазиз СУЯРОВ,
мустақил тадқиқотчи